Ширинликлар, пишириқлар, тортлар ортиқча вазнга олиб келишини биламиз. Аммо шундай ширинликлар борки улар организмни керакли витамин ва минераллар билан тўлдиради лекин семиртирмайди. Бундай ширинликларнинг 100 граммида атиги 150 ккал. қувват бўлса-да мазаси ҳақиқийсидан аълороқ. Уларни уй шароитида ўзингиз тайёрлашингиз ҳам мумкин. Масалан туршакли конфетлар ва творогли кремлар шулар жумласидан. Сизга уларни тайёрлаш бўйича маслаҳат бермоқчимиз.
Туршакли конфетлар. Уларни тайёрлаш учун ишни 150 грамм майдаланган туршак, ярим пиёла сув, ярим чой қошиқ долчин, 1/4 чой қошиқ мускат ёнғоғи ва шунча миқдорда кардамонни паст оловда қайнатишдан бошлайсиз. Қайнаб чиққач, туршак юмшаб кетгунича паст оловда милтиллатиб қўясиз. Сўнг совитасиз. 30 грамм қовурилган седана, 2 пиёла мюсли (турли донлар ва мевалар аралашмаси)ни майдалаб, биринчи масаллиққа қўшасиз. Сўнг думалоқ шаклга келтириб, кунжут билан қоплайсиз ва 30 дақиқага совуткичга қўясиз.
Творогли крем. Бундай фойдали кремнинг 100 граммида 70 ккал, мавжуд, устига-устак уни тайёрлаш ҳам жуда осон. Демак, 4 ош қошиқ ёғсиз творогга 2 ошқошиқ асални аралаштиринг. Алоҳида идишда яримта бананни эзиб, асосий масаллиққа қўшинг. Бундай ширинлик тайёрлашда хоҳишга кўра бошқа мевалардан ҳам фойдаланса бўлади.
Гулшан тайёрлади