Яшил нўхат инсонлар таомномасига киртилган энг қадимий озиқ-маҳсулотлардан саналади. Ҳозирда бу дуккакли ўсимлик субтропик иқлимли ҳудудларда етиштирилади. Нўхатнинг ловиядан фарқи — енгил ҳазм бўлувчи озиқлар қаторига киришидир.
Янги нўхат доначаларининг юз граммида 16 микрограмм фолий кислотаси бўлиб, бу кундалик истеъмол меъёрининг 16 фоизини ташкил қилади. Фолий кислотаси ДНК ҳужайралари синтези учун жуда зарур.
Яшил нўхат таркибида холестерин бўлмайди. У — оқсил ва клечатка манбаи. Бундан ташқари яшил нўхатда саломатлик учун зарур бўлган маъданлар, минерал, витамин ва антиоксидантлар кўп. У ловия ва қора нўхатга нисбатан кам калорияли сақлайди. Масалан, юз грамм яшил нўхатда бор-йўғи 81 килокалория мавжуд.
Шунингдек, янги яшил нўхат доначаларида аскорбин кислотаси (С витамини) кўп миқдорни ташкил қилади. Яъни юз грамм яшил нўхат таркибида 40 мг С витамини мавжуд. Унутманг, С витамини инсон танасининг юқумли хасталикларга нисбатан иммунитетини оширади.
Нўхат кўз нурини оширади
Яшил нўхат таркибида тери саломатлиги, кўриш қобилияти учун зарур бўлган А витамини етарлича мавжуд. Шунинг учун уни салат ва таомлар тайёрлаганда кўпроқ ишлатиш мақсадга мувофиқ.
Умуман яшил рангли мева-сабзавотлар ва дуккакли ўсимликларда инсон организмидаги холестерин миқдорини меъёрлаштирувчи хусусият мавжуд. Яшил нўхат К витаминига ҳам бой. Унинг юз граммида 24,8 микрограмм (кундалик истеъмол меъёрининг деярли тўртдан бир фоизи) К витамини (филлохинон) мавжуд. К витамини суяк ҳужайралари фаоллигини оширади ва суяк шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Яшил нўхат альцгеймер хасталигининг ривожланишини секинлаштириш хусусиятига эга, деган тахминлар ҳам йўқ эмас.
Бундан ташқари, фойдали витамин ва антиоксидантлар манбаи бўлгани учун яшил нўхат ўпка ва оғиз бўшлиғи яллиғланиши, ҳатто саратон хасталигининг олдини олишда ёрдам беради.
Сотиб олаётганингизда нўхат доначаларининг ранги ва туришига аҳамият қаратинг. Ҳеч қачон сарғайган ва бужмайган яшил нўхатни сотиб олманг. Сархил нўхатни оғзи ёпиқ идишга солиб совиткичда 2-3 кун, музлатилганини эса бир неча ой мобайнида сақлаш мумкин. Консерваланган яшил нўхатни узоқ сақлаш мумкин эмас, салатларга солиб, иложи борича тезроқ ишлатиб юбориш керак. Очилган консервали нўхатни 1 кундан сўнг ишлатиш тавсия этилмайди.
Собир ҲАМИДОВ, доришунос