Тез ёрдам шифокори аёлга кетма-кет 3 марта укол қилиб, унга тегажоғлик қилган. Аёл уколлардан ҳолсизланиб, оз бўлса-да унга қаршилик қилган. Воқеа 16-ноябрдан 17-ноябрга ўтар кечаси содир бўлгани айтилмоқда.
“Миям бирдан маст одамникидай гаранг бўлиб қолди, осмонга учаётгандек бўлдим. Эс-ҳушим жойида, лекин оёқ-қўлим бўшашиб ўзимга бўйсунмай қолди” дейди аёл.
Тез ёрдам ходими аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб, унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган. Яна кўпроқ ишлар қилмоқчи бўлгану, аёл ҳоли борича қаршилик қилавергач, ниҳоят кетган”, деб ёзади журналист.
Ёлғиз яшовчи тошкентлик аёл шифокорнинг ушбу ҳаракати юзасидан ИИБга мурожаат қилган. Бироқ профилактика инспектори бу ҳолатга гўёки “арзимас”, “исботлаш қийин бўлган” ишдек муносабатда бўлган. Чақириққа борган тез тиббий ёрдам фельдшерининг иш фаолияти бўйича эса хизмат текшируви тайинланган.
Аёл судмедэкспертизага борган, иш куни тугаб қолгани учун иши битмаган. Эртаси шанба ҳам шу аҳвол. Судмедэкспертиза, наркологияга бориб вақти зое кетган (қизиқ, улар ҳафтада 5 кун соат 4 гача ишласа, бошқа вақтларда қилинган жиноят излари душанбагача кутиб ўтирадими?). “Участковой” эса ҳамон “барибир исботлай олмайсиз” позициясида шекилли, етарли ҳаракат қилмай, аксинча, аризани қайтариб олиш ҳақида гап очяпти нуқул. “Тез ёрдам” қолдириб кетган шприцлардаги модда қолдиқларини ҳам ҳеч ким эътиборга олмаяпти. Порталга қилинган қўнғироқлар, мурожаатлар охиригача эшитилмай қўйиб қўйиляпти. Аёл ишонмаяпти адолатга, лекин уни топмоқчи, шундан жуда жонсарак.
Аёлнинг аҳволи жуда ёмон, ҳам ўша “шифокор”нинг ифлос ишидан хўрланган, ҳам бу сусткашлик ва эшикма эшик тўпдек тепилишлардан чарчаган.
Ўзи жинсий жиноятлар кўпда очилмай қолиши ва давом этаверишининг сабаби ҳам шуки, қурбонга жуда қийин бўлади ниманидир исботлаш ва айни пайтда бу хўрлик ва сарсонликларга чидаш”, дея таъкидлаган Шаҳноза Соатова.
Журналист Ички ишлар вазирлиги масъуллари шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирига мурожаат қилиб, бу ишни шундай қолдириб бўлмаслигини таъкидлайди:
“У аёл эс-ҳуши жойида, зиёли оиланинг фарзанди, ўзича воқеалар ўйлаб топишдан манфаати йўқ. Бу ишга жиддий қарашингизни сўрайман. Ўша “шифокор” жазосиз қолишига ишониб ифлос ишни қиляпти экан, демак сизлардан ҳеч ким қўрқмай қўйган, жазо муқаррарлигига ишонмай қўйган. Аввал бошданоқ ходимларингиз “ҳеч нимани исботлай олмайсиз” деб ўтирса, зўравонлар арқони баттар ечилмайдими?”
Ушбу пост фейсбук ижтимоий тармоғига жойланганидан бери муҳокамалар авжида. Кимдир ички ишлар ходимини лоқайдликда айбласа, яна кимдир шарафли касбига доғ тушираётган тиббиёт ходимини зўравонликда айблайди. Аёлни галлюцинация бўлган дейдиганлар ҳам талайгина.
Азиза Қурбонова: “Нега мен бу воқеани ўқиб бўлишим билан каналимда улашдим? Иккита асосий мантиғим бор эди.
- Агар аёл ҳақ бўлса, тизим ишламаяпти, гапини жиддий олмаяпти, “исботлай олмайсан, шу азобинг билан яшайвер” деб панжа ортида қараяпти ва жиноятчига жазосизлик йўлини очиб беряпти. Ҳақиқат бўлса, аҳволимиз жуда аянчли. Даҳшатлиси, соғлиқни сақлаши ва ҳуқуқни ҳимоя қилиши керак бўлганлар икки кун ичида аёлни бадном ва бадгумон қиляпти;
- Агар аёл ноҳақ бўлса ҳам тизим ишламаяпти, иккала томон учун муҳим бўлган экспертиза вақти бой бериляпти; дейлик, бу туҳмат бўлса, унинг туҳматлигини узил-кесил аниқлаши керак бўлган тизим ўрнидан турмоқчи эмас. Тизим потенциал икки гумонланувчига беэътибор”.
Раъно Нурмат Қизи: “Агар ўз вақтида чўзмай экспертиза қилинса, шприцдаги дори қандайлигини анализ қилинса ё у томон ё бу томон ҳақлиги исботланарди. Бу сусткашлик ва бепарволик икки тарафга ҳам минусга ишлаяпти.
Барно Саид Қизи: “Икки кун олдин тез ёрдам чақирдим. Шунчалик ҳолим йўқлигидан билдимки, унақа пайт нима дори қилса қилсин, ёрдам берсин деб туради одам. Бу аёл ҳам ўзидан ўтганини ўзи билади. Танаси бошқа дард билмас. Бир аёл номусини ўртага қўйиб, бегонага туҳмат қиладиган даражадамас”.
Абдулазизхон Акрамов: “Унақа маст қиладиган укол ёки дори тез ёрдамда йўқ. Иккинчи томонни ҳам эшитиш керак. Шифокорни оддий ҳаракатини ҳам баъзан аёллар нотўғри қабул қилиши мумкин. Шифокорлар кўпи тез ёрдамдан бўшаб кетмоқда. Кўпинча фельдшерлар чиқмоқда. Бу тарафини ҳам хисобга олиш керак”.
Сарвар Қурбонов: “Ҳали вақт бор. Аёлнинг қонини анализ қилишсин, кучли таъсир этувчи модда 5-10 кунгача қонда қолади. Шу соҳада ишлаганим учун айтаман, буни текшириш осон. Айрим вақт дорилар реакция бериши мумкин, лекин у ҳам тез бўлмайди. Бу ходимни тезда топиб, аниқлик киритиб чора кўрилиши шарт.
Мавлонбек Жуманиязов: “Фейк, докторлар ҳеч қачон ундай қилмайди ёлғон фейк хабар, балким унга биринчи ёрдамни бермоқчи бўлгандир, мақсад нима? Конституциявий давлатда аёл ва эркак деган тушунча бўлмайди, докторларимиз бор бўлсин. Омадларини берсин! Мен бу аёлнинг гапига ишонмайман, галлюцинация оқибатида бошқаларга туҳмат қилаётган бўлиши мумкин!”
Ижтимоий тармоқда кўтарилган ушбу “шовқин”дан сўнг масъул идоралар бирин-кетин изоҳ берди.
ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев вазият назоратга олинганини, бу масала очиқ қолмаслигини айтган бўлса, Республика тез тиббий ёрдам маркази матбуот котиби Ирода Мирзабекова мазкур иш билан “шахсан шуғулланаётганини” билдирди. Унинг сўзларига кўра, чақириққа борган тез тиббий ёрдам фельдшери О.М.нинг иш фаолияти юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Мурожаатда беморга 3 та укол қилингани айтилган ҳолат бўйича эса ишчи гуруҳ экпертиза ўтказади.
Тез ёрдам ходими дорилар орасида фақат анальгин ва флутанал, ношпа ҳамда магний сульфат бўлганини, аёлнинг гаплари ёлғонлигини айтган. Мавжуд маълумотларга кўра, фельдшерда беморни ухлатиб қўядиган махсус психотроплар дори бўлмаган ҳамда йил бошидан бери интракраниал гипертензия билан оғриб келган аёлга шифокорлар невропатологга мурожаат қилишини тавсия этишган. Аммо бу маълумотлар ҳам ҳозирча ўз тасдиғини топмаган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Нилуфар Исахонованинг маълум қилишича, «тез ёрдам фельдшери” иши бўйича: Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг
119-моддаси(Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.
Масъул идоралар ўз вақтида, тезкор ишлай билса, бундай муҳокамалар ва баҳс-мунозараларга ўрин қолмайди, аслида. Ҳақиқий айбдор ким эканлиги тергов ва судмедэкспертиза натижалари асосида тез орада маълум бўлишидан умидвормиз.
Чаросхон Бурхон қизи, журналист