Жаббор Эшонқул: «Жамол акага ҳурматим бошқача эди» (хотира)

Жамол ака эди. Жамол акадан катта бир ижод, яхши хотиралар қолди. Охирати обод бўлсин.

Жамол Камолнинг ижод намуналари билан таниш бўлсамда, бизни юзма-юз устозим Тўра Мирзаев таништирган. Тўра аканинг Жамол акага ҳурматлари бошқача эди. Фақатгина Бухородан, бир жойдан бўлгани учун эмас, Жамол Камолнинг биз билмаган кўплаб фазилатлари, одамийлиги, оқибати, самимияти учун. Буни мен кейинчалик билдим. « Фан» нашриётида ишлаган кезларим Жамол акани қайта кашф килдим. Ўша йиллари Жомийдан, Румийдан қилган таржималари босилди. Ўзининг сайланмаси чоп этилди. Энг катта лойиҳа эса Шекспирнинг 3 томлиги эди. Бу асарни бирданига 3 жилд қилиб босиш анча машаққат бўлган. 2009 йили шу уч жилдликни чиқардик. Иброҳим Ҳаққулнинг сўзбошиси билан. Жамол ака ўша кунлари ёш боладай хурсанд бўлганди. Мен у одамнинг қувончини тарифлаб бера олмайман. Хатти-ҳаракатлари ёш боладай беғубор, гаплари кекса бир донишманднинг гаплари эди. Бир мунча вақт ўтгандан кейин шу 3 жилд учун Англия қироличасидан мактуб келди. Мактубда нашриёт номи ҳам тилга олинганди. Бу қироличанинг Шекспирга, унинг таржимонига шу билан бирга, нашриётга ҳурмати эди. Буни бизга олиб кўрсатмаса ҳам бўларди. Бироқ, олиб келган, қувончини бўлишган. Назаримда, қироличадан мактуб олган бошқа таржимон ва нашриёт бўлмаса керак.
Яқинда, қиролича вафот этган кунлари Жамол ака билан телефонлашдик. Шу хатни эслади. Бу хат адашмасам, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ҳам берилганди, кичик ҳарфлар билан. Шекспирнинг янги нашри ҳақида гаплашдик. Айтаман, сизга матнини ташлаб беришади деди. Эртаси куни Анвар ака 4 жилднинг матнини жўнатди. Жамол акага матнни олганлигимни, тез кунларда олдига ўтишимни айтдим. Шу охирги суҳбатимиз бўлди. Суҳбат орасида Тўра ака, Иброҳим акани эсладик. Биз ҳамиша ёнимиздаги одамларнинг қадрига етмаганмиз. Йўқотганимиздан кейин улуғлаймиз. Жамол Камол шоир, Шекспир, Аттор, Румий, Жомий, каби улуғлар таржимони сифатида ҳам уз ўрнига эга, сўнгги пайтлардаги энг фаол ижодкорлардан бири эди. Озарбайжон, турк адабиётидан қилган таржималари бор. Тўра ака ҳар доим Жамол аканинг номзодлик ишини яхши иш бўлган деб гапириб юрарди. Жамол ака гаплашганда жуда дилкаш суҳбатдошга айланарди. Шундай одам энди орамизда йўқ. Сўнгги пайтларда ёнимизда бўлган улуғларнинг кўпини йўқотдик. Шундай улуғлардан бири, шубҳасиз, Жамол ака эди. Жамол акадан катта бир ижод, яхши хотиралар қолди. Охирати обод бўлсин.

Жаббор Эшонқул

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: