Инфекционист Тоҳирбек Долимов: «Афсуски, юртдошларимиз вируснинг хавфлилигини уни юқтиргандан кейин билиб қолишмоқда»

Коронавирус пандемияси бугунги кунда нафақат мамлакатимиз, балки дунёдаги барча давлатларни ҳавотирга солган диққат марказидаги муаммо бўлиб турибди. Бу кўзга кўринмас “душман”ни қандай енгиш, қандай унга қарши кураш олиб бориш борасида бутун дунё олимлари бош қотирмоқда. Бир қатор ривожланган давлатларда Covid-19 инфекцияга қарши вакциналар ҳам тайёр бўлди дейилмоқда. Уларнинг одамларда синалиб, кенг миқёсда татбиқ этилишига эса умидли кунлар қолди. Унгача бизни муҳим маслаҳатлари билан фидойи шифокорларимиз қўллаб-қувватлаб туради. Улардан бири Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникаси, бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди, инфекционист Тохирбек Долимовга бир қатор саволлар билан юзландик.

–Ўзбекистонда карантин муддати узайтирилиши бўйича қандай фикрдасиз?

–Карантин муддатининг узайтирилиши ижобий натижага эришишимиз учун хизмат қилади.Бу нималарда намоён бўлади?

Биринчидан: касаллик ўчоғини аниқлаш ва тарқалиш занжирининг узилиши. Бу эса ўз навбатида беморлар сонининг камайишига ёрдам беради. Иккинчидан: тиббиёт тизимига тушаётган ортиқча юкламанинг олдини олади. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истардимки, тиббиётда даволаш муассасаларига ортиқча юклама тушиши хизмат кўрсатиш сифати пасайишига олиб келади. Демак, карантин чораларининг узайтирилиши бунга қарши омил бўлиб, касаллик билан оғриганларнинг ўлим кўрсаткичини камайтиришга ёрдам беради.

Карантин муддатининг узайтирилиши бундай ижобий натижалари бошқа давлатларда ўз тасдиғини топган.

–Умуман Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат ҳақида, ёш ўлимлар ҳақида нима дея оласиз? Бу вирус фақат кексалар ва сурункали касаллиги борларда ўлимга олиб келиши мумкин, дейилгандику?

–Ўзбекистонда ёш ўлимлар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг фоиз даражаси жуда кам. Ёшлар орасидаги ўлим асосан сурункали касаллиги мавжуд, ортиқча вазнга эга бўлган, қандли диабети бор кишиларда учраб турибди. Бундай беморлар уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, нафас етишмовчилиги, юрак-қон томир етишмовчилиги каби аломатлари пайдо бўлгандагина шифохоналарга мурожаат қилишмоқда. Албатта, бундай ҳолатларда орган ва тизимларда қайтмас жараёнлар кузатилади ва жонлантириш бўлимларига тушиб қолишмоқда. Ана шундай кўнгилсиз ҳолатлар бўлмаслиги учун уйда даволанаётган беморлар, албатта, турар жой поликлиникаларида бириктирилган шифокорлар билан телефон орқали ҳар куни шикоятлари борасида маслаҳат олиб туришлари зарур. Бу эса уларнинг ўз вақтида шифохонага ётқизилишини таминлайди.

Амалиёт шуни кўрсатаяптики, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланишга риоя қилиб, ортиқча вазнга эга бўлмаган ёшларда бу хасталик енгил кўринишда ўтмоқда.

–Коронавирусда фойдаси йўқ, ҳатто зарарли дейилган дори воситалари нега ҳамон уйда даволанаётган беморларга тавсия этилмоқда?

–Ҳозирги кунда асосий муаммоларимиздан бири беморлар уйда кераксиз бўлган дори воситаларидан фойдаланишидир. Бунинг асосий сабаби реклама ва ижтимоий тармокдаги мавжуд фейк, асосланмаган хабарлардир. Халқимиз бирон касалликка чалинса, даволаш масалаларини интернет тармоқларидан топишга ҳаракат қилишади. Covid-19 касаллигини даволашда интернет тармоқларида юзлаб кераксиз бўлган дори воситалари рекламалари пайдо бўлган. Ҳозирда ССВ томонидан уйда даволанаётган беморлар учун қўлланиладиган дори воситаларининг, касалликнинг симптоматикасига қараб, буюриладиган аниқ кўрсатмалари мавжуд ва улар бирламчи тизим, яъни, поликлиника, ҚВП, ҚОП шифоколарига тарқатилган.Шунинг учун уйда даволанаётган беморлар, биринчи навбатда турар жойларидаги бирламчи тизим шифокорларига масофавий (телефон орқали) мурожаат қилишлари шарт. Шифокор беморнинг шикоятларини ҳисобга олиб, давони уйда давом эттириш ёки шифохонага ётқизишни белгилаб беради. Бу энг асосий масалалардан бири.

Кўп беморларимиз уйда даволаниш даврида, шифокор назоратида бўлмагани учун, ҳаётга хавфли бўлган ҳолатларни ўтказиб юборишмоқда ва оғир ҳолатларда (кеч бўлганда) шифохонага олиб келинмоқда.

– Бизда шифокорлар кийиб юрган ҳимоя кийими чет элдагиларга ўхшамайди. Оддий презилиндан тикилган халатлар вирусдан сақланишда ёрдам берадими?

–Covid-19ни даволаш фаолиятида бизнинг муассасаларда дунё стандартларига жавоб берадиган ҳимоя кийимлари билан таъминланган. Уларнинг самаралигига шубҳа йўқ. Ҳимоя кийимидан тўғри фойдаланиш асосий шартларидан бири, деб ҳисоблайман.

–Бугунги кунда Covid-19га қарши курашиш учун шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа кичик тиббиёт ходимлари аниқ белгиланган иш ҳақи ва ўз вақтида тўлаш тартиби асосида ишга таклиф этиляпти. Аммо кўпчиликда касал юқтириб оламан, деган хавотир, иккиланиш бор. Уларга ҳимояланиш ва даволанишда қандай маслаҳат бера оласиз?

–Юқорида айтиб ўтганимиздек, тиббиёт ходимлари ҳимоя кийимларидан тўғри фойдалана олсалар, карантин зоналарида барча эпидемиологик қоидаларга риоя қилсалар, касаллик юқтириб олиш эҳтимоли 0% гача тушади.

– Уйда даволанаётганлар турли илдизларни дамлаб ичиши касалликда ёрдам берадими?

–Албатта, ушбу хасталикда кўп суюқлик истеъмол қилиш даволашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади. Табиий бўлган дамламаларни истеъмол қилишга қаршиликлар йўқ, бироқ улар меъёридан ошиб кетмаслиги зарур.

–Айнан Covid-19ни юқтирганларда биринчи белги бу иситма чиқиши эканлигини бугун ҳамма билиб олди. Аммо сўнгги пайтларда тиббиётчилар томонидан 37 даражадаги иситма учун организмнинг ўзи қарши курашишига қўйиб бериш керак, фақат 38 даражада бўлгандагина шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги тушунтириляпти. Аслида иситма қачон фойдали, қачон зарарли? Иситмани қандай пайтда тушириш шарт? Қандай қилиб?

–Жуда қизиқ савол!!! Умуман олганда, иситма чиқиши барча юқумли касалликлар учун хос белги ҳисобланади. Иситма организмнинг инфекцияга қарши жавоб реакциясидир. Тана ҳарорати кўтарилганда айнан мана шу инфекцияга қарши антитаналар, яъни специфик иммуноглобулинлар синтези  бир неча баробар кўтарилади. Бу антитаналар тушган инфекцияни организмдан йўқотишда энг асосий ўринни эгаллайди.

Сурункали хасталиклари бўлмаган, соғлом катта ёшдаги одамларда,  тана ҳарорати 38,5°С гача кўтарилиши хавфли, деб ҳисобламайман. Бу ҳолларда кўпроқ суюқлик ичиб туриш тавсия этилади. Иситманинг фойдали томони шунда.

Иситма зарар қилиши мумкин бўлган ҳолатлар бу ёш болаларда сурункали неврологик хасталиклари мавжуд бўлса, онкологик хасталиклар, қандли диабет, сурункали вирусли гепатитлар ва бошқа сурункали хасталиклар мавжудлигидир. Бу ҳолатда узоқ вақт тана ҳарорати кўтарилиб туришига йўл қўймаслик зарур.

Айнан Covid-19 билан касалланган беморларга тана ҳароратини тушириш учун парацетамол ва ибупрофендан фойдаланиш тавсия қилинган.

–Аввалги даврларда номаълум касалликни ўзига юқдириб, унинг клиникасини кузатган, давосини топган шифокорлар бўлган. Бизда ҳам ўз бошидан кечириб, COVID-19 нинг нимадир янгилигини аниқлаганлар борми?

–Бу саволга шундай жавоб беришим мумкин. Covid-19 клиник кечишини бир тизимга киритиб бўлмайди. Яъни хасталик ҳар бир беморда турлича кечмоқда. Касаллик даври 5 кундан 30 кунгача бўлиши ҳам мумкин. Ўпкада бўладиган ўзгариш атипик ҳолда кечаяпти, яъни атипик пневмония ҳолида. Умуман олганда ушбу хасталикнинг белгилари жуда кўп, десам муболага қилмаган бўламан. Шунинг учун бу саволингизга жуда мавҳум жавоб бера оламан, холос. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Умуман атайлаб юқтирмаса ҳам шифокорларимиз орасида бу вирусни юқтириб, соғайиб чиққанлар бор. Улар барчага даволаниш, касалликни қанай енгиш бўйича зарур тавсияларини беришмоқда.

–Юртдошларимизга ва шифокорларга яна нималарни айтишни хоҳлардингиз?

–Юртдошларимиздан карантин чораларини тўғри қабул қилиб ва сабр билан унга риоя қилишларини сўраб қолар эдим. Энг ачинарлиси шундаки, бу вируснинг нечоғли хавфлилигини халқимиз касалликни юқтириб олганларидан кейин, оғир аҳволга тушганларидагина тушуниб етмоқдалар.

Карантин вақтида халқимиз барча қоидаларга риоя қилсалар, ватанимизда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликларнинг олдини олишда катта ҳисса қўшган бўладилар.

Маълумот учун:

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникаси 176 та Covid 19 хасталиги билан оғриган беморларни даволашга мўлжалланган. Шифохона деярли ҳар куни беморлар билан тўла ҳолда фаолият юритмоқда.

Шифохона қисқа вақт ичида беморларни қабул қилишга тайёрланди. Касаллик кўпайишидан олдин, реанимация бўлими 12 та вентиляция аппарати билан таминланди, 100 дан ортиқ беморлар ётоқларига кислород нуқталари ўтказилди. 20 га яқин кислород концентраторлари мавжуд.

Ҳозирда Covid-19 билан оғриган беморларни клиникага ётқизиш тизими йўлга қўйилган, яъни аппарат етмай қолиш ҳолатларининг олди олинмоқда. Ҳар куни яъни нечта ва қандай ҳолат бор ва нечта бўш ўрин мавжудлиги бўйича ССВга ҳисобот бериб турилади. Бўш ўринлар тўғрисидаги маълумот 103 хизматига тақдим этилади.

Ҳозирда бу ерга ўпкасида патологик ўзгариши бор бўлган, нафас қисиши билан келган оғир ва ўрта оғир ҳолдаги беморлар ётқизилаяпти. Юқорида қайд этилгандек, касалликнинг енгил шаклларини бошдан кечираётган ва ўпкасида ўзгариш бўлмаган беморлар уй шароитида, турар-жой шифокори назорати остида даволанмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди