Олти хил карамнинг олтмиш хил фойдаси

Организм учун зарур витамин ва минералларни қимматбаҳо цитрус мевалардан эмас, оддий карамдан ҳам олиш мумкин.   Дунёда карамнинг юздан ортиқ турлари мавжуд. Масалан, Пекин карами, брюссель карами, рангли карам, савой карами, брокколи ва кольраби карамлари барча халқлар томонидан севиб истеъмол қилинади. 

Барча карамлар инсон саломатлиги учун жуда фойдали, унда С витамини сероб, айрим турларида ҳатто цитрус мевалардан ҳам кўп.  Айниқса карам куз-қиш мавсумида вирусли шамоллаш хасталикларига қарши иммунитетни бақувват қилишимиз учун керак. Ундаги В гуруҳи витаминлари мия, асаб тизими, соч ва тери ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади, никотин кислота ёғ ва углеводларни парчалаб, энергия ишлаб чиқарилишини тезлаштиради. Карам таркибидаги кальций суяклар ва тишлар, калий эса юрак-қон томирлар учун керак. Карам кучли антиоксидант бўлиб, ёшликни сақлашга, саратонга етакловчи эркин радикалларни парчалашга ёрдам беради. Карамдаги клетчатка организмни токсинлардан тозалайди, ёмон холестеринни ҳайдайди, ошқозон-ичак тизимини қувватлаб, фойдали бактериялар учун пробиотик сифатида хизмат қилади.

Эксперт: Собир Ҳамидов, шифокор ва табиб

Карам енгил ҳазм бўладиган ўсимлик оқсилига эга. Ва, албатта, бу парҳезбоп сабзавотнинг ҳар қандай турида 100 гр маҳсулотда бор-йўғи 30 ккал мавжуд. Карам тузланганда ҳам ўз фойдалилик хусусиятларини йўқотмайди.

БРОККОЛИ

Брокколи номли карамда фойдали жиҳатларнинг сон-саноғи йўқ. Унинг таркибига кирган моддалар инсон организми учун ҳар куни, ҳар соатда керак бўлади. Брокколида 2,8 г ўсимлик оқсили, клетчатка, витаминлар, аминокислота ва минераллар мавжуд, бошқа яшил рангли сабзавотлар каби хлорофилл моддