«Сени қандай қилиб унутай ахир, ёдинг илк муҳаббат ёдидай ширин…»

ОДИЛ ИКРОМ

1960 йил 26 январда Тожикистоннинг Исфара туманидаги Кўлкент қишлоғида туғилган.

«Уфқ дарахти», «Таҳажжуд», «Узлат», «Таҳаммул» номли шеърий китоблари нашр этилган. “Хаёл мақбараси” номли шеърий тўплами – нашр арафасида.

1985 йилдан 2000 йилгача Ўзбекистон Радиоси адабий-драматик эшиттиришлар Бош редакциясида ҳамда Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси қошидаги Таржима ва адабий алоқалар Марказида ишлаган.

Муҳаммад Иқбол (Покистон), Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур (Эрон), тожик шоирларидан Нақибхон Тўғрал, Лойиқ Шерали, Озарахш, Фарзоналарнинг шеърий китобларини, шунингдек, Заҳирий Самарқандий, Муҳаммад Субҳонларнинг насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асарини ҳамда Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини ўзбек тилига ўгирмоқда.

Тожик шоирлари Лойиқ Шералининг “Онагинам”, Фарзонанинг “Ишқ тасбеҳи”, Озарахшнинг “Хайрли тонг”  ҳамда “Замонавий тожик шеърияти антологияси” китоблари Одил Икром таржимасида нашр этилган.

*    *    *

Қаерларда эдим…

Ўзимдан нари,

Кун кўрдимми сени кўрмаган кунсиз?

Қисматнинг бағри тош гўяндалари

Қадринг қабри узра йиғлади унсиз.

Кўнглимдан кўнглингга ахтармай дарча,

Толеим дарзига изладим ямоқ.

Офатдан ҳол сўрдим шармандаларча,

Жонинг зулматлардан сўрганда талоқ.

Менда ҳам бор эди толиблик таъби,

Бахтим – сендан кичик, ёшим – каттароқ.

Кундага бош қўйган гуноҳкор каби

Кимнинг жуфти эдим – тоқатлари тоқ?

Ғафлат гирдобига чўкди дарёлар,

Хаёлинг мулкидан тониб кетди эрк.

Бошингдан бетиним кечди савдолар,

Гадонинг ризқига мўлтайган итдек.

Қуруқ туҳматларнинг этагидек нам –

Дилни тутқун этди тавқу тамғалар.

Осойиш тополмай ўтди ложарам,

Қорсиз қаҳратондай юпун лаҳзалар.

Огоҳлик уйғотар қўрқув, таҳлика,

Балокаш бардошга айланди боринг.

Эрмакдай туюлар иғво аҳлига,

Киприкка осилиб, чайқалган зоринг…

Қаерларда эдим…

Ўзимдан узоқ?

Бир таскин овутар озурда жонни:

Кўнглим саҳросида ўсган бир титроқ

Тоғдай кўтарилар…

Ўпар осмонни…      

***

Қайдадир бир юрак яшайди нотинч,

Қақшатиб, қақшайди кимнингдир қалби.

Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,

Чораси қолмаган зардуштий каби.

Ҳозирча, тунларнинг пойгоҳидаман,

Мени чорламоқда залолат арши.

Мени қарши олар озурда туман,

Озурда юрагим – туманга қарши.

Ҳаммани бездирдим, ҳаммадан безиб,

Қачондир саргардон кезганман бунда.

Ҳаммани кечирдим, ҳаммадан кечиб,

Ҳилол даргоҳига сиғмаган тундай.

Қайси бир жасадга бўлдим кафанлик,

Қайси бир кафанга чулғанди бахтим?

Ақлимни тўлдирди қай бир баландлик,

Қайси бир чуқурни тўлдирди ақлим?..

Ёмғир ҳам ювмади юраклар доғин,

Менга ҳамроҳ бўлиб чарчади шамол…

Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,

Чораси қолмаган зардуштий мисол.

*    *    *

Яна ғолиб келди нохуш таъбирлар,

Ғойибдан келмас нур – субҳига содиқ…

Йўлингда дуч келган ҳиссиз бағирлар –

Эгасиз ўликнинг кўзидай очиқ.

Ёвузлик тийнати ўзгармайди, лек,

Ҳар лаҳза ўзгарар ёруғлик урфи.

Бўйнингга осилди миннат тавқидек

Шарақлаб очилган эшиклар қулфи.

Тунлар – қора мушук,

Ўтмоқда бир-бир,

Жонингга ялиниб тегар бир қарғиш.

Беҳангом хатардан сесканар дилгир,

Дўпписин уч марта айлантирган қиш.

Кўз ёшинг кўзингдан қадимийроқдир,

Аввалинг айбига анжоминг – гувоҳ.

Серсавлат савобдан самимийроқдир

Хавфу умид аро мунғайган гуноҳ…

Кечиб кетолмайсан ўзингдан ҳамон,

Бор этиб ўзингда йўқликларингни.

Ҳасрат қузғунлари чайнар беомон

Кўнглингни тўқ тутган шўхликларингни.

Ғўдайган муҳитда топилмас бир мард,

Таҳдидлар бақрайиб турар бошингда.

Орзу айбдор эмас, сохта эмас дард,

Бахт – бачкана эмас сенинг ёшингда.

Умидинг уланар узун тунларга,

Бамисоли кўрнинг кўрган тушлари.

Сендан салом айтар ёруғ кунларга

Қафасдан мосуво қадринг қушлари.

Қайғурма, тўмтоқ тиғ зарбаси – қалтис,

Ошкор этма жонинг жароҳатини.

Кўнглингни синдирган тош диллар ҳаргиз

Синдиролмас кўнгил таҳоратини…

Айёш айёмидан ахтариб сурур,

Итлар тураверсин, ҳозирча, ҳуриб.

Ҳисларим мозорин тўлдирган, эй, Нур,

Ёдимга келарсан

Бир кун

Югуриб…

***

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,

Юраклар – таланган маъводай юпун.

Орамиздан ўтар ҳар дуойи бад,

Орамиздан ўтар Худо урган тун.

Баъзида, юракни кўмар нолага,

Юраклар оралаб ўтган ер изи.

Баъзида, осмон ҳам тушар орага:

Зарҳал ҳарф битилган чўчқа териси.

Орадан ой ўтар – ойсиз тунларим,

Орадан йил ўтар – чўзилган қасос.

Сенсиз ўтаётган менинг кунларим

Менинг гуноҳимдан ўтмайди, холос.

Орадан бешафқат ўтиб кетар вақт,

Биз бевақт қартайган норасидамиз.

Бизнинг орамизда нима қолди, айт,

Жавоб бер, кимларнинг орасидамиз?..

***

Кўзингда бир калом тентирар унсиз,

Кўзингда бир қайғу жилмаяр маъсум.

Ахир, мен – кафанга ўралган бир ҳис,

Кўзларинг оқига чулғанган мардум.

Ахир, мен – заминда яшаган осмон,

Ахир, мен – осмонга етмаган овоз.

Ахир, бу дунёнинг ростлиги – ёлғон,

Ахир, бу дунёнинг ёлғонлиги  – рост.

Ахир, бу дунёда мен бошқа дунё,

Меники эмас бу ўткинчи кадар.

Ахир, мен қирқ йилда бўлай деб бунёд,

Кечдим тўққиз ойлик дунёдан бадар.

Жисмимни киннадай ёриб кирган жон

Чақирганим билан чиқмас бир муддат.

Ёлворганим билан ёришмайди тонг,

Ҳайдаганим билан кетмайди зулмат.

Айтсанг-да – айтмасанг кетарман тўзиб,

Гумроҳман – йўлимга тикаверма кўз.

Ахир, мен – дунёга ўтмаган сўзинг,

Ахир, мен – дунёдан ўтаётган сўз…            

 ***

Хазонрез боғларда жилмаяди куз,

Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.

Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,

Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.

Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,

Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,

Соғинчдан қабариб кетар юрагим,

Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.

Аммо, кетолмасман ғурбатдан қочиб,

Қайси бир турбатда тентирар танам.

Сен билан тирикдир саркаш қувончим,

Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.

Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,

Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.

Фақатгина, сенинг нафасинг уйғоқ,

Фақатгина, сенинг соғинчинг бедор.

Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,

У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.

Мен жон аччиғида титрайман, юрак –

Заққум дарахтининг япроғи…

***
Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Бебош хаёлимдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.
Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Оҳимга етса бир йўнилган оғоч…
Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Бир кун тўкилгайдир тоқати тошиб,
Ҳовучингга тўлган бир коса бода…
Нигоҳ тийғи бирлан ёдингни йўнгил,
Мунаққаш чўққилар беролмагай панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.
Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни?
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!..
Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.

*    *    *

“…Бўйнингга осилган дорлар ҳазиндир,

Нигоҳинг тарк этар киприклар қатин.

Кўз очиб кўрганинг кўзга яқиндир,

Кўз очмай кўрганинг – кўнгилга яқин.

Кўнгил топмаганлар топар фароғат

Қўлларинг тунаган манзилни сўраб.

Юрагинг сесканар,

Даввор ҳалокат

Деворсиз ҳовлини олгандек ўраб.

Хонаки  товуқдек, осмонга учмас

Кўр кўнгил, ўзини урар зулматга.

Рақибларинг бирга курашга тушмас,

Рақибларинг бирга тушар… сувратга.

Кепакнинг қадридек ўтмоқда умринг,

Зулмат элагидан ўтган нурдайсан.

Истак туёқлари тўзғитган кулнинг

Иззат-нафси билан турмуш қургайсан.

Ақлинг, телбалигинг –

Сенга нотаниш

Зулматда топишган моховдек аҳил.

Кулгуларинг – қизил,

Мотаминг – сарғиш,

Кўргулигинг – қаро,

Кўзларинг – яшил.

Чалқайган орзулар харобасида

Ҳақир умидларинг ухлайди бедор…”

Ўтган кунларимнинг жанозасида

Бормидинг, азизим,

Кўк кийган Баҳор?!..

ХАЁЛ

Гапирма, туз сепма эски ярамга,
Эслатма, қўй энди ўшаларингни.
Захлаган хаёллар олар аланга,
Эсласам зардуштий бўсаларингни.
Қақшаган юракдай ёнар осуда,
Кўнгилнинг қўл етмас тор гўшалари.
Кўзингда порлаган тубсиз ёғдудан
Ёришар ёдимнинг жинкўчалари…
Ўзингдан кетасан… Йиғлагинг келар,
Ўзингдан кетасан ўзиб, ўзгариб.
Ҳувиллаган хона дилингни эзар,
Кўнгилни бўшатсанг, тўлар кўзларинг…
Васлни тушунмас ақли кирган ишқ,
Айрилиқ нелигин англамас фироқ.
Мадорлар қурийди, тўкилгай сиришк,
Лабларим қонади, қонмади, бироқ.
Дилимда аросат шамлари сўнди,
Ўт кетди эркимнинг қафасларига.
Чирсиллаган чўғдай кетарман шўнғиб
Хаёлимнинг қақроқ нафасларига…
Жонингга ҳар икки олам даъвогар,
Жонингга тегмасин аҳли бетамиз.
Ўшал ғайбдан келган беайб маъвога,
Агар насиб бўлса, бир кун етамиз.

ЮРАК  ЎFИРИ

Эски тегирмондай дукиллар юрак,

Ваҳмдан оқарди янчилган умр.

Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак

Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.

Жонингни ўртайди жаҳаннам тафти,

Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.

Чўғ сўраб ёлворган умидинг кафти

Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.

Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,

Кир босган ёқадай кўринар шафақ.

Fазабини сочиб, қурбини йиғиб

Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.

Қоронғи осмонда ой кетар синиб,

Сен қараб турибсан кўзингни узмай.

Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,

Манглайимни эса тер босар муздай.

Ёлғон уясида урчийди фасод,

Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.

Масхара туюлар ҳар қандай нажот,

Бўғизда булғанар зардобу заҳар.

Ютоққан ваҳмнинг харобатида

Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.

