Занги ота нега ўзидан 15 ёш катта аёлга уйланган?

Туризм тарғиботи мақсадида Тошкент вилоятига сафарга чиққан журналистлар муқаддас Зангиота қадамжосида бўлишди. Мажмуанинг диний ходими Файзиаҳмад Мелибоев Занги ота ва унинг умр йўлдоши Анбар она ҳаёти ҳамда мазкур мақбаранинг тарихи ҳақида батафсил ҳикоя қилиб берди.

Буғдойранг инсон бўлгани учун уни “Занги ота” деб чақиришган. Исмлари Ойхўжа, араб сулоласидан, Арслонбобнинг набираси бўлган. Ўзи эски шаҳарда, Чорсуда Самарқанд дарвоза маҳалласида туғилиб ўсган. Занги ота 25 ёш вақтида Хоразмшоҳнинг 40 ёшли қизи Анбар онага уйланган ва Тошкент вилоятида яшашни ихтиёр қилган. Бу зот тасаввуф илмига бой нақшбандия ва яссавия тараққиёти илмини ўрганишга ўзини бағишлаган.У Ўрта Осиё бўйлаб исломни тарғибот қилган. Асл касби чўпон бўлган Занги ота маҳалладошларининг чорвасини боқиб элдошларига хизмат қилган.

Ривоятларга кўра Занги ота фарзандсиз ўтган ва таҳминан 86 ёш умр кўрган. Унинг аёли Анбар она – ХII асрнинг охирларидаги Хоразм шоҳи Бўғрохоннинг қизи эди. Шоҳ ўз қизини Сулаймон ота (Ҳаким ота, Занги отанинг устози)га турмушга беради. Улар 3 нафар ўғил кўрадилар. Бироқ Ҳаким ота ёш вафот этади. Ўлимидан олдин ўғилларига васият қилган: “Болаларим, вафотимдан кейин мени 40 нафар авлиё йўқлаб келади. Улар ичида бир бўйи ҳаммадан баланд, қўлларида асоси бор авлиё ҳам бўлади. Онангизни шунга турмушга узатинглар”, – деган.

Анбар она шоҳ қизими?

Занги ота устозининг васиятларига кўра ўзларидан ўн беш ёш катта, уч болали аёлга уйланади. Шоҳнинг қизи бўлишига қарамай, Анбар она авлиё Занги отанинг хизматини қилган ва дуосини олган. Анбар онанинг ўзи доялик қилиб, элга хизмат қилган экан. У ўз покизалиги, хулқу одоби билан ўша пайтдаги аёлларга ибрат бўлган. Анбар она ва Занги ота таҳминан ХIII аср охирларида кетма-кет, бир йил орасида вафот этишган. Занги ота ўз чиллахонасига, Анбар она ва унинг қайнонаси (биринчи турмушидаги қайнонаси Анбар она билан умрининг охиригача яшаган) ўз ҳовлисига дафн этилган. Улар вафотидан таҳминан 100 йил ўтгандан кейин соҳибқирон Амир Темур бошчилигида мақбаралар қурила бошлаган. Амир Темурдан кейин унинг набираси Мирзо Улуғбек мақбара қурилишини давом эттирган. Унинг пештоқларига қуръон оятлари ёзилганлиги ва бошқа нақшинкор элементлари Мирзо Улуғбек даврида қурилган мақбараларга жуда ўхшайди. Бу мақбара бир неча марта қайтадан таъмирланган лекин ўша пайтдаги ҳолати сақлаб қолинган.

Мажмуадаги кичик ҳужралар бу ер тарихда мадраса – таълимгоҳ бўлганлигидан далолат беради. Кейин ХVII асрдаги хонлик даврида бу ерда 350 ўринлик хонақо (масжид) қурилган.

Бу маскан илк мустақиллик йилларида ҳам таъмирланган эди. Кейинчалик 2013-2014 йилларда қайта таъмирланиб, эски масжид ўрнига 750 ўринлик масжид қурилди. Таҳоратхоналар, атрофдаги барча объектлар, боғлар барпо этилди. Ҳозирда бу қадамжога келувчи зиёратчилар ва хорижий сайёҳлар сони аввалгиларга қараганда анча кўпайган. Айниқса бутун республикамиз туманларидан кўплаб ҳамюртларимиз келиб, Занги ота ва Анбар она қабрини зиёрат қилишади, уларнинг аҳил турмуши, ахлоқ-одоби, устоз ва қайнона олдидаги иззат-ҳурматидан ибрат олишади. Шунингдек, қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон давлатлари фуқаролари ҳам келиб, бу азиз авлиёлар масканини зиёрат қилиб кетишмоқда. Зиёратгоҳлар инсонларга руҳий хотиржамлик бағишлайди. Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва медиа-тарғибот ишлари зиёрат туризмини ривожлантиришга бевосита ҳисса қўшмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА

Фото: Камил Еникеев.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: