Дуои фотиҳадан сўнг ўтирган жойимда масжиднинг ичини бир чеккадан кўздан кечира бошладим. Кўҳна бинонинг қурилиш услуби негадир кўпроқ овропача иморатларни эслатарди: деворлари ўта қалин бўлиб, хонақо ичига бир неча юз киши сиғса-да, бирорта устун ўрнатилмаган ва улкан қадимий қандил илиб қўйилган эди.
Намозхонлар тарқалгандан сўнг ташқарига чиқиб, масжиднинг ташқи қисмига разм солдим. Бинонинг олдида баланд айвон, тўртта қарамон дарахтидан қилинган жимжимадор ўймакор нақшлар билан безатилган устун ўрнатилган. Масжиднинг биқинида шаҳарнинг кўркига кўрк қўшиб сервиқор минора бўй чўзиб турибди. Масжид пештоқидаги ёзувни ўқийман: “Саид Ниёз шоликор” жоме масжиди, 1835 йили қурилган…” Менинг ҳар бир нарсани диққат билан кузатаётганимни сезган масжид имом-хатиби Раҳматулла маъноли боқиб, бирор саволингиз борми, дегандек бўлди.
– “Саид Ниёз шоликор” масжиди деб аталишининг боиси нимада?
– Саид Ниёз деган бир улуғ зотнинг, Оллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин, маблағига қурилган экан.
– Исмидаги шоликор қўшимчаси-чи?
– Нақл қилишларича, у киши деҳқонлардан шоли олиб, гуруч қилиб сотаркан. Савдогарчилик қиларкан. Тахминан 1830 йилларда бўлса керак, Оренбургдан бошқа моллар билан бирга қора сақич ҳам олиб келган. Ўшанда Хивадан Оренбургга туя карвонлари қирқ икки кун деганда етиб бораркан. Сақич яхлит қопда бўлиб, майдалаб сотиларкан. Бир қопдаги сақичнинг ичидан олтин чиқибди. Дарров олтинларни беркитиб, Оренбургга нома йўллабди: “Эй, биродари азиз, менга сақич, деб берганингиз олтин экан, буни қайтариб олишингизни илтимос қиламан”. У ердан эса: “Мен Сиз муҳтарамга, Оллоҳнинг шоҳидлиги ва ҳамроҳларингиз гувоҳлигида сақич сотганман, ҳеч қанақа олтиндан хабарим йўқ, шунинг учун мени маъзур тутасиз…”, деган жавоб келибди. Шундан сўнг Саид Ниёз Оллоқулихонга(1825-1842 йиллар хон бўлган) учрабди.
– Охиратим куйиб кетмаса, деб қўрқаман. Менга сақич деб сотганлари олтин бўлиб чиқди, шуни хонлик хазинасига қабул қилишга ижозат бериб, мени ниҳоятда оғир ташвишдан халос этсангиз, – деб арз айтибди.
Хон шу ерда ҳозир бўлган Муҳаммад Юсуф меҳтарга (1803-1839 йиллар меҳтар, яъни бош вазир бўлиб, Авазбий, Элтузар, Муҳаммад Раҳим I ва Оллоқулихонлар даврида хонликнинг иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлган) савол назари билан қарабди. Меҳтар, хазиначига жавоб бер, дегандай бўлибди. Хазиначи, бир қопдаги олтинга, бир Саид Ниёзга қараб олиб:
– Мени кечирасиз-ку, хон олий жаноблари, бу олтин қандай йўл билан топилгани бизга қоронғу бўлса, келинг, бир халта олтин деб хонлик хазинасини булғамайлик, – деб жавоб берибди.
Шундан сўнг Саид Ниёз кўзда ёши билан қопни кўтариб чиқиб кетибди. Уч кундан сўнг хон уни чақиртириб: “Менинг уйқумда шу нарса аён бўлдики, бу олтинлар сен учун ҳалол экан, агар хоҳласанг масжид қуришинг мумкин, яна ўзинг биласан”, – дебди. Шундай қилиб ана шу масжид барпо этилган экан…
Омонуллоҳ МУТАЛ, таржимон
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
“ШАРҚ РЕНЕССАНСИ ФЕНОМЕНИ: САЛТАНАТЛАР, ДИНЛАР, ШАХСЛАР ВА ТАМАДДУНЛАР”
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда