Исроф (Бўлган воқеа)

Талабалик йилларим эди янгилишмасам. Ўзбекистон эндигина мустақилликка эришиб, тетапоя бўла бошлаган даврлар. Самарқанднинг нуфузли илм даргоҳларидан бири бўлмиш қадрдон университетда сиртдан таҳсил оляпман.
Қишки сместр бошланиб яна Самарқандга келдим. Ҳамқишлоқларимни ахтариб топдим. Улар шаҳарнинг бир чеккасида ижарада туришар экан. Мени ҳам ёнларга қабул қилишди. Хонадон эгаси шу ерлик бир киши бўлиб,  мен билан ижара пулини келишиб, жой қилиб берди.

Қишлоқдошларим-талабалар билан анча пайтгача гаплашиб, гурунглашиб ўтирдик. Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Йўл юриб, роса чарчаган эмасманми ўринга чўзилганим ҳамано ухлаб қолибман.
Эрталаб каллаи саҳарлаб хонадон соҳиби ҳаммани бирваракайига уйғота бошлади.

—Турларинг. Кечикамиз. Тез-тез.
Талабалар ҳам уйқсураб ўрнидан аранг қўзғалишарди. Мен бўлсам гап нимадалигидан беҳабар, кўзимни очиб, атрофга аланглайман.

—Хов, сен, янги келган, тез бўл, кийин тезроқ, кеч қоламиз, — деди уй эгаси.

Мен ҳам ҳамма қатори апил-тапил кийиниб, талабалар сафига терилдим. Ижарада мен билан ўн чоғли талаба бор эди. Эшикдан чиқарканмиз ҳалиги одам қўлимга бир халта ва пул берди. Қарасам, у ҳаммага шундай тақсимлаяпти.

—Қани олға , — деди уй эгаси.

Мен ҳам қишлоқдошларим изидан йўлга тушдим. Улар тўғри шаҳарча марказдаги нон дўкони олдига боришди. Нон дўкони ҳали ёпиқ бўлиб, олдида туманот одам навбат кутиб турарди. Одамларни кўриб капалагим учиб кетди. Биз ҳам навбатга терилдик.

Бир пайт нон дўкони эгаси келиб, эшикни очди. Унинг кетидан нон машинаси ҳам келди. Оқ, қора бўлка нонларни хизматчилар кўтариб, ичкарига таший бошлашди.

Бир пайт одамлар ичкарига ёпирилишди. Қай кўз билан кўрайки, бўлка нонлар пештахтага ҳам терилмай шундоққина полнинг устига уюб ташланган эди.

Одамлар қўлига илинган нонларни олар ва ким сумкасига, ким қопига соларди. Ур-сур тўполон бошланиб кетди. Кимга битта, кимга иккита, кимгадир эса умуман етмай ҳам қолди. Мен ҳам толатўпда аранг иккита бўлка нон олгандим.

Навбатимиз келгач, ноннинг пулни бериб дўкондан чиқдик. Мен билан борган талабаларнинг ҳаммаси ҳам нондан олишган экан. Биргалашиб уйга қайтиб келдик. Жами олганимиз 25 та бўлка нон.

—Шунча нонни нима қилади бу киши, — сўрадим талабалардан.

—Нима қиларди, молига беради, ана қаранг, оғилхонада тўртта хўкиз боқиб қуйибди ака, — деб қолди шу ерда кўпдан ижарада яшаб келаётган Омонбой. — Шу ерда тургандан кейин шунга мажбурмизда.

Бошимдан қайноқ сув қуйилгандай бўлиб кетди.
Водариғ, одамлар нон тополмай, ҳатто макка ун еб кун кечираётган кунларда оппоққина бўрсилдоқ нонларни молга бериш…

Жуда ғалати бўлиб кетдим. Боя магазинда нон етмай қолиб, ҳар кимга бир зорланиб турган момо кўз олдимга келиб кетди. Аттанг, олдинроқ билганимда олган нонларимни момога берган бўлардим.

Хуллас, талабаларнинг айтишича бу ерда ҳар кун шундай аҳвол экан.

Ҳаммамиз нонушта қилиб, ўқишга жўнадик. Мен бу ерда ортиқ қололмасдим. Тушдан сўнг дарслар тугагач курсдош дўстларимдан ёрдам сўрадим. Улар ёнларидан жой беришди. Кейин кўч- кўронимни олиб, бир кунлик ижара пулини тўлаб, уларнинг ёнига кўчиб ўтдим.

Универистетни томомлаб, ишга тушиб кетдим. Ҳамқишлоғим Омонбой ҳам мендан уч йил кейин ўқишни тугатиб, қишлоққа келди.

Бир ўтиришда ўша талабалик йилларини эсладик. Мен гап орасида ўша “хозяин”ни суриштирдим. Омонбой бўлса унинг фожиали ўлими ҳақида гапириб берди.

—Бир куни ўқишдан келсам, уни хўкиз бўшалиб, ўласи қилиб сузиб ташлаган экан. Бечора бақирган-бақирган уйда ҳеч ким йўқлиги боис, қутурган хўкиз ўз ишини қилган.

Мен келсам, унинг ҳамма жойи қон. Хўкиз ҳамон ҳовлида шаталоқ отиб юрарди.

Мен бир амаллаб хўкизни тутиб боғладим. Ва “хозяин”га ёрдамга ошиқдим. У ерда бехуш ётарди. Тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Касалхонада жон берди бечора. Сўнг мен у ердан бошқа жойга кўчиб ўтдим.

Демак унинг тириклигида қилган ўша нобоп ишлари яратганга ҳам хуш ёқмабдида.

Болтабой МУҲАММАД ҚУРБОН

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: