Биз бу саволларга жавоб олиш учун невролог шифокор Дилфуза Абдуллаева билан суҳбатлашдик.
–Менингит ўзи қандай касаллик, кимларда учрайди, қандай юқади? Касаллик ҳақида кенгроқ тушунча бериб ўтсангиз.
–Менингит – ўта юқумли касаллик бўлиб, бош ва орқа миянинг яллиғланиши билан кечади. Бунда миянинг шишиши, бош чаноғи ичида босим кўтарилишига олиб келади. Хасталик мияни жиддий зарарлайди. Аксарият ҳолларда бу касалликка вирус, баъзида бактерия ёки замбуруғлар сабабчи бўлади. Касаллик жуда тез авж олади ва баъзан малакали ёрдам кўрсатилмаса ҳарорат илкис кўтарилиб, беморнинг ўлими билан тугайди.
Бу хасталикнинг менингококк инфекцияси қўзғатадиган тури шу йилнинг бошида Ўзбекистонга ҳам кириб келган эди. Яъни ушбу вирусни чет элдан юқтириб келган бемор мамлакатимизга кириб келиши билан аэропортдан тўғри юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетилгани ҳақидаги хабарларни ўқигандик. Касаллик вақтида аниқланиши натижасида бемор билан яқин мулоқотда бўлган одамлар касалликка қарши ўз вақтида эмланди ва менингит эпидемиясининг олди олинди. Бу касаллик олдин ҳам бир-иккита учраб турарди. Тўғри, бу йил хасталанганлар сони бироз ошган. Аммо инфекция кенг тарқалмаслиги учун барча чоралар кўрилган. Менингитда ўз вақтида даволанса бемор бутунлай соғайиб кетади.
Энди касаллик ҳақида тўхталиб ўтсак, менингит мавсумий хасталик бўлиб, унинг учун энг характерли бўлган давр ноябрдан апрелгача деб белгиланган. Менингит қўзғатувчиси бошқа инфекциялар каби одамлар зич яшайдиган жойларда осон тарқалади. Бу ҳаво ҳароратининг ўзгариши туфайли кишиларнинг кам шамоллатиладиган хоналарда йиғилиши, овқатланишдаги чеклашлар ва витамин етишмаслиги туфайли юз беради. Организмнинг хусусиятлари ва ижтимоий сабабларга кўра, хавф гуруҳига 5 ёшгача бўлган болалар ва 25-30 ёш оралиғидаги эркаклар киради. Иммунитет танқислиги бор кишилар ҳам унга тез чалиниши мумкин. Катта ёшдагиларда менингит кам учрайди ва бироз енгил кечади.
Касалликнинг юқиш йўллари
Ҳаво-томчи: патоген йўталиш пайтида ва акса урганда шиллиқ ва сўлак орқали ҳавога тарқатиш;
Маиший алоқалар: бемор ёки касаллик ташувчиси билан тўғридан тўғри алоқа қилиш, битта маиший воситалардан фойдаланиш (идишлар, сочиқ, тиш чўткаси).
Гигиена қоидаларига амал қилинмаганда орал-фекал йўл орқали: озиқ-овқатни ювилмаган қўллари билан қабул қилиш, ишлов берилмаган, ювилмаган сабзавот, мева, кўкатлар ва ҳоказо озиқ-овқатларни истеъмол қилиш.
Гематоген: менингит қўзғатувчиларини (одатда бактериал, лекин вирусли, протозоал ва бошқа шакллари ҳам учрайди) қон орқали юқиши, бемор организмидаги инфекциянинг мавжуд ўчоқлардан қон орқали мия қобиғига тарқалиши.
Бачадон ичида ривожланиш вақтида йўлдош орқали, шунингдек, туғуруқ йўлларидан ўтишда ёки инфекциянинг ҳомилага амниотик суюқлик орқали юқиши.
Оғзаки: Менингит қўзғатувчилари билан ифлосланган сувни ютиш (сув омборларида, дезинфекция қилинмайдиган жамоат бассейнларида тасодифан ютиш, ифлосланган сув ичиш) ва ҳоказо.
Менингит ривожланишига туртки бўладиган инфекцияларнинг энг кенг тарқалган юқиш йўли – ҳаво-томчи йўли. Яъни, касаллик юқиши учун беморнинг сиз томонга қараб аксиришининг ўзи етарли бўлади.
Маиший турмушда бемор ёки касаллик ташувчиси билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш, умумий идишлар, сочиқ, тиш чўткаси, озиқ-овқатни ювилмаган қўл билан ейиш, сабзавот, мева, кўкатлар ва ҳоказоларни ювмасдан истеъмол қилиш касалликка олиб келиши мумкин.
Шунингдек, менингит қўзғатувчилари қон орқали юқиши ҳам мумкин. Бемор организмидаги инфекциянинг мавжуд ўчоқлардан қон орқали мия қобиғига тарқалиши менингитга олиб келади.
Инфекция оғиздан ҳам ўтади. Мисол учун, менингит қўзғатувчилари билан ифлосланган сувни ютиш (сув ҳавзаларида, дезинфекция қилинмаган бассейнларида) натижасида ва ҳоказо.
– Менингитнинг аломатлари қандай?
– Менингитда кўпинча бирдан ҳарорат кўтарилади (40°С гача). Бемор совқотишдан шикоят қилади. Бундан ташқари, бош чидаб бўлмас даражада оғрийди. Бу оғриқ баъзан бўйинга ҳам тарқалади. Шундан бемор бошини орқага қийшайтириб олади, энса мушаклари қаттиқлашади. Бемор бошини орқага қайириб ётиб қолади. У ҳушини йўқотиб, комага тушиши ёки тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Бундан ташқари, ёруғликдан қўрқиш, кўз ёшариши кузатилади. Нарсалар иккита бўлиб кўринади, беморнинг кўз олди хиралашади, қорни оғриб, кўнгли айнийди, қайт қилади. Тиззани букиш қийинлашади.
Ёш болаларда касаллик белгиларини аниқлаш жуда қийин, чунки уларда ҳарорат кўтарилиши ёки мушакларнинг қаттиқлашиши каби аломатлар доим ҳам кузатилмайди. Бола қайсар, ҳолсиз, камҳаракат бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолиб, кўп қуса бошлайди.
Хасталикда терига қизил тошмалар тошади. Уларни иссиқлик тошмаси билан адаштирмаслик учун «стакан тести»ни ўтказиб кўриш керак. Бунда катталар ёки болаларнинг тошма тошган жойига шиша стакан босиб кўрилади. Иссиқлик тошмаси бўлса, стаканни босганда йўқолиб кетади. Стакан босганда теридаги қизил тошмалар изи кетмаса касаллик хавфи мавжуд. Бунда зудлик билан тез ёрдам чақириб, беморни шифохонага олиб бориш зарур. Уй дезинфекция қилиниши ва оила аъзолари врач текширувидан ўтказилиб, назоратга олиниши лозим.
–Менингит юқмаслиги учун нима қилиш керак?
– Менингитнинг олдини олиш учун аввало одамлар бу инфекция кенг тарқалган мамлакатларга, вилоятларга сафарга боришдан эҳтиёт бўлишлари керак.
Хасталикдан тўлиқ ҳимояланиб бўлмайди, чунки уни қўзғатувчи барча инфекцияларга қарши ҳамон вакциналар йўқ. Фақат менингококк, пневмококк, b типидаги гемофиль таёқчаси, паротит (тепки), қизамиқ, сувчечак ва гриппга қарши эмланиш мумкин. Албатта, шу қўзғатувчиларнинг юқиш хавфи бўлганида беморнинг яқин кишилари эмланиши зарур. Эмлаш бир қатор вирус ва бактериялардан ҳимоя қилади.
Касалланмаслик учун эса санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш керак, холос: қўлни тоза тутиш, бадантарбия, хонани шамоллатиб туриш, уйни ҳўл латта билан тозалаш шулар жумласидан.
Касаллик белгилари пайдо бўлганда вақтни кечиктирмасдан беморни шифохонага олиб бориш керак. “Тез ёрдам” келгунча хонада тинчлик сақлаб, чироқни ўчириб туриш зарур. Беморни стационарга ётқизишга қаршилик қилмаслик керак. Чунки касаллик фақат малакали тиббий ёрдам кўрсатилганда тўлиқ даволаниши мумкин.
–Менингитни қандай қилиб тўлиқ даволаса бўлади? Қандай асоратлар қолиши мумкин?
–Албатта, энг муҳими – ўз вақтида муолажани бошлаш керак. Менингококк инфекциясида касаллик жуда тез кучайиб кетади. Шунинг учун шубҳа туғилганда, дарҳол шифокор чақириш талаб этилади. Агар бемор ўз вақтида шифохонага олиб борилса, у 10 кун ичида тузалиб кетади. Бемор комага тушган ҳолатларда даволаш муддати чўзилиб кетиб, асоратлар қолиши мумкин. Баъзи ота-оналар боладан орқа миядан суюқлик олиб, текшириб кўришга қаршилик қилади. Ушбу муҳим текширувга тўсқинлик қилиш мумкин эмас. Чунки мия суюқлигини олиб текшириш, мия ички босими ошиб кетишининг олдини олади.
Асоратлар ҳақида тўхталганда, агар касаллик тўғри даволанмаса сурункали бош оғриқлар, ўта инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг сурункали тарзда ошиб бориши, хотира бузилишлари, паришонхотирлик, баъзан эшитиш пасайиши, тутқаноқ ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш кабилар вужудга келиш хавфи бор. Бундай ҳолларда невропатолог назоратида даволаниш талаб этилади.
Гулшан суҳбатлашди.