Лойиҳадан мақсад вилоятда фаолият кўрсатаётган туристик объектлар, дам олиш масканлари, зиёратгоҳлар, меҳмонхона ва тамаддихоналардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ОАВ воситаларида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Ахборот сайёҳлари аввал “Зангиота”га ташриф этиб, авлиёлар пойи қадамини зиёрат қилишади. Сўнг «Chin ross trayd» меҳмонхонасида сайёҳларга яратилган қулайликлар билан танишадилар.
Кейин Паркент туманидаги Аминжон Муҳаммаджонов хусусий корхонасида етиштирилаётган ноёб ўсимликлар ва манзарали арча ниҳоллари парвариши, бу ердаги агротуризм имкониятлари ҳақида маълумот оладилар. Шу билан бирга тумандаги Хисорак “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш институтига ташриф қилишади. Сўнгра Паркент тумани “Кумушкон тараққиёт инвест” МЧЖ томонидан қурилаётган туризм мажмуасига саёҳат уюштирилади.
Гуруҳ аъзолари Паркент туманидаги “Ҳазрат Али” зиёратгоҳида муқаддас авлиёлар руҳига тиловат қилишгандан сўнг “Сумча” дам олиш масканига жойлаштирилади.
Ундан кейин Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош” МФЙдаги “Романов” дам олиш масканига, “Хожикент” МФЙдаги меҳмон уйига, “Евроазия индастри” МЧЖ янги қурилаётган “Қоя” номли меҳмонхонага бориб, сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ва бунёдкорлик ишлари билан танишадилар. Шунингдек Бўстонлиқ туманидаги “Чимён” МФЙда “Ёшлар спорт маркази” ХК томонидан қурилган “Сурпа” меҳмонхонасини, “Радикс” МЧЖ томонидан барпо этилаётган соғломлаштириш масканини бориб кўришади. Сафар чоғида ташриф қилинган объектлардаги янгиликлар, қизиқарли маълумотлар ҳамда фотосуратларни келгуси лавҳаларимизда ёритиб борамиз.
Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент шаҳри