ЭКУ – сунъий уруғлантириш, бу замонавий тиббиётда ёрдамчи репродуктив технология бўлиб, бепуштликни даволаш натижа бермаганда қўлланилади. Бу усулда лаборатория шароитида уруғлантирилган тухумҳужайра аёл бачадонига юборилади.
Дунё миқёсида сунъий уруғлантириш самараси 20 фоиз ҳолатларда яхши натижа бериши қайд этилган. Лабораторияда ҳосил қилинган биринчи чақалоқ 1978 йил 25 июлда Британияда туғилган эди. Бу технологияни яратиб, бефарзанд оилаларга умид берган шифокор Роберт Эдвардс Нобель мукофоти сазовор бўлган.
Ушбу амалиётни ўтказиш учун аввало бўлғуси онада зарурий гормонал даволаш тадбирлари олиб борилади. Кейин унинг тухумдонидан нина ёрдамида сўриб олинган фолликулалар идишчадаги спермага қўшилади. Уруғланиш содир бўлгандан кейин пластик найча ёрдамида бачадонга йўлланади. Шу тахлит уруғланган тухум ҳужайра одатдаги ҳомиладорлик каби бачадон деворига ўрнашиб, ривожлана бошлайди.
Бепуштликдан азият чекаётган жуфтликлар қачондир сунъий уруғланиш ҳақида ўйлашлари табиий. Лекин сунъий уруғланиш ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Унинг муваффақиятли ўтиши учун маълум шартларни бажариш талаб этилади.
Мисол учун:
- Онанинг иммунитети кучли бўлиши. Иммунитети пасайган онада ҳомила тушиши осон бўлади.
- Онада инфекцион касалликлар бўлмаслиги. Сунъий уруғлантирилган аёл болани 9 ой кўтариши ва соғлом дунёга келтириши учун соғлом бўлиши керак.
- Онада туғишни ман қиладиган психик ёки соматик ҳолатлар ёки онкологик касаллик бўлмаслиги.
- ЭКУ муолажаси 35, кўпи билан 40 ёшгача амалга оширилиши.
- Сунъий уруғлантиришни режалаштирган жуфтликларда етарлича молиявий маблағ бўлиши. Бу муолажа қиммат туради.
- Сунъий уруғланиш орқали ҳомиладор бўлиш катта сабр талаб этади. Баъзида ЭКУ қилинган ҳолда ҳам ҳомиладорлик юз бермайди.
- Сунъий уруғланган аёлда ҳомиладорлик юз берса, у келаси 9 ой давомида психологик ва жисмоний зўриқишдан бутунлай ҳоли бўлиши.
Сунъий уруғланиш ёрдамида ким ҳомиладор бўла олади?
ЭКУ ёрдамида фақат айрим вазиятдаги жуфтликлар ҳомиладорликка эриша оладилар. Бепуштликнинг сабаби номаълум турида, иммунологик бепуштликда, бачадон найларида муаммо бўлганда, эндометриозда, уруғ фаоллиги суст бўлганда, аёлнинг ёши 40 дан ошганда ва бошқа айрим ҳолатларда сунъий уруғлантириш самара бермайди.
ЭКУ (сунъий уруғланиш) ҳақидаги нотўғри фикрлар
Шу кунгача сунъий уруғлантириш йўли билан кўплаб болалар дунёга келган. Аммо ҳанузгача бепуштликдан қутқарувчи бу муолажа ҳақида кўплаб бахс ва мунозаралар олиб борилмоқда.
Қуйида ЭКУ (сунъий уруғланиш) ҳақида энг кўп тарқалган асоссиз фикрларни келтириб ўтамиз.
- Сунъий уруғланиш муоалжасини 35 ёшдан кейин амалга ошириш мумкин. Аксинча, аёл қанча ёш бўлса, натижа шунчалик яхши бўлади.
- Сунъий уруғланиш орқали ҳомиладорлик содир бўлса, албатта эгизаклар туғилади. Муолажа амалга оширилганида бир нечта тухум уруғланишга тайёр бўлади. Лекин бу дегани, уларнинг барчаси уруғланади дегани эмас. Бундай эҳтимоллик юқори, холос.
- Сунъий уруғланиш орқали дунёга келган болалар соғлиғи суст бўлади. Бундай бўлишига ЭКУ эмас, балки онанинг ёши катталиги (35 дан сўнг) сабаб бўлиши мумкин.
- ЭКУ жараёни жуда оғриқли кечади. Жисмоний оғриқ бўлмайди. Лекин психологик қўрқув бўлиши мумкин.
- Сунъий уруғланиш билан юзага келган ҳомиладорлик фақат кесарча кесилиш билан якунланади. Бу йўл табиий ҳомиладорликдаги сингари кесарча кесилиш билан туғишга кўрсатмалар бўлсагина қўлланилади.
- ЭКУ орқали ҳомиладор бўлиш учун бир неча бор уриниш талаб этилади. Йўқ. Жуда кўп ҳолларда биринчи уринишда ҳам ҳомиладорлик юз беради.
- Сунъий уруғланиш муолажаси давомида ва ундан кейин аёл вазни ошиб кетади. Бунга муолажа талаб этадиган гормонлар таъсир қилиши мумкин. Лекин тўғри тақдим этилган ва назоратда бўлган дори-воситалари аёлнинг вазни кескин ошишига олиб келмайди.
- «Пробиркада уруғлантирилган бола»нинг отаси бошқа бўлади. Йўқ, сунъий уруғланиш муолажасини аёл эрининг сперматозоидларидан фойдаланган ҳолда амалга оширса бўлади.
Инсеминация усули
Бу усулда эркак уруғи катетер ёрдамида аёл бачадони бўшлиғига киритилади. Шундан сўнг табиий ҳомиладорлик жараёни содир бўлади. Бу усул эркак репродуктив тизимидаги муаммолар сабабли кечаётган бепуштликда қўлланилади. Баъзан жинсий заифликда ёки эркак спермаси фаоллиги паст бўлганда ё иммунологик номувофиқликда ихтиёрий равишда донор спермасидан фойдаланиш мумкин.
Инсеминация усулини қўллашда ҳам бир қатор талаблар ва чекловлар мавжуд. Улар эркак ва аёлда махсус текширувларни ўтказган шифокор тушунтириб беради.
Шуниси қизиқки, айрим ҳолларда “пробирка” усулида туғилган болалар иқтидорли бўлади, дейишади. Бунинг сабаби улар яккаю ёлғиз бўлгани учун ота-оналари алоҳида эътибор қаратиб тарбия қилишади. Шунинг учун улар бошқаларга қараганда аълочи, қобилиятли бўлиши мумкин. Аслида эса сунъий уруғлантириш воситасида дунёга келган болалар саломатлиги ва интеллекти жиҳатидан ўз тенгдошларидан сираям фарқ қилмайди.
Республикамизда сунъий уруғлантириш амалиётини қўллаб кўпгина оилаларда узоқ кутилган фарзандни дунёга келтираётган бир қатор муассасалар мавжуд. Интернет тармоғида улар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Гинеколог шифокор Жамила Алиева маслаҳатлари асосида тайёрланди.