Қолмасанг қайғунинг касофатига,

Кулгунинг зўридан сингай таҳорат.

Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,

Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.

Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,

Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.

Музлаган кўнгилни овутар томуғ,

Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.

Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,

Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.

Ахир, адо қилдинг кунларни санаб,

Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.

Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,

Кўнгилни кўтариб, терлади кўзинг.

Кўргулик ўшадир, саҳфалар бўлак,

Қисмат китобининг бетлари юмуқ.

Ҳозирча, ярадор юрагинг – гўдак,

Ҳозирча, беғубор кўз ёшинг – улуғ.                      

  ***

Шаффоф сувга чўккан қуйқадай

Кўзларингга чўкдим таҳ-батаҳ.

Вужудимни буткул чулғагай

Кўзларингда кўз очган фараҳ.

Тўкиламан, киприк қоқмайсан,

Шам ёлқини титрайди, камгап.

Ёқимлисан, ёқиб-ёқмайсан,

Ёниб адо бўлмаган шамга.

Оҳ-зорларим ташлайди кўмиб,

Оҳларингни жимлигинггача.

Осмон каби кетарман тўлиб,

Кипригингдан кипригинггача.

Тўкиламан тун бўйи, тонгда

Вужудимдан қолмайди нишон.

Бу ҳилқатдан, бу тегирмондан

Чиқса, фақат, бутун чиқар жон.

***

Қўлим очилмайди, ўлгунимча то

Сендан яширганим – ўша бир нарса.

Менинг бандалигим бўлгунча бажо,

Билмайсан.

Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам

Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.

Қўлимдан келади, ахир, азизам,

Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.

 

Йўлим очилмайди, ўлгунимча то

Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.

Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,

Билмайсан.

Билмайсан, бир куни тумонат одам

Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.

Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам,

Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.

 

Кўзим очилмайди, бошқа одам у, – 

Кўзин катта-катта очиб жилмайган.

Мен сендан бир дунё яширдим мангу,

Билмайсан.

Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,

У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.

Кўзимда яшайди, ахир, азизам,

Кўзимда – кўзингнинг ёшлари.

*    *    *

Бир куни бағримдан кетсанг юлқиниб, 
Ачинма кўнглингга сиғмаганларга.
Аслида, бу дунё ўзи – кулгили,
Ёлғондан йиғлашни билмаганларга.
Менга на ўлигин ташлаб кетар ғам,
На қувонч кўрсатар буткул қаросин.
Қуварман ношукур дилдан ҳар қадам
Ўткинчи дунёнинг айшу азобин…
Савобни ҳадя қил, гуноҳни кемир,
Ҳайрон бўлма, итлар еса ҳандалак.
Тупроқ танни титиб излайсан меҳр,
Гўёки Одамга тиз чўккан малак.
Мард ўлик яхшидир қўрқоқ тирикдан,
Ҳиммат сандиғида сақланмайди кек.
Одам қадрламас бекорчиликдан,
Худди, ваъда бериб туғилмагандек.
Мендан мени сўра, айламасман рад,
Улашсам, етади мухтасар умр.
Ночор қолсам, сендан сўрмасман мадад,
Хафа бўлсам, сен ҳам сўрама узр.
Чуқур сўзларингдан чиқмаганларга
Ёрдам бер, ботмасин ҳасрат тирноғи.
Ишонма ҳолимга йиғлаганларга,
Ишонма, маймунлар ўзи – йиғлоқи…

Қайғу гули

Масрурман, оловинг ёндирар мени,

масрурман, ёдингда йиғлайман бедор.

Масрурман, васлингдан кейин эзилиб,

безавол ишқингдан йиғлайман зор-зор.

 

Орамизга тушган айрилиқдан сўнг

бошқа ўйламайди, деб қилма гумон.

Фақат, сенинг ўтинг ёндирар мени,

сенинг оловингда ёнгайдир бу жон.

 

Тунлар дарахтзорнинг бир чеккасида

ўз ғамидан Корун кетганда тошиб.

Гўё ҳасратимнинг фарёди келар,

тинган тўлқинларнинг бўғзидан жўшиб.

 

Ошкор бўлган дардим бўлар намоён,

бир зум қирғоқ узра ўтирсанг тунда.

Ўшанда соянгга ташласанг назар,

беқарор руҳимни кўрарсан унда.

 

Тонг шамолин совуқ лаблари билан

сен учун тарона ўқийман ҳар он.

Мен ўша юлдузман, порлаган ҳар тун

саройинг осмони узра дурахшон.

 

Мустаҳкам қалъадай, иккимиз аро

ястанса бепоён саҳролар, не ғам.

Мен ўша каптарман, қанотин ёйган,

дарё кенглигида, танҳоликда ҳам.

 

Масрурман, қуриган шох янглиғ тағин,

қаҳринг шуълалари ёндирса маъюс.

Шаҳринг қуёшидан қизиб, ловиллаб,

ёнаётган қайноқ вужудман ҳануз.

 

Сени қандай қилиб унутай, ахир,

ёдинг илк муҳаббат ёдидай ширин.

Ёдинг таъсирчандир кузак сингари,

минглаб жозиба-ю жило яширин.

 

Мени атаб расво, радди маърака,

иғвогар зоҳидлар устимдан кулар.

Номимни булғайди ўшалар, зеро,

одаммас, шайтондан тўралган улар.

 

Аммо, мен қайғунинг гулиман ўша, –

Ёдинг шохларида гуллаган озор.

Сени ёлғизликнинг гўшаси ичра

Менга ёр ёдингдан изларман, эй ёр.

Қаерларда эдим…

Ўзимдан нари,

Кун кўрдимми сени кўрмаган кунсиз?

Қисматнинг бағри тош гўяндалари

Қадринг қабри узра йиғлади унсиз.

Кўнглимдан кўнглингга ахтармай дарча,

Толеим дарзига изладим ямоқ.

Офатдан ҳол сўрдим шармандаларча,

Жонинг зулматлардан сўрганда талоқ.

Менда ҳам бор эди толиблик таъби,

Бахтим – сендан кичик, ёшим – каттароқ.

Кундага бош қўйган гуноҳкор каби

Кимнинг жуфти эдим – тоқатлари тоқ?

Ғафлат гирдобига чўкди дарёлар,

Хаёлинг мулкидан тониб кетди эрк.

Бошингдан бетиним кечди савдолар,

Гадонинг ризқига мўлтайган итдек.

Қуруқ туҳматларнинг этагидек нам –

Дилни тутқун этди тавқу тамғалар.

Осойиш тополмай ўтди ложарам,

Қорсиз қаҳратондай юпун лаҳзалар.

Огоҳлик уйғотар қўрқув, таҳлика,

Балокаш бардошга айланди боринг.

Эрмакдай туюлар иғво аҳлига,

Киприкка осилиб, чайқалган зоринг…

Қаерларда эдим…

Ўзимдан узоқ?

Бир таскин овутар озурда жонни:

Кўнглим саҳросида ўсган бир титроқ

Тоғдай кўтарилар…

Ўпар осмонни…                

***

Қайдадир бир юрак яшайди нотинч,

Қақшатиб, қақшайди кимнингдир қалби.

Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,

Чораси қолмаган зардуштий каби.

Ҳозирча, тунларнинг пойгоҳидаман,

Мени чорламоқда залолат арши.

Мени қарши олар озурда туман,

Озурда юрагим – туманга қарши.

Ҳаммани бездирдим, ҳаммадан безиб,

Қачондир саргардон кезганман бунда.

Ҳаммани кечирдим, ҳаммадан кечиб,

Ҳилол даргоҳига сиғмаган тундай.

Қайси бир жасадга бўлдим кафанлик,

Қайси бир кафанга чулғанди бахтим?

Ақлимни тўлдирди қай бир баландлик,

Қайси бир чуқурни тўлдирди ақлим?..

Ёмғир ҳам ювмади юраклар доғин,

Менга ҳамроҳ бўлиб чарчади шамол…

Йўлларда тириклай ёнмоқда соғинч,

Чораси қолмаган зардуштий мисол.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: