Меҳр дафтари – оқибат намунаси

Кейинги 5 йил мобайнида аҳолининг ёрдамга мухтож қатламини манзилли ҳимоялаш, уларнинг ҳолидан ҳабар олиш ва мақсадли кўмак беришга жиддий эътибор кучайди. Айниқса, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш, уларни ҳаётга тайёрлаш, йўл-йўриқ кўрсатиш, касб эгаллашлари ва ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги ишларни тизимлаштириш, натижадорлигини ошириш, молиявий маблағлар ажратилишини кескин ошириш ва аниқ мақсадга йўналтириш ишларини янги даражага кўтариш долзарб вазифага айланди.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-5215 Қарори қабул қилинди. Унга кўра Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Қарор билан етим болалар ва ота-она қаромоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат ҳимоясига олиш ва соғлом ҳаёт кечиришга кўмаклашиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида “Меҳр дафтари” юритиш жорий этилди. Ўзбек ҳалқи болажон халқ, асрлар давомида халқимизнинг асосий эътибор-мақсади ёшларни тарбиялаш, ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш ва савоб умидида ёшларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш анъанага айланиб қолган.

“Меҳр дафтари” нима? “Меҳр дафтари” ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилашга қаратилган маълумотлар базасини шакллантириш ва шу орқали етим болаларни манзилли ҳимоя қилишнинг янги тизимини жорий этилишини англатади.

“Меҳр дафтари” юритилиши орқали, биринчидан,  болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг сабабларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш, иккинчидан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка оладиган оилаларда тарбиялашни рағбатлантириш амалиётини жорий этиш, учинчидан, ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларни босқичма-босқич фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) оладиган оилаларда тарбиялашга ўтказиш чораларини кўриш, тўртинчидан, етим болаларга меҳр бериш, улар орасидан қобиятли ёшларни юзага чиқариш, уларни ҳаётга тайёрлаш, касбга ўқитиш ва жамият учун манфаатли қатлам доирасини кенгайтиришдан иборат.

Ушбу савобли ишларни ташкил этиш, мониторинг қилиш ва назоратга олишни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маъсул этиб белгиланди. Вазирлик “Меҳр дафтари”га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳар бир шахсига нисбатан алоҳида ёндошиш, уларнинг жинси, ёши, қарашлари, рухияти, ахлоқ-одоби, ижтимоий муҳитни ўзлаштиришдаги ёндошувлари ва интилишларини ҳисобга олган ҳолда табақалашган тарзда ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган. Масалан, ҳар йили камида икки маротаба ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб боришга алоҳида эътибор бериш жорий этилмоқда.

Айни пайтда, етим болаларга тарбия бериш, уларни фан, ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бошланғич ҳарбий тайёргарлик ва спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги тизимни амалиётга татбиқ этилади. Шунингдек, жамиятда айрим ота-оналар томонидан ўз фарзандларини меҳрибонлик ва болалар уйларига топширишлари сабабларини кенг таҳлил қилган ҳолда бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган давра суҳбатлари ва муҳокамалар ташкил этилади. Бунинг учун зарур бўлган маблағлар шакллантириш мақсадида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Қарор билан, 2021 йил 15 августдан бошлаб етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг қуйидаги тартиби ўрнатилди:

ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматларнинг меъёрий кўрсаткичлари бўйича фойдаланилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг эллик фоизи тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.

1 декабрга қадар мазкур қарор доирасида уй-жойга муҳтож 757 нафар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилади.

ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг нодавлат таълим ташкилотларининг хорижий тиллар, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан, ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваригача миқдорда компенсация қилинади;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

Хулоса қилиб айтганда, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоялашнинг мамлакатимиз тарихида кўзатилмаган янги тизими яратилади. Чунки, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор, улар етим ёки етим эмаслигидан қатъий назар, келажагимиз учун истиқболли кадрлар етиштириб бериш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиздир.

Рустам ҲАСАНОВ, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: