Репродуктив саломатлик нима?

Соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом оилани шакллантириш масалалари репродуктив саломатлик билан узвий боғлиқ. Тиббий маданияти юқори онанинг фарзанди соғлом бўлади.

ССВ жамоатчилик билан алоқалар бўлими журналистлари репродуктив саломатлик тарғиботи мавзусида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг Умумий амалиёт шифокорлари малакасини ошириш кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Марғуба Расулова билан суҳбатлаш тайёрлади. Унда она ва бола саломатлиги борасида муҳим саволларга жавоб берилган.

— Репродуктив саломатлик ўзи нима, айни пайтда унга риоя қилиш аҳоли орасида қай даражада?

— Репродуктив саломатлик бу — репродуктив тизимдаги касалликларни (бепуштлик, турли нуқсонлар, рак ва рак олди касалликлари) бартараф этиб, соғлом бола туғилишига эр-ҳотин жуфтликларини тайёрлабгина қолмай, балки туғилган зурриётни жисмонан бақувват, ақлан зукко, ижтимоий баркамол авлод этиб тарбиялашга замин яратишдир. Репродуктив саломатликка риоя қилмасликка бир неча омилларга сабаб бўлиши мумкин. Булар:

эр-хотинларда сурункали ноинфекцион ва гинекологик касалликларнинг мавжудлиги;
туғруқлар орасидаги 3-3,5 йиллик оралиқ сақланмаслиги;
20 ёшга етмай ёки 35 ёшдан ошиб фарзанд кўриш;
қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ;
кам таъминланган, ночор оилалардаги етишмовчиликлар;
нотинч, жанжалли оилалардаги салбий муҳит.

Репродуктив саломатликни яхшилаш учун юқорида саналган хавф омилларини камайтириш, репродуктив ҳуқуқ — яъни, эр-ҳотинларни болалар сони, улар туғилишидаги оралиқ, уларнинг туғилиш вақти, замонавий контрацепция воситаларидан фойдаланиш, болани кўкрак сути билан боқишга эътибор бериш ва бунинг учун шарт бўлган маълумот ва воситаларга эга бўлиш борасида асосий ҳуқуқларини хабардор бўлиш керак.

— Оналар ўзи ва фарзандларининг тиббий билим ва кўникмаларини ошириш учун нималарга эътибор бериши керак?

— Ҳар бир онанинг тиббий маданияти юқори бўлиши керак. Чунки соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом оилани шакллантириш масалалари репродуктив саломатлик билан узвий боғлиқ. Тиббий маданияти юқори бўлган онанинг фарзанди ҳам ҳар доим соғлом бўлади. Бундай оналар боласини эмлаш календари бўйича оилавий поликлиникага олиб бориб, ўз вақтида эмлатади ва юқумли касалликлардан сақлайди. Болани ёшлигидан шахсий гигиена қоидаларига ўргатиб, гижжа касалликларидан асрайди. Болага тиш ювиш маданияти, овқатланиш ва шахсий гигиенани сақлашни ўргатиб боради. Болага бор эътиборини қаратиб, эртаклар айтиб, ўйинчоқлар ўйнатиб, китоб ўқиб, расм чиздириб), уни интеллектини ривожлантиради. Она касалманд бўлгач, болани боқишга, уни тарбиялашга кучи ҳам, вақти ҳам етмайди. Оналик маданиятининг муҳимлиги шундаки, бу бола билан бирга онанинг ўз-ўзини ҳам тарбиялаб, уни оилавий саломатликнинг асосий сабабчисига айлантиради.

— Кўпчилик оилалар бола қанча оғир вазн билан туғилса, шунча яхши, шунча соғлом бўлади, деб ўйлашади, шу тўғрими?

— Янги туғилган чақалоқнинг вазни 2,5 килограмдан 4 килограмгача бўлиши керак. Ҳомиланинг ўсмай қолишига кўплаб сабаблар бўлиши мумкин. Масалан, бачадон ичи инфекцияси, туғма нуқсонлар, ирсий омиллар, қон қуюлиши ва ҳоказолар. Ҳомила вазнининг ошиб кетиши кўпинча ота-онанинг тиббий ҳолатига, улардаги метоболик ўзгаришлари, айниқса, ҳомиладорлик пайтида қантли диабетнинг ривожланишига боғлиқ. Буни нормаллаштириш учун улар касалликни келтириб чиқарувчи хавф омилларидан ўзларини асраши ва вақтида даволаниши керак.