Бувим ёнидаги ёруғлик (қатра)

«Уруш йиллари бир майизни  40 бўлиб еганимиз, йўқчилик пайтлари қандай кўргуликларни кўрмайлик, аёллик шаънимизга доғ туширмадик», дерди бувим ўгитларида.

Кун қизигандан-қизиди. Устига-устак тандирга уйда ўт ёқиб нон, унга қўшиб сомса ёпдик. Ҳар гал нон ёпсак ёнига қўшиб ёпадиган ойиб, иссиқ кулча ва сомсаларни дастурхонга ўраркан, бувимдан хабар олиб келишимни айтди. Иссиқ бўлишига қарамай йўлга отландим. Чунки офтоб юзли бувижонимни кўриш, улар билан суҳбатлашиш каминага доим мароқ бағишларди.

Бувимларнинг уйи унча узоқ эмас, жуда бўлса 20 дақиқалик масофа. Кетарканман, кўча бошида бир аёл мени имлаб чақирди: «Дилдорахоннинг уйи қаерда қизим, билмайсизми?»-деди у. Бувимнинг уйига тез-тез келиб турадиган чиройли, хушбичим бу аёлни яхши танирдим. Мени доим «Пучуқ қизим» деб эркалайдиган опанинг уйига аёлни бошладим.

Меҳмондорчиликка келаётган аёл билан гаплашиб, Дилдора опаникига етиб қолдик. Ўйин-кулги авжида, уйда аёллар зиёфати бўлаётган хонадонга кириб борарканмиз, турли ноз-у неъматлар, сархил мевалар, чарос узумдан тортиб, ранг-баранг ширинликларгача қўйилган дастурхон устидан чиқдик.

Хориж куй-қўшиқларига рақс тушаётган аёллар, улар ичидан чиқиб келган Дилдора опа бизни кулиб қаршиладилар. Ҳамроҳим ҳам тезда уларнинг даврасига қўшилди. Мен эса энди ортимга қайтай деётганимда дастурхонда турган ичимликлар эътиборимни тортди. Очиғи, дилимни хира қилди. Алламбало шарбатлар орасида спиртли ичимликлар ҳам ўрин олганди. Бундан ҳам хунук манзара ўша ичимликларни даврадаги аёллар тортинмай, қадаҳларга тўлдириб, дўстлигимиз абадий бўлсин, қани олдик, дея ичишар эди.

Бундай ичимликларни фақат эркаклар ичади, аёллар ҳудди менинг бувимдек мунис, ойимдек камтар бўлади деган тушунчам билан рўпарамда қаҳ-қаҳ уриб, оқ сувдан ютаётган аёлларнинг қинғир-қийшиқ чеҳраси кўз олдимда айқаш-уйқаш бўлиб кетди. Бошимдан оёғимнинг учигача совуқ тер босиб, базўр ҳовлидан чиқдим.

Болалигимдан мени «Пучуқ қизим» дея эркалайдиган Дилдора опам энди кўзимга қандайдир хунук, бачкана бўлиб кўринди.

Эсимда. Бувижоним кечалари бизни ухлатиш учун эртаклар, баъзан ҳаётий воқеалар сўзлаб берарди. Улар ўз ёшлиги ҳақида сўзларкан, маҳалла хотинлари билан шеърият кечалари, мушоиралар бўлишини, ўсмалар қўйиб, узундан-узоқ достонларни ёд олишганини айтиб берардилар. Кундузи турмуш юмушларидан чарчаган аёллар, мана шундай дийдорлашувлар, дилдорликлар билан учрашиб, узун кечаларни шеърга, қўшиққа тўлдирганликларини эшитиб, тасаввуримда ўзбек аёллар шундай бўлади деган тасаввурда улғайгандим.

Бувим: «Оилали бўлганимдан сўнг ҳам ишларни бу эркак кишининг иши, бу аёлники деб, ажратмадим, вақти келганда трактор тузатиб, далага ер ҳайдагани чиқдим. Қайнонам ҳомиладор бўлганимни ўзбекча кўйлакда юрганим учун 7 ойгача  билмаган, болам», – дегани ёдимда.

«Уруш йиллари бир майизни  40 бўлиб еганимиз,  йўқчилик пайтлари қандай кўргуликларни кўрмайлик, аёллик шаънимизга доғ туширмадик», дерди доим ўгитларида.

Шуларни ўйларканман, оғир замонларда яшаган, меҳнат қилган бувимлар шундай бўлгану, нега булар ҳозиргидек тинч-осуда, тўқчилик замонида тўқликка шўхлик қилишларини тушунолмасдим. Йўлда кетарканман, негадир йиғлагим келар, мен кўрган нохуш манзаралар қалбим ўкситган, кўз ёшим юзимдан оқарди.

Бувимнинг уйига қандай келиб қолганимни ҳам билмайман. Дарвозани очиб ичкарига кирдим, чаккасига райҳон тақиб, оқ рўмол ўраб олган фариштадек бувим супада кўрпа қавиб ўтирар, уларни кўргач бирдан қалбимга ёруғлик кирди ва бирданига кўнглим қуёшдек ёришиб кетганини сездим…

Сабоҳат Саидризо