Мустақиллик йилларида ички ишлар органлари халқимизнинг ҳимоячиси ва кўмакчисига, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг ишончли гаровига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ушбу тизимни тубдан такомиллаштириш, ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни ўз хизмат бурчи деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга имкон бермоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда, айниқса, пойтахтда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ижтимоий-сиёсий, криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга жонкуярлик билан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев пойтахт туманларига бевосита ташрифларида ҳам бу масалани шахсан ўрганиб, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича муҳим вазифаларни, йўналишларни ҳамда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни белгилаб бермоқдалар.
Шундай бўлсада, юртимизда, айниқса Тошкент шаҳрида айрим жиноятчилик ҳолатлари учраб турибди. Ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслиги ўз вақтида зарур чора-тадбирлар қўлланиши керак. Табиийки, шу ўринда савол туғилади.
Жиноят ўзи нима?
Жиноят — жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш. Муайян қилмишни жиноят деб ҳисоблаш масаласи ҳар бир давлатда ўзининг ижтимоий тузуми, аҳолининг турмуш тарзи, миллий хусусиятлари, урф-одатлари, анъаналарига мувофиқ халқаро ҳуқуқ меъёрлари эътиборга олинган ҳолда ҳал этилади.
Қилмиш жиноят эканлигини аниқлаш учун қуйидаги умумий белгилар назарга олинади:
қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги;
айбнинг мавжудлиги;
жазога сазоворлиги.
Ҳар қандай жиноий қилмишда мазкур белгиларнинг барчаси бирданига мавжуд бўлиши шарт, улардан бири мавжуд бўлмаса, қилмишни жиноят эмас, деб ҳисоблашга асос топилади.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда 156 та, 2021 йилда 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган бўлса, 2020 йилда 154 та, 2021 йилда 208 та жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жинояти содир этилган. Бу каби жиноятлар эса қонунни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади.
Қонунчиликда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Мазкур қонун зўравонлик ҳолатларига тўсиқ қўйишга, уларни олдини олишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, юртимизда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича Япония тажрибасини ўрганиш борасида халқаро ҳамкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан томонлар сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали жиноий одил судловнинг келажаги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида жиноятчиликнинг олдини олишнинг техник методологияси, жиноятчиликнинг олдини олиш тизими, расмий статистик ва ҳақиқий маълумотлар асосида жиноятчилик ҳолатини баҳолаш масалалари ва бошқа мавзуларда тажриба алмашдилар. Амалга оширилаётган лойиҳалар, ишлаб чиқарилаётган қонун- қоидалар барчаси халқ манфаатлари учун хизмат қилади. Бундан ташқари ҳукуматимизда қашшоқлик, ишсизлик ва ижтимоий тенгсизлик каби жиноятларнинг асосий сабабларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашнинг асосий жиҳати сифатида доимий равишда профилактика ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида жиноий хатти-ҳаракатлар эҳтимолини камайтириш ва барча учун хавфсиз муҳит яратиш стратегияларини амалга оширишни ўз ичига олади. Бу борадаги саъй ҳаракатлар, давлатимиз органлари ходимларининг жонкуярлиги, жиноятчиликка қарши курашишга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи ходимлар хизмати алоҳида эътибор ва эътирофга сазовор десак муболаға бўлмайди.
Диёрбек ҚОДИРОВ, Ички ишлар академияси талабаси