Болалардаги ўжарлик сабаби нима?

Бола оиладаги зиддиятлар олдида хавотирни ҳис қилиб яшайди. Афсуски, биз катталар боладаги бу ҳолатни ҳис қилолмаймиз ва унинг руҳий ҳолатини инобатга олмаймиз.

Жоҳилнинг илмидан, аҳлоқсизнинг ибодатидан фойда йўқ. Инсон гўзал табиатли, хушхулқ, одоб-аҳлоқли бўлсагина инсониятни англай олади, оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратади. Ота-она фарзандини комил инсон қилиб тарбиялаши учун аввало унинг тарбиясига, характеридаги нуқсонларни тузатишга эътибор бериши лозим. Агарда болангиз олим, файласуф, кашфиётчи ёки бошқа касб эгаси бўлсину аҳлоқсиз, бадфеъл бўлса, унинг илму ибодатидан фойда йўқдир.

Инсон камолотга ва саодатга эришиши учун аввало ўзидаги хою ҳавасни жиловлай олиши ҳамда ўзи учун тўғри йўлни танлай билиши лозим.

Ёмон хулқнинг бири тажовузкорлик ва ғазабдир. Қалбида ғазаб яшаган одам ҳеч қачон хотиржам бўла олмайди. Унинг нафрати ва ғазаби бир куни тажовузкорликка етаклайди. Аломалардан бири: “Ғазабни енгган инсон нафсини ҳам енгади” деган.

Қайсарликка етакловчи сабаб нима?

Мактабгача ёшдаги болаларнинг  хулқига назар соладиган бўлсак, улардаги ўжарлик, қайсарлик, худбинлик ва тажовузкорликка оиладаги ота-она ва фарзанд муносабатларининг мукаммал эмаслиги, уларга етарли эътибор берилмаслиги сабаб бўлади. Оиладаги иқлимни ота-она, ака-сингиллар ва буви-бувалар белгилаб беради. Яъни, ўсиб келаётган бола отаси ва онаси, шу жумладан оиладаги қайнона-келин, катталар ва кичиклар ўртасидаги келишмовчиликларни, моддий етишмовчилик каби муаммоларни яхши англай олмайди. Ва доим бундай зиддиятлар олдида хавотирни ҳис қилиб яшайди. Афсуски, биз катталар боладаги бу ҳолатни ҳис қилолмаймиз ва унинг руҳий ҳолатини инобатга олмаймиз.

Тўғри, биз фарзандларимиздан уларнинг етарлича ўқиб-ўрганиши учун маблағни аямаймиз. Лекин уларни ҳар кун ва ҳар соатда меҳримиздан узоқлаштирмаслигимиз керак. Бунинг учун ҳеч қандай маблағ талаб этилмайди.

“Сеникимас, меники!”

Ўжарлик айниқса 2,5-3 ёш болаларда кескин намоён бўлади ва 5 ёшгача чўзилади. Боладаги ўжарлик хуружлари бир кунда 5-6 мартагача кузатилади. Бундай хусусият кўпинча аҳлоқида қусури бор болаларда, нўноқ тарбиячилар таъсирида пайдо бўлиши мумкин. Тажрибалар шуни кўрсатдики, ота-оналар боласи “Сеникимас, меники!” деб ўзиникини маъқуллашидан шикоят қилади. Улардаги бу характерни манманликка йўйиб, нима қилиб бўлса ҳам болани ўз йўриғига бўйсундиришга ҳаракат қилишади. Аммо тинч йўл билан, мулойимлик билангина боладаги бундай ўжарликни бартараф этишлари мумкинлигини билмайди. Шу тариқа давом этса, бора-бора ўжарлик, худбинлик каби хислатлар бола аҳлоқ-одобида шаклланиб бир умр қолиб кетади.

Қайсар бола уни уришсангиз ҳам барибир ўз айтганини қилади. Агар ота-она уни тергайверса, ҳеч ким билан гаплашмай қўяди, ҳеч кимни тингламайди, баъзан овқатдан ҳам бош тортади. Бундай болалар келажакда ўқиб билимли бўлиши мумкин, аммо тажовузкор ва шафқатсиз бўлиб ўсади.

Ота-оналарга маслаҳатлар

  • Аввало фарзандингизга иложи борича кўпроқ меҳр беринг;
  • У бажармоқчи бўлган ишни ўз хоҳишига кўра қилишига ҳалал берманг. Бола ўзи мустақил равишда, ўз қўли билан бажарган ишидан хурсанд бўлишига имкон бериш керак;
  • Ўжарлиги туганда уни чалғитиш, унга суянчиқ бўлиш, ёлғизлатиб қўймаслик лозим;
  • Болага эркинлик бериш, уни камситадиган сўзларни айтмаслик, “сен худбинсан”, “сен эшшаксан” ёки “одам бўлмайсан” каби ибораларни мутлақо ишлатмаслик зарур. Бундай сўзлар мурғак қалбда ўзига ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келади;
  • Бола кийимини телба-тескари, туфлисини пойма-пой кийсин, сиз хоҳлагандек тез эмас, секинлик билан кийинсин. Уни ўз ҳолига қўйинг, туртиб-силтаб уни шоширманг. Ўзи бажарган ишни кўриб қувонсин.

Фарзандингиз мустақилликка ўрганса, ўз кучи билан ҳаётдаги ўрнини топиб олса, бировлар билан муносабатларда қийналмаса, буни кўриб кейинчалик ўзингиз ҳам берган тарбиянгиздан хурсанд бўласиз.

Юлдузхон ЎЛМАСОВА,

Андижон вилояти, Марҳамат туманидаги 24-мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: