«БОЛАЛИГИМ – ЭРИБ КЕТГАН ҚОР ПАРЧАСИ…»

Ёғаётган қорми ёки ёшлик-чирой? Дардлашгани Қорбоболар бормисиз, эй?..

Гулбаҳор САТТОРОВА

     ҚОР ПАРЧАСИ

Ёғаётган қорми ёки ёшлик-чирой?

Дардлашгани Қорбоболар келмайсиз-ай…

Шохларида шўхликларим – Йил Арчаси,

Болалигим – эриб кетган қор парчаси.

Бахтнинг сиррин билолмадик, сочлар қиров,

Наҳот, баҳор келиб-кетди қалбга бирров!?

Армон – дилда қолиб кетган ор зарчаси,

Орзу – энди эриб кетган қор парчаси.

Отамдан сўнг қулаб кетди баландларим,

Онам кетгач, сўкилди-ку банд-бандларим.

Ва лек Руҳ бор! Ёғду сочар кўк дарчаси,

Отам, онам – эриб кетган қор парчаси.

Ғанимат дер, умр, ҳатто дўст-қадрдон,

Йиғламасин ҳеч ким мендек зор, нигорон…

Оқаверар йиллар гўё сир чашмаси,

Утган умрим – эриб кетган қор парчаси.

 

ФЕВРАЛЬ

Февраль – севгим менинг, севгилим менинг,

Йигирма саккизим, эссизим менинг,

Вафосизим менинг, ўксигим менинг,

Ой бўлиб қалбимда тўлсанг бўлмасму?

 

Борлиққа гул эккан баҳор ўзимман,

Ишқи тўлиб оққан анҳор ўзимман,

Камалак бўлсанг гар, осмон ўзимман.

Абру камон каби турсанг бўлмасму?

 

Ана, бошим узра ўт пуркар жавзо,

Саратон сафига тўқсон кун аъзо.

Жоним жазирама, бу қандай жазо?

Сабримни соянгга отсам бўлмасму?

 

Маъсум куз илинди қабоқларимда,

Бир фасл қовжирар титроқларимда,

Япроқдай тўкилдим қучоқларингда,

Кўнглим кўчасидан ўтсанг бўлмасму?

 

Аёзим, найсоним, тафтим, хазоним,

Тўртта мучам менинг, бутун мезоним,

Ҳикматим, фитратим, шомим, азоним,

Узатган қўлимдан тутсанг бўлмасму?

 

АЛЛИТЕРАЦИЯ

«Қаро қошинг, қалам қошинг,

Қийиқ қайрилма қошинг, қиз».

                                          Э.Воҳидов

Толиқдим. Топталди тоғдай тоқатим,

Қизғалдоқ қон қақшаб қонимдан қонди.

Қорларда қорайиб қолди қисматим,

Тунги табассумлар тонгимдан тонди.

 

Тиландим, тилландим тинмай тентираб,

Қадрнинг қалбида қонталаш – қайғу.

Қаршимда қиёмат қолди қалтираб,

Тоабад танимда титроқи туйғу.

 

Телбадай турибман тегрангда тақдир,

Қарашинг – қалбимда қора қаҳратон.

Қўйнида қолсам-да, қадрлар қор-қир,

Тангрим, тиламадим зар тахти равон.

 

Топарсиз… толиққан тоғу тошлардан,

Қайғу қароғида қотган қошлардан.

Қаранг, қаердаки қақшаса Қадр,

Тийрсиз тешилган тан-талошлардан.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: