Баҳриддин Чустий: «Менга психолог эмас, кислород керак эди…»

Максимал кислород билан сатурация 77, истима 38,5 бўлиб турган пайтда менга «соғайдингиз» деб уйга жавоб беришди…

Коронавирус билан курашиб, бу дард ҳамласидан омон чиққан машҳур ошпаз Баҳриддин Чустий касалхонадаги таассуротлари билан бўлишди. У ўзининг бир ойдан ошиқ вақт давом этган шифохонадаги ҳаёти иккига бўлинганини айтади.

“Биринчи ярми “КИП” (НИИЭМИЗ) инфекция маркази шифохонаси ва у ердаги шифокорларга нисбатан “ўзгача” фикр ва муносабат бўлса. Иккинчи ярми 16-шаҳар марказий шифонаси ва шифокорларга нисбатан умуман аксинча муносабат ҳосил бўлди. Бу ерда нафақат менга, балки ҳар бир беморга алоҳида, ўзгача эътибор, оддий кадам қўйишда ҳам беморнинг юраги ва оёқларида тромб бўлмаслиги учун бинтлаб, бир неча шифокорлар назоратида қадам бостиришмоқда.

Олдинги КИП шифохонасида эса тамомила аксинча эди. Уч кунда бир у бўлимдан бу бўлимга кислородсиз, шифокор назоратисиз, ҳамширалар аравада эшик олдига ташлаб кетишар эди. 3-қаватга битта зина кўтарилиб, сўнгра ўтириб, бир соатда чиқар эдим”, деб ёзади.

Ошпазнинг айтишича, беморлар тузалмасдан туриб, касалхона раҳбарияти уларга жавоб бериб юборишмоқда: “Энг қизиғи, ҳали тўлиқ даволамай туриб бўлим бошлиғи Наталья Батировна икки марта менга жавоб бериб юборгани, биричи марта ҳушимдан кетиб икки кунга қолдиришган. Икки кундан сўнг эса максимал кислород билан сатурция 77, истима 38,5 бўлиб турган пайтда, яна ўша бўлим бошлиғи Наталья Батировна укамга телефон қилиб, “акангга аллақачон жавоб бўлган, сизларни чиқариб юбориш учун Миллий гвардияни чақириш керакми? Қўлимда бош врач Жалолиддин Туйчиев қўл қўйган қоғозлар турибди. Биз уни даволаб бўлдик. Энди унинг касали руҳий, унга психолог керак”, деб дағдаға қилган. Ваҳоланки, ўша пайтда психолог эмас, кислород керак эди”.

Чустийнинг эътироф этишича, бир қанча яхши инсонларнинг ташаббуси билан 16-шаҳар марказий шифонасига ўтказилган ва бу ердагилар том маънода унинг жонига аро бўлишган.

Мана, айрим шифохоналардаги реал аҳвол, касалларга муносабат. Ҳамманинг ҳам Чустий каби дасти узун танишлари йўқлиги аниқ. Тиббиётимиздаги таниш-билишчилик йўқотилмас экан, соҳа ботқоққа ботиб кетаверади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: