Кўпчилик одамлар ортиқча вазн билан курашишда инсонга фақат ирода керак, деб ўйлашади. Аммо олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бунда ироданинг ўзи етарли эмас экан. Бошқа бир нечта омил ҳам борки уларнинг таъсири остида сиз семириш ва озишингизни назорат қила олмайсиз. Булар қуйидагилар.
Микроблар
Ҳар бир одамнинг ичагида (нафақат ичаги, бутун организмида) минглаб турли микроорганизмлар қўним топган. Деярли 47 фоиз ҳолатларда улар вазн ошиши ёки камайишини бошқариши мумкин.
Эгизаклар иштирокида ўтказилган бир тадқиқотда ҳатто генетик жиҳатдан қариндош бўлган одамларда ҳам метаболизм турлича бўлиши мумкинлиги исботланган. Эгиз туғилган инсонларда ҳам уларнинг ҳар бирининг семириши организмида қанча бактерия ва бошқа микроблар бўлиши билан белгиланади.
Олимлар таъкидлашича одамнинг ичига микроблар ёки очофат паразитлар кириб олишига биринчи ўринда озиқ-овқатлар сабаб бўлади. Сиз истеъмол қилаётган нарсани “бир ўзим еяпман” деб ўйлайсизми? Йўқ, луқмангизда сизга шерик бўлишга тайёр паразитлар ҳам бўлиши мумкин. Улар асосан донли маҳсулотларда, мева-сабзавотларда, дуккаклилар ва ёнғоқларда кўп бўлади.
Генетик мойиллик
Бу ҳақда сиз аллақачон билиб олгандирсиз. Генлар вазн тўплашга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Ота-онангиз семиришга мойил бўлган бўлса, қанча парҳез тутманг сиз ҳам осон семирасиз. Генлар ҳатто сизнинг қайси егуликни севиб истеъмол қилишингиз, тушликда қанча овқат ейишингиз, иштаҳангиз қандай бўлиши, ҳатто организмга тушган калорияни қандай қайта ишлашингизни ҳам белгилаб беради.
Кеча ва кундуз
“Нонуштани ўзинг е, тушликни дўстинг билан баҳам кўр, кечки овқатни душманингга бер” деган мақолни эшитгандирсиз? Агар шундай қилмасангиз, еган овқатларингизнинг оқибатини кўзгуда кўрасиз. Бу гапга тушундингизми? Яъни кўп есангиз кўзгудаги қиёфангиз борган сари тўлишиб бораверади.
Бу бизнинг ички биологик соатларимиз билан бевосита боғлиқ. Албатта, истеъмол қилинган овқат кундузги соатларда осон ҳазм қилинади. Тунда эса метаболизм секинлашади ва ширинлик ҳамда ёғларни сусткашлик билан парчалайди. Шу сабабдан ҳам кундузи ухлаб, кечаси навбатчиликда турадиган одамлар кўпроқ семиришга мойил бўладилар.
Шифокорлар ва парҳезшунослар ҳам эрталаб тўйиб овқатланишни, кечки соатларда эса иложи борича камроқ ейишни бежиз тавсия қилишмайди.
Иштаҳа
Инсонлар истеъмол қилинган овқатнинг калориясини ҳисоблашмайди ва кўп овқат еб қўйганини билишмайди. Баъзан адашиш меъёрий калориядан 30-50 фоизгача ошиб кетади. Бунинг олдини олиш учун биринчи ўринда иштаҳа очувчи нарсаларни кўз-кўз қилиб қўймасликка ҳаракат қилинг. Масалан, бир тарелка печенье қўйишга одатланган бўлсангиз, унинг ўрнига столга идишдаги меваларни қўйиш сиз учун фойдалироқ.
Иккинчидан, севимли маҳсулотларингиздан бутунлай воз кечишни хоҳламасангиз, кундалик рационингизда уларнинг калориясини камайтиринг.
Учинчидан, порция (бўлак)ларни камайтиришнинг ҳам аҳамияти катта. Масалан, аввал бир бўлак нон еган бўлсангиз, энди бу миқдорни яримтага туширинг. Бу чекловларнинг самарасини бел айланангиз ўлчови камайганидан билиб оласиз.
Гормонлар
Инсон организмидаги гормонлар ўзгариши, жумладан очлик гормони ошиши ҳам вазнни назорат қилишга ҳалал беради. Бунинг олдини олиш учун тўқлик гормонининг кўпайтириш керак. Стресс очлик гормони ошишига олиб келади. Демак руҳий мувозанатни сақлай билиш лозим.
Тадқиқот:
Айни вақтда турли мамлакатлардаги олимлар гормонлар қабули ёрдамида озиш мавзуида тадқиқот олиб боришмоқда. Бу тадқиқот шундан иборатки семиришга мойил кишиларга иштаҳани туширувчи гормонлардан укол қилинади. Натижада улар кам еб, тез тўйишади ва тез муддатда бир неча ўн килограмм вазн ташлашга эришишади.
Семиришга қарши гормонал терапиянинг ижобий ва салбий жиҳатлари текшириб кўрилгандан сўнг шу асосдаги дори препаратларини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Гулжаҳон ЙЎЛДОШЕВА, олий тоифали шифокор.