Чақалоқлар парваришига оид маслаҳатлар

Она бўлиш бахтини барча аёллар сабрсизлик билан кутишади. Бироқ жажжигина одамчча дунёга келгач уни қандай катта қиламан, деб кўпчилик ёш оналар хавотирга тушишади. Бунга чақалоқларни парвариш қилиш қоидаларини билмаслик ёки тажриба етишмаслиги сабаб бўлади. Бу борада кўпчиликда туғиладиган саволларга олий тоифали шифокор, педиатр Саломат Хўжабоева саволлар жавоб беради

Чақалоқнинг киндиги неча кунда тушади?

Янги “меҳмонни” неонатолог шифокор илк бора тиббий кўрикдан ўтказади. Чақалоқ киндиги туғилгандаёқ барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда спирт билан ишлов берилиб, резина ҳалқа ёрдамида қисилади. Шифокор киндик тушишини назорат қилиб, ҳар куни унинг қолдиғига этил спирти эритмасини суртади. Меъёрий ҳолатда чақалоқларнинг киндиги 3-5 кундан сўнг тушиши керак. Киндик тушгач унинг ўрни бироз қизариб қолади. Ушбу яра бутунлай битиши учун 12-14 кун керак бўлади. Бу даврда она киндикни тўғри парваришлаши лозим, агар гигиена қоидаларга риоя қилинмаса боланинг киндик ярасига инфекция тушиши мумкин. Киндикда микроблар ривожланмаслиги учун калий перманганатнинг ним пушти эритмаси (марганцовка)да ҳўлланган пахта  билан болажоннинг киндиги атрофларини ҳар куни артиб туриш, болани чўмилтиргандан эҳтиёт бўлиш, ювинтиргандан сўнг, албатта, киндигига ишлов бериш лозим.

Турли яллиғланишлардан асраш учун 2 ҳафтагача бўлган гўдакларни тузли ёки марганцовкали сувда чўмилтириш мақсадга мувофиқ.

Бола нега чинқириб йиғлайди?

Гўдак дунёга келар экан, организмнинг мутлақо нотаниш муҳитга мослашиш жараёнини бошдан кечиради. Бу пайтда нафас олиш ва овқатланишдан тортиб, кўриш, ҳаракатланиш ва бошқа кўплаб физиологик жараёнларга кўникиши учун у бир қатор стрессларни бошдан ўтказиши керак бўлади.

Дарҳақиқат, бола чинқириб йиғласа оналар хавотирга тушишади. Шуни айтиш муҳимки, аввало йиғи янги туғилган чақалоқларда меъёрий ҳолат ҳисобланади. Гўдак фақат бир жойи оғрисагина йиғламайди. Йиғлаш воситасида унинг нафас, юрак-асаб тизими фаоллашади, ўпкаси кенгаяди. Шу билан бирга боланинг қорни очса, уйқуси келса, чанқаса ҳам йиғлаб ўз эҳтиёжлари ҳақида дарак беради.

Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқларнинг кайфияти, уйқуси онасининг эмоционал ҳолати билан боғлиқ. Агар она боласи кўп йиғлашидан, кам ухлашидан сиқилиб асабийлашса, чақалоқнинг ҳам инжиқлиги ортади. Айнан онанинг оғир-босиқлиги, ҳис-ҳаяжонини бошқара олиши ёрдамида гўдаклар меъёрий ҳаёт тарзига кўника олади.

Шуни унутмаслик керакки, агар бола соғлом бўлиб кун давомида ўзини яхши тутган бўлса ҳам кечқурунга келиб, ухлашдан олдин бироз инжиқлик қилиши мумкин. Аслида чақалоқлар шу тарзда кун давомида тўпланган зўриқишларни чиқариб юборади. Кун бўйи янги воқеалар, таассуротларни кўриб, қабул қилган гўдак кечқурун бир кунлик йиғи меъёрини ҳам бажаришга ҳаракат қилади. Бу гўдаклардаги табиий ўз-ўзини тинчлантириш усули ҳисобланади. Бу ҳолат каттароқ болаларда чопиш, сакраш, бақир-чақир қилиш билан, катталарда эса оғир иш кунидан кейин бироз асабийлашиш билан ўтиб кетади.

Гўдаклар кун ва тунни алмаштирса…

Чақалоқларнинг уйқуси нотинч бўлишининг асосий сабаби ичак микрофлорасини меъёрий ҳолатга тайёрловчи оғриқлар ҳисобланади. Улар бола 4-6 ойлик бўлганда ўтиб кетади. Чақалоқ 6 ойлик бўлгунича уйқуси нотинч бўлиши, уйқуда кўп қимирлаши, кулиши, афтини буриштириши мумкин.

Гўдаклар уйқусининг яна бир хусусияти шуки, уларнинг уйқуси кун ва тун билан боғлиқ эмас. Болажон кун бўйи ухлаши, тунда эса бемалол ўйнаб ўтириши ҳам мумкин. Айрим кичкинтойлар 1,5 ойлик бўлганда кун ва тунни алмаштиришдан тўхтайди. Бу даврга келиб чақалоқларда кундузи уйғоқлик соатлари ортиб боради.

Болажон ухлаётганда жимликни сақлаш шарт эмас. Чунки телевизорнинг товуши ва оила аъзоларининг одатдаги суҳбатлари унинг ухлашига ҳалал бермайди. Агар гўдак уйқу аралаш сезилар-сезилмас товушларни, яқинларининг гапирган овозларини эшитиб улғайса, у бу ҳолатга кўникиб кетади. Бироқ кескин ва қаттиқ товушлар бола уйқусини бузишига йўл қўймаслик керак.

Чақалоқни нега ҳиқичоқ тутади?

Чақалоқни ҳиқичоқ тутиши кўпчиликни хавотирга солади. Лекин аксарият ҳолларда бу ҳолат ҳеч қандай хавотирга сабаб бўла олмайди. Ҳиқичоқ бу – гўдакнинг ички ва ташқи таъсирларга жавоб реакциясидир. Биласизми, ҳатто она қорнидалигида ҳам болани ҳиқичоқ тутиши мумкин. Бунда унинг қорин ва кўкракни ажратиб турувчи мушаклари янги ҳаётий шароитларга мослашаётган бўлади. Янги туғилган чақалоқларда асаб ва овқат ҳазм қилиш тизимлари мукаммал ривожланмаган бўлади. Улар мустақил ишлашга кўникиб кетгунча 2-3 ойлик бўлгунча чақалоқларнинг қорни дам бўлиши, қорни оғриши, ичи кетиши ва ҳиқичоқ тутиши табиий ҳолат.

Агар оналар эътибор берган бўлсалар, чақалоқни кўпинча овқатлангандан кейин ёки овқат вақтида ҳиқичоқ тутади. Бунда ошқозон тўлганда у чўзилиб, мушакларга таъсир кўрсатади ва болани ҳиқичоқ тутади. Боланинг ичаги газга тўлиб қорни дам бўлганида ҳам шундай ҳол юз беради.

Кўкрак ёшидаги гўдакларни ҳиқичоқ тутиши фақат ички эмас, ташқи таъсирлар билан ҳам боғлиқ. Масалан, баъзида ҳаво ванналари қабул қилганда, яъни онаси болани кўчада айлантириб юрганда, бироз совқотгани сабабли ҳам ҳиқичоқ тутади. Болани ҳеч қандай сабабсиз, жуда кўп ва узоқ вақт ҳиқичоқ тутса уни тезда шифокорга олиб бориш лозим.

  • Агар чақалоқни эмизаётганда ҳиқичоқ тутса, эмизишни тўхтатиш, вертикал ҳолатда ушлаб туриш лозим. Шунда у ютган ҳаво кекириш орқали чиқиб кетади.
  • Бола совқотганда ҳиқичоқ тутса, биринчи навбатда, уни қиздириш чорасини кўриш, кўрпачага ўраш, иссиқ кийим кийгизиш ёки қучоқлаб иситиш лозим.
  • Чақалоқни ҳиқичоқ тутганда ҳеч қандай дори ичирманг, сув ҳам берманг. Асосийси ваҳима қилманг. Негаки, ота-оналар хавотири болага тез ўтади ва у ҳам безовта бўлади.

Нега чақалоқнинг қўл-оёғи совуқ бўлади?

Янги туғилган чақалоқларда улар олти ойлик бўлгунча танада иссиқлик алмашинуви жараёнлари яхши ривожланмаган бўлади. Шунинг учун икки ойликкача бўлган гўдаклар танаси тез совқотади ва осон исиб кетади. Баъзан чақалоқларнинг қўлчалари ва оёқчалари кўкиш тусга кириб қолганини сезамиз. Бу ҳали қон айланиш тизими тўлиқ ривожланмаганлигидан далолат беради. Шу боисдан бу ҳолатга алоҳида эътибор бериб, хавотирга тушиш керак эмас. Асосийси шуки, бола ётган хона ҳарорати меъёрий даражада бўлишини таъминлаш ва болани ҳам шунга яраша кийинтириш зарур.

Қандай сўрғич бериш мумкин?

Ёш оналар, гўдагига сўрғич сотиб олишдан олдин қуйидаги маслаҳатлар билан танишиб чиқишларини тавсия қиламиз.

Сўрғичларнинг бир қанча турлари мавжуд. Масалан, латексли сўрғичлар табиий ҳисобланиб, ранги тўқ сарғиш бўлади. Улар кўпинча муддатидан олдин туғилган, заифроқ чақалоқларга тавсия этилади. Сабаби, улар оғиз ҳароратида исиб юмшайди.

Силиконли сўрғичлар сунъий материалдан тайёрланади. Улар рангсиз бўлади. Силиконли сўрғичнинг асосий хусусияти болада унга аллергия бўлмайди, латексли сўрғичдан кўра узоқроқ муддатга ярайди.

Битта сўрғичдан фақат бир бола фойдаланиши керак. Сўрғич тешилган, шакли бузилган, ранги ё шакли ўзгарган бўлса, ундан фойдаланиш мумкин эмас. Сўрғични мунтазам равишда тозалаб, стерилизация қилиш, камида 6-8 ҳафтада янгисига алмаштириб туриш талаб этилади. Сўрғични ипга илиб, боланинг бўйнига осиш ўта хавфли, у бўғилиб қолиш эҳтимоли бор.

Суҳбатни Гулшан ёзиб олди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: