Бунинг сабаблари жуда кўп бўлиши мумкин — тўйиб овқатланмасликдан тортиб, жиддий сурункали касалликларгача ва айни вақтда коронавируснинг оқибатлари ҳам қон қуюлишига мойиллик кўринишида юзага чиқмоқда. Албатта қон қуюқлашиши билан боғлиқ асоратларнинг олдини олиш мумкин. Бунда рационга қуйида келтирилган баъзи бир маҳсулотларни қўшиш ёрдам беради.
Апельсин
Олимлар қон қуюқлашиши ва тромб ҳосил бўлишининг олдини олиш учун ҳар куни 1-2 та апельсин истеъмол қилишни тавсия қиладилар.Бир гуруҳ америкалик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларида олма, лимон ва айниқса апельсиннинг антикоагулянт таъсири аниқланди. Яъни бу меваларда қон ивишига қаршилик қилиш хусусияти борлиги маълум бўлди.
Занжабил
Юрак-қон томир саломатлигини сақлашда энг самарали маҳсулотлардан бири — занжабил. Унинг илдизида кўп миқдорда гингерол ва тўйинмаган ёғли кислоталар мавжуд. Занжабил нафақат қон томирларини тозалаш ва қонни суюлтиришга ёрдам беради, балки бутун танага комплекс кучайтирувчи таъсир кўрсатади.
Помидор
Помидор C витамини, салицилатлар ва кучли табиий антиоксидант — ликопенга бой. Бу моддалар қонни суюлтиради ва қон томирларида ёмон холестерин тўпланишининг олдини олади.
Голубика:
Бу резавор ҳақиқий фойдали маҳсулотдир. Ундаги антиоксидантлар танани мустаҳкамлайди ва ҳужайраларни эркин радикалларнинг шикастланишидан ҳимоя қилади. А, C витаминлари ва ўсимлик бирикмалари қон қуйқаларининг шаклланишига тўсқинлик қилади ва уни суюлтиради.
Ёғли балиқ
Ёғли балиқ юрак ва бутун тананинг саломатлиги учун фойдали моддалар омборидир. Мунтазам равишда балиқ истеъмол қилиш юрак-қон томир тизими касалликларининг олдини олади, қонни суюлтиради, иммунитетни мустаҳкамлайди ва қариш жараёнини секинлаштиради.
Бу муҳим!
Энг муҳими, кўпроқ сув ичиш керак, чунки қоннинг қуюқлашиши кўпинча тананинг сувсизланиши билан боғлиқ. Кунига 2-2,5 литр тоза сув ичиш тавсия этилади. Агар кўп миқдорда қаҳва ёки чой ичилса, сув миқдорини янада ошириш лозим. Сабаби кофеинли ичимликлар танадаги суюқлик етишмовчилигининг шаклланишига ҳисса қўшади.
Қандай маҳсулотлар қон қуюқлигига сабаб бўлади?
Юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ вазиятлар кузатилмаслиги учун қайси маҳсулотларни истеъмол қилиш борасида эҳтиёт бўлиш кераклиги ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Картошка
Картошкада қоннинг қуюлишига сабаб бўладиган крахмал бисёр. Юрак-қон томирида муаммоси бор одамларга қовурилган картошкани ейиш тавсия қилинмайди. Ушбу маҳсулотдан буткул воз кечиш шарт эмас, шунчаки қайнатилган ҳолда истеъмол қилинса ва меъёрга амал қилинса бўлгани.
Банан
Ушбу мевада қон қуюлишига олиб келадиган шакар ва калий кўп бўлади. Банандаги фруктоза юрак ва қон-томирлар учун хавфли бўлган липидли бирикмага айланади. Шу сабаб ҳам банан истеъмол қилишда эҳтиёт бўлган яхши.
Ёнғоқ
Ёнғоқ қон учун фойдали, ва шу билан бирга, зарарли моддаларни ўз ичига олади. Ушбу маҳсулотдаги ошловчи моддалар қон қуюлишига сабаб бўлади, ундаги омега-3 ёғ кислотаси эса аксинча, томирлар деворини мустаҳкамлайди. Зарари бўлмаслиги учун эса меъёрни билиш муҳим. Кунига 2-4 дона ейишнинг ўзи кифоя қилади.
Шакар
Деярли барча тайёр ширинлик маҳсулотлари таркибида учратиш мумкин бўлган оқ шакар, қонда глюкозанинг ошиб кетишига олиб кетади. Оқибатда қон қуюлиб, тромбоз пайдо бўлиш хавфи ортади. Шу сабаб ҳам ундан буткул тийилиш, буни имкони бўлмаганда эса оз-оздан истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Петрушка
Энг фойдали кўкатлардан бири ҳисобланган петрушка организм учун муҳим бўлган моддаларнинг кони. Аммо таркибида К витамин ҳаддан ортиқ даражада кўп экани ҳисобига, айниқса, қон босими юқори бўлган кишиларга ундан эҳтиёт бўлиш тавсия қилинади. Акс ҳолда қон қуюлиши кузатилиши мумкин.
ФАРАНГИЗ тайёрлади