Қаердаки, тадбиркорларга зарур шароитлар яратилса, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланса, эркин ва самарали фаолият юритиши учун кўмаклашилса, улар ҳам ўзини, ҳам халқни боқиши ҳаммамизга яхши маълум.
Масалага шу нутқаи назардан ёндашиладиган бўлса, мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳамда заруратини тушунтиришга ортиқча изоҳ ҳам шарт эмас.
Айтиш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларга турли имконият ҳамда имтиёзлар бериш, самарали фаолияти учун зарур кафолатлар билан таъминлаш борасидаги ишлари ҳам мутлақо янгича.
Хўш, янгилиги, аввалгилардан-да ўзгачалиги нималарда намоён бўлмоқда, деган савол туғилиши мумкин. Бунга жавобни сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриб чиқиб, таҳлил қилишимиз мумкин бўлади.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида сўнги олти йилда амалга оширилган ислоҳотлар барчани қувонтириши табиий.
Мисол учун, 2017 — 2022 йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жами 3 087 та қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Шунинг ўзи тизимдаги ишлар самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди.
Бу ҳақида сўз юритишдан олдин, аввало, тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар соҳаси ислоҳ қилингани хусусида тўхталиб ўтиш жоиз.
Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилингани тадбиркорларнинг дилидаги иш бўлди. Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар ўтказишга мораторийларни белгилаш амалиёти жорий этилгани ҳам бу борадаги муҳим қадам бўлди.
Бу билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тўхтаб қолмади, аксинча, изчил давом этди. Чунончи, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган режали ва назорат тартибидаги текширувлар бекор қилиниб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилиши ҳақидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳамда “хавфни таҳлил этиш” тизими асосида текширувларни ўтказиш тартиби белгиланди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилиши белгиланиб, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 16 та назорат функциялари бекор қилинди.
Хўш, татбиқ этилган янги ёндашувлар нима берди?
Аввало, турли текширишлардан безиган тадбиркорларнинг эркин ишлаши учун замин яратилди. Фаолият самарадорлиги ошиб, қўшимча иш ўринларини ташкил этишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Бундан ташқари, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматларини кўрсатишнинг умумий муддати деярли 787 кундан 471 кунгача қисқартирилди, тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди.
Давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили бўйича фойдаланиш тартиби жорий этилиб, давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиётидан ҳам воз кечилди.
Натижада аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш натижасида мавжуд эса 750 дан ортиқ давлат хизматларидан 172 таси марказлар, 308 таси эса Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда “Лицензия” ахборот тизими орқали интерактив шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, бугунги кунга қадар 207 та марказлар ҳамда уларнинг 141 та филиаллари орқали жисмоний ва юридик шахсларга жами 32 млн.тадан ортиқ хизматлар кўрсатилди.
Давлат хизматларини кўрсатишинг янги шакллари жорий қилиниши натижасида 17 та давлат хизматини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилди. Марказлар орқали давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш орқали 200 дан ортиқ тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.
Яна бир янгилик шунда бўлдики, Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, амалиётда учраб келаётган кундалик муаммоларни ва коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Қонуннинг асосий қоидаларига кўра, 50 та лицензиялар, 124 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 34 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди. Эндиликда мазкур Қонунда назарда тутилмаган янги тартиб-таомиллар турларини жорий этиш бекор қилинди.
Эндиликда лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларидан ўтиш фақат “Лицензия” ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилиши қатъий белгиланди. Ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ мутлақо янги механизм илк бор жорий этилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу Жамғарма томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача компенсация тақдим этилмоқда.
Кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда тижорат банклари кредитларига кафиллик берилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёз ва преференциялар ҳақида яна кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Шулардан яна бири, бу — тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қарзлар ҳисобдан чиқариш “солиқ амнистияси” амалиётининг қўлланилиши билан бевосита боғлиқ.
Сир эмас, коронавирус пандемияси манаман деган ривожланган давлатлар иқтисодий ҳолатини тенг аҳволга олиб келиб қўйди. Жумладан, бу ҳолатдан Ўзбекистон ҳам четда қолмади. Аммо пандемия даврида ҳам мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига шундай имкониятлар яратиб берилдики, бундан фойдаланган ишбилармон ҳам, халқимиз ҳам, давлат ҳам ютқазмади.
Пандемия даврида туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби тармоқларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилди, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди.
Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга кечиктириш тақдим этилди, муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланилмади.
Кичик тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш корхоналари, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.
Микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди, туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди.
Солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги, вақтинчалик имтиёзлар давлат раҳбарининг ҳужжатлари билан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилиши, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда президент ҳужжатлари билан берилиши белгиланди.
Имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган (импорт қилинадиган) товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланди.
Тадбиркорларга имтиёзлар пакетини тақдим этиш шу билан чекланмади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмаслиги белгиланди.
Келинг, эндиги мавзуни тадбиркорлик фаолиятининг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, узумчилик озиқ-овқат ва доривор ўсимликлари йўналишларини ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференциялар берилгани ҳақида фикрларимиз билан давом эттирсак.
Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ушбу фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари ва Доривор ўсимликлар ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, узумчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва касаначиликни ривожлантиришнинг субсидиялаш тартиби белгиланди.
Натижада фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жами 565 млрд сўмлик қарзлари ҳисобдан чиқарилиши натижасида 19 435 нафар шахснинг тадбиркорлик фаолияти тикланди.
Пандемия даврида тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиб, уларга 86 трлн сўм кредит, 33 трлн сўмлик имтиёзлар ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилди. Мазкур чоралар натижасида пандемиядан зарар кўрган 100 мингдан зиёд корхона ўз фаолиятини тиклаб олди.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ер майдони билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Тан олиб айтиш керак, бу муаммо узоқ йиллардан буён ишбилармонларнинг тинкасини қуритган бошоғриқлардан бири эди.
Мазкур муаммолар ечими сифатида 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш тартиби жорий қилиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фақат маълум ҳолатларда тўғридан-тўғри ер ажратиш ваколати қолдирилган.
Бунда, ер участкаларини аукционга чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги масаласида масъул идоралар билан келишиш жараёни ҳам тўлиқ “Yerlektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.
2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган шароитни жорий этиш мақсадида, ҳокимларнинг тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкасини ажратиш бўйича ваколатлари тўлиқ бекор қилиниб, барча ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш масаласи фақатгина электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилди.
Тадбиркорлик субъектларига ажратилган ер участкаларини уларнинг розилигисиз заҳирага қайтариш юзасидан қарор қабул қилиш фақат суд тартибида амалга оширилиш талаби ўрнатилди. 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзига ажратилган ер участкаларни хусусийлаштириш ҳуқуқи берилди, шунингдек, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш имконияти тақдим этилди. Буларнинг барчаси соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга, эркин ва соғлом рақобат муҳитини ҳам яратиб бераётир.
Биргина, 2021 йилда тадбиркорлик соҳасида эришилган натижалар хусусида сўз очилганда шуни таъкидлаш керакки, тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллиги ошиши, солиқ маъмурчилигида янги инструментларнинг жорий этилиши ва хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш натижасида солиқ турлари бўйича ҳам сезиларли равишда ўсиш кузатилиб, 2020 йилга нисбатан фойда, қўшилган қиймат солиғи солиқ тушумлари 1,3 бараварга, норуда қазилмалардан солиқ ва сув солиғи тушумлари 1,4 бараварга, ер солиғи 1,7 бараварга ўсди.
Яширин иш ўринларини легаллаштиришга қаратилган тадбирлар натижаси билан даромад солиғи тўловчи жисмоний шахслар сони 502 мингтага ошди ҳамда ўзини ўзи иш билан банд қилиш тизим орқали рўйхатга олинганлар сони 1,2 млн. тани ташкил этди.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда тўлиқ рақамли маркировкалашга ўтилишини таъминланди, шунингдек, 2021 йил 1 январдан алкоголь ва тамаки ҳамда 1 апрелдан пиво маҳсулотлари рақамли маркировкаланган ҳолда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 6,5 минг хотин-қизларга давлат мақсадли жамғармаси томонидан 100 млрд. 341 млн. сўм кредит ресурс маблағлари ажратиб берилди.
Шу билан бир қаторда, 2021 йилнинг ўзида “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил давомида 96 873 нафар хотин-қизларга 1 трлн. 197 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ўтган йилда тадбиркорлик соҳасида яратилган имкониятлар сабаб 90 мингта юридик ва 96 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Тижорат банклари томонидан ҳудудлардаги 54,9 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга 41,9 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ўз навбатида, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш чоралари кўрилди.
Хусусан, 2022 йил 22 август куни Тошкент шаҳрида тадбиркорлар билан “очиқ мулоқот” тадбири ўтказилиб, ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 августдаги қарори билан “Очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Бугунги кунда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларга бу борада зарур кўмак ва имтиёзлар бериш йўналишидаги ишлар ҳам аввалгиларга ўхшамайди.
Мисол учун, буни ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида 121 минг 731 нафар ёшларга 2 трлн. 894 млрд. сўм кредит ажратилганидан ҳам яққол билиш мумкин. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 103 мингдан зиёд хотин-қизлар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, улар томонидан 200 951 та янги иш ўринлари яратилди.
Шунингдек, 233 мингдан зиёд нафари аёлларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4,7 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Умуман олганда, бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ҳамма ҳаракатлардан кўзланган бош мақсад одамларни рози қилиш, улар эртага эмас, айнан бугун яхши яшашлари учун барча шароитни яратиб беришга қаратилган. Тадбиркорликни ривожлантириш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ҳам инсон қадрини улуғлаш, мамлакатда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши муқаррар.
Нодир САФАРОВ, Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи