Ижтимоий тармоқларда Самарқанд туманларидан бирида ўқитувчи 17 ёшли ўқувчи қизга тегажоғлик қилгани ҳақида хабар тарқалди. Айтилишича, 36 ёшли ўқитувчи баъзан қўшимча дарслардан сўнг ўқувчисини уйига машинасида келтириб қўйган. Шу яқин атрофда яшагани боис отаси қизини олиб келиб қўйишига унга рухсат берган.
Қизнинг сўзларига кўра, устози бир марта дарс пайтида унинг қўлига тегиб кетган, лекин бошқа ўқувчилардан уялиб, қиз индамаган ва шунчаки қўлини тортиб олган. 2023 йил 5 май куни ўқитувчи қизга маҳалласидан ўтаётгани ва мактабга олиб бориши мумкинлигини ёзган. Қиз машинага чиқади, устози уйда унутиб қолдирган ҳужжатларини олиб, тўғри мактабга боришларини айтиб, йўналишни ўзгартиради.
Уйнинг ҳовлисига киришлари билан ўқитувчи дарвозани ёпиб, қизга машинадан тушишни буюради. Қизнинг қаршилигига қарамай уни мажбуран уйга олиб киради… Ўзининг жинсий эҳтиёжини қондирганидан сўнг, қизга уйланишни ваъда қилади. У қизни видео ва расмга олиб, уларни тарқатиш билан таҳдид қилган.
Ўша куни қиз ота-онасига бўлган воқеани айтишдан қўрқади аммо вақт ўтиши билан онаси ундаги ўзгаришни пайқаб, қизини қистовга олади. Шунда қиз бўлган воқеани айтиб беради. 18 август куни улар прокуратурага ариза беришади. 29 август куни экспертизага йўлланма олишади.
Қизнинг отаси ишлаш учун чет элга кетган бўлиб, воқеадан хабар топгач, дарҳол қайтиб келган. Аммо Ўзбекистонга қайтмасиданоқ зўравон унга хабар ёзиб, қизи ва ўзини шарманда қилмасликни, келишувга эришишни сўраган. Кейин ўз жонига қасд қилиш билан таҳдид қила бошлаган. Зўравон ўқитувчи қизга уйланишини айтиб, овозли хабарлар юборган. Аммо қизнинг отаси бунга қарши эди, чунки эркак илгари икки марта уйланган ва иккала турмушидан ҳам ажрашган.
Жамиятнинг исталган қатламида учраётган, кишини даҳшатга солаётган педофиллар ва уларнинг қилмишлари ҳақидаги хабарлар қиз фарзанд у ёқда турсин, ўғил болани кўчага ёлғиз чиқаришга чўчитади. Ота-она икки марта уйланиб ажрашган одамни қандай қилиб устозликка танладию, унинг машинасида қизини ташлаб кетишига нега индамади? Репититорнинг ўқувчиларини “кузатиб” қўйиши оддий ҳолми?
Юзига қараб одамнинг ичидагини билиб бўлмайди. Ўқитувчилик касбини эгаллаган ҳар бир инсон олийжаноб сифатларга эга бўлавермайди, афсуски. Шу сабаб ҳар ким ўз этиётини қилиши лозим. Ўн етти ёш ҳам ёш бола эмас аслида. Дарс вақти ўқитувчиси қўлидан ушлаганида нималарнидир ҳис қилмадимикан? Юрагига шубҳа ораламадими? Нега репититорини алиштира қолмади?
Машҳурабегим Исакова ўзининг фасебоок саҳифасида шундай ёзади: “…Асосий айб ота-онасида, деб ўйлайман. Нимага икки марта уйланиб ажрашган, хотини йўқ одамни репититор қилишади, бошқа муаллим топилмаганми? Энди ўқувчи қизга келсак, уйига юр деса кетаверадими? Нимага ёрдамга чақирмайди? Оғзини, оёқ-қўлини бойлаб зўрлаганми шунда ўша “устоз”? Ҳурматли ота-оналар, ўғилми-қизми суриштириб беринглар репититорга. Бунақа устозлар аввал ҳам бўлган. Айрим шундай расволарни деб яхши устозларнинг боши эгилмасин”.
Инсонийликка, ўз касбига номуносиб бўлган шундай қўштирноқ ичидаги ўқитувчилар ҳақида эшитиб қоламизу, аммо унинг шахси ҳақидаги маълумотлар сирлигича қолаверади. На мактабда, на ОАВда очиқланади. Дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, ривожланган мамлакатлардан бўлган Японияда педофил ўқитувчиларга нисбатан жуда қаттиқ талаблар мавжуд.
Ўқувчига нисбатан аҳлоқсиз муносабатда бўлган муаллим шахсининг сир сақланиши аввало ўша мактаб маъмуриятининг жазоланишига сабаб бўлади. Бу тоифадагиларнинг рўйхати шакллантириб борилиб, ишга қабул қилиш жараёнида, албатта бу рўйхатда бор ёки йўқлиги текширилади. Аҳлоқсиз ҳатти-ҳаракат қилган ўқитувчи уч йил муддатгача бу фаолият билан шуғулланиши таъқиқланади.
Шу сабаб билан ўқитувчилик гувоҳномалари бекор қилинган мактаб ўқитувчилари лицензияси бекор қилинганидан кейин камида уч йил ўтгач ариза топширган тақдирдагина лицензияланиши мумкин. Агар унда яна ҳуқуқбузарлик қилиши мумкин бўлган белгилар мавжуд бўлса, аризаси рад этилади.
Бундан ташқари, ариза берувчилар шифокорнинг тиббий маълумотномасини ёки болаларга бошқа жинсий зўъавонлик қилмаслик “эҳтимоли юқори” бўлган бошқа ёзма далилларни тақдим этишлари керак.
Шарманда қилинган ўқтувчи, агар унинг ўтмишдаги жинсий зўравонликлари “ўта зарарли”, шу жумладан такрорий ҳуқуқбузарликлар, ўзининг касбий мавқеи ёки ишонч муносабатларидан фойдаланган ва қурбонларига бу масалада жим туришни айтган бўлса, қайта лицензияланмайди.
АҚШнинг Ню-Жерси штатида педофил ўқитувчи 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 200 000 АҚШ долларигача жарима ёки иккаласи ҳам, шунингдек, жинсий жиноятчи сифатида рўйхатга олиниши талаб қилинади.
Германияда — 10 йилгача қамоқ. Полшада — камида 3 йил қамоқ, кимёвий кастрация. Чехия Республикасида 1978 йилдан бошлаб жарроҳлик кастрация ихтиёрий равишда амалга оширилмоқда. Франция, Бельгия, Дания ва бошқа мамлакатларда — суд қарори билан мажбурий кимёвий кастрация.
Бугунги кунда такрорий жинсий жиноят қилганларни кимёвий кастрация қилиш АҚШ, Буюк Британия, Германия, аксарият Ғарбий Европа мамлакатлари ва Исроилда қўлланилади ва жинсий тажовузни зарарсизлантириш усули ҳисобланади.
Юқорида тилган олинган педофил ўқитувчи қандай жазо олди? У айни дамда психологик-неврологик диспансерга ётиб олган. Қизнинг суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаб, бу ҳам камдек, синфдошларига ҳам юборган. Ота бу ҳақда терговчиларга хабар берган, бироқ уни иш материаллари билан таништиришмаган.
10 октябрь куни ота тергов жараёни қандай кетаётганини билиш учун ички ишлар бўлимига мурожаат қилганида унга жиноий иш қўзғатишдан ёзма равишда рад жавоби берилади. Гарчи рад этиш ҳақида қарор 27 сентябрь куни имзоланган бўлса-да, терговчи бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилишни зарур деб ҳисобламаган. Унга экспертиза хулосаси ҳам тақдим этилмаган.
Бир қизнинг ҳаётини барбод қилган, руҳини синдирган, оила шаънини оёқости қилган кимсага нисбатан нега жиноят иши очиш рад этилган?! Бунда қандайдир қонуний асос борми? Жиноят содир этганлар психологик-неврологик диспансерга ётиб олиб жазодан қутилиб қолаверса, қонун бизга нима учун керак? Кимга ишониб яшаймиз?
Шундай хабарларни ўқиганда юраги увишиб, тани музлайди одамнинг. Ҳар бир шахс руҳида оғирлик ҳис қилади. Воқеа иштирокчиси бўлганларнинг ҳолини тасаввур қилаверинг. Энди у қизнинг келажаги нима бўлади? Ота-онаси қандай бош кўтариб юришади? Педофил ўқитувчи озодликда, ҳеч қандай жазо олмай юрганини билган ота-оналар фарзандларини мактабга қандай ҳадиксиз жўнатишади? Ичида шундай чиркинлик яшириниб юрганларчи, биттасининг қилмиши жазосиз қолиши қолганларининг жирканч ҳаракатлари учун йўл очиб бермайдими?
Чаросхон БУРХОН қизи, журналист