Бу касалликни ўзида оғир ўтказувчи ва хасталик юқиш эҳтимоли катта бўлган кишилар мавжуд. Улар «хавф гуруҳи”га киритилади. Келинг, булар кимлиги ва уларни қандай қилиб гриппдан асраш кераклигига тўхталамиз.
Ҳомиладор аёллар
Ҳомиладор аёлларнинг иммунитети гормонал ва ҳомила ривожланиши туфайли юзага келадиган бошқа ўзгаришлар туфайли заифлашади. Шунинг учун гриппни юқтириш хавфи бир неча баробар юқори ва инфекциянинг ўзи оғир кечиши мумкин. Ҳомиладорлик пайтида грипп икки баравар хавфли: она учун ҳам, туғилмаган бола учун ҳам. Гриппнинг энг жиддий асоратларидан бири ҳомила тушиши ва эрта туғруқдир. Агар ҳомиладор она, бошқалар қатори гриппни «оёқда» ўтказса, бола ривожланишида турли нуқсонлар, буйрак, жигар, юрак, мия шикастланиши билан туғилиши ва ҳатто она қорнида нобуд бўлиши хавфи мавжуд.
Албатта, гриппга қарши эмлашни ўз вақтида амалга ошириш орқали бу даҳшатли оқибатларнинг олдини олиш мумкин. Бўлажак оналар ҳомиладорликнинг 2 ёки 3 триместрида гриппга қарши эмланиши керак.
Шу ўринда ҳомиладор аёлларга иммунитет тизимини мустаҳкамлаш, тўғри овқатланиш, тўйиб ухлаш ва иложи борича тоза ҳавода юриш гриппга қарши эмлашдан кўра кўпроқ фойда келтиради.
6 ойликкача бўлган чақалоқлар
Ҳаётнинг биринчи ойларида болаларнинг иммунитети асосан онанинг пассив иммунитети билан таъминланади, яъни вирусларга қарши курашиш хусусияти онадан болага узатилади. Демак янги туғилган чақалоқлар ўз иммунитетига эга эмаслар, бу эса грипп хавфини сезиларли даражада оширади. Аммо олти ойликкача гўдакларни гриппга қарши эмлаш тавсия этилмайди. Шунинг учун чақалоқни бор оилалар имкон қадар гриппнинг олдини олишлари зарур, хусусан:
Албатта ҳомиладорликнинг 2 ёки 3 триместрида гриппга қарши эмланиш чақалоққа ҳам грипп юқишининг олдини олади ва ҳаётининг дастлабки 6 ойида уни ишончли ҳимоя қилади. Агар оила аъзоларидан бирортасида ўткир респираторли инфекциянинг белгилари кузатилса, улар болага яқин келишларига йўл қўйилмайди.
5 ёшгача бўлган болалар
Грипп эпидемияси даврида болаларнинг 30% касалланади. Касаллик аксарият ҳолларда 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди, бу эса шу ёшда ўзига хос иммунитет шаклланиши билан боғлиқ.
Агар грипп назоратсиз қолдирилса, пневмония ривожланиши ҳеч гап эмас. Бу ўпка шишига олиб келиши мумкин. Кейин юрак етишмовчилиги, буйраклар ва асаб тизимидан асоратлар пайдо бўлади. Демоқчимизки, кичкинтойлар, айниқса сурункали касалликларга чалинган болалар икки томонлама хавф остида қолишади.
Астма ва сурункали ўпка касалликлари бўлган болаларда грипп касаллик кучайишига, нафас олиш қийинлишувига олиб келади ва пневмония билан мураккаблашади. Неврологик касаллиги бўлган болалардаги грипп нафас олишнинг оғир бузилишига, юрак касаллиги билан оғриган беморларда юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Грипп диабет ва бошқа кўплаб жиддий касалликларнинг кучайишига туртки беради.
Ёндош хасталиги бор 6 ойлик ва ундан катта болаларни грипп ва унинг оғир асоратларидан ҳимоя қилишда эмлаш самарали усулдир.
Эмлашни режалаштиришда болада ўткир юқумли касаллик йўқлиги ва унинг парранда оқсилига алергияси йўқлигини аниқлаш керак бўлади.
Эмлашдан сўнг баъзи ҳолларда тана ҳарорати кўтарилиши ва ҳолсизлик бўлиши мумкин. Гриппга қарши эмлашдан кейин ҳимоя таъсири муолажадан ўртача 2 ҳафта ўтгач содир бўлади ва бир йил давом этади.
Кексалар
Кекса одамлар икки сабабга кўра хавф гуруҳида ҳисобланадилар:
60 ёшдан кейин кўпчиликда бир ёки бир нечта сурункали касаллик учрайди. Бу иммунитет тизимига салбий таъсир қилади ва грипп билан касалланиш хавфини оширади. Грипп билан касалланган кекса одамлар сурункали касалликларнинг бироз кучайишига дуч келишади ва танани янада заифлаштирадиган шафқатсиз “жуфтлик” пайдо бўлади.
Сурункали касалликлар бўлмаса ҳам, ёшкатталарда иммунитетнинг табиий пасайиши кузатилади, бу эса одамни вирусларга кўпроқ мойил қилади.
Ушбу фактларни ҳисобга олган ҳолда, кекса одамларда, уларнинг умумий ҳолатидан қатъи назар, грипп билан касалланиш хавфи юқори эканлигини айтишимиз мумкин. Бундан ташқари, уларнинг касаллиги узоқ давом этади, эҳтимол, асоратлар билан кечади. Шу сабабли, 60 ёшдан ошган одамларга ҳам гриппга қарши вакциналар билан йиллик эмлаш тавсия этилади.
Сурункали касаллиги бор шахслар
Юрак-қон томир тизими, ўпка, буйрак ва бошқа тизим ҳамда аъзоларнинг жиддий сурункали касалликлари бўлган одамларда грипп янада оғирроқ кечиб, бу касалликларнинг кучайишига олиб келади ва уларнинг аҳволини ёмонлаштиради. Бу ҳолатда грипп инфекцияси организмдаги патологик жараёнларнинг узоқ давом этиши туфайли иммунитет функцияларини янада заифлаштиради. Эмлаш орқали гриппнинг олдини олиш бу ҳолатда ҳам муҳимдир.
Саёҳатчилар
Бошқа ҳудудларга тез-тез саёҳат қиладиганлар учун касаллик юқтириш хавфи юқори. Чунки улар турли одамлар билан мулоқот қилишади (жамоат жойларида, поездда, самолётда). Бу ҳолда уларнинг янги турдаги вирус билан учрашиш хавфи, албатта, уйда диванда ётгандагидан анча юқори. Бундан ташқари, парвозлар ва иқлим ўзгаришлари шундоғам иммунитетни анча пасайтиради. Шунинг учун, саёҳатчилар ҳам йўлга чиқишдан 2 ҳафта олдин гриппга қарши эмланиш учун вақт ажратишлари керак.
Организмдаги мавжуд вирусли инфекциялар иммунитет тизимини ҳолсизлантиради. Шу сабабли, айниқса иммун танқислиги бўлган шахсларга кучсизлантирилган вакциналар билан гриппга қарши йиллик эмлаш тавсия этилади. Эмлаш октябрь ойида амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Тадқиқотларга кўра, гриппнинг енгил шакли билан оғриган беморлар организми тахминан етти-ўн кун ичида тикланади. Касалликнинг ўрта оғир босқичида бу муддат ўн-ўн тўрт, баъзан 21 кунгача чўзилади. Гриппнинг оғир шаклидан тўлиқ соғайиб, қувватга кириш учун эса 3 ой вақт зарур.
Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади