Кўргазма таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилиб, унда Америка, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Полша, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги 70 га яқин нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, 40 дан ортиқ Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, 40 дан ортиқ хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этди.
Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Бунёдбек Ғафуров ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Исомиддин Нуриддинов иштирокчиларга республикамизда фаолият олиб бораётган ўқув марказлари тўғрисида қисқача маълумот беришди.
Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Сюзанна Вуд, Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Жидра Лиепина, Ўзбекистонда Британия Кенгаши директори Рейчел Айленд кўргазманинг аҳамияти ва унда ёшларнинг иштироки ҳақида сўз юритди.
– Америкада дунёнинг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари жойлашган. Ҳозирда 570 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШда таҳсил олмоқда. Биз уларнинг сафини янада кенгайтирмоқчимиз, – дейди Американинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Сюзанна Вуд. – Ўзбекистондан ўқишга бораётган талабалар асосан, бизнес, муҳандислик ва технологиялар бўйича таҳсил олишади. Магистратура йўналишида ўқиётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари, абитуриентлар ҳамда талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
– Ушбу кўргазмага ўзбекистонлик ёшларни Германияда таълим жараёнлари, илмий излар олиб бориш ва мавжуд стипендиялар билан таништириш учун ташриф буюрдик, – дейди Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Симон Кретчмер. – Бу кўргазмада бир неча йилдан буён қатнашиб келяпмиз. Иштирокимиз давомида мазкур мамлакат ёшларининг илм олишга қизиқиши, ўз келажагини ўйлаб фаол ҳаракат қилаётганига гувоҳ бўлдим.
Тадбир доирасида бандликка кўмаклашувчи марказлар, йирик компаниялар иштирокида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ҳам қатнашди.
–Кечагина шу кўргазма ҳақида хабар топгандим. Бугун эса бир қанча хорижий университетлар ҳақида маълумотга эга бўлдим, – дейди кўргазма қатнашчиси Кумуш Назарматова. –Бу ерда мен учун яхши имконият туғилди. Хитойда 1 йиллик тил курсида ўқийдиган бўлдим.
Икки кун давом этган кўргазмага минглаб ёшлар ташриф этди ва республикамизда ва чет элларда таълим олиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш бўйича керакли маълумотларга эга бўлди.
Шаҳноза Нуруллаева.
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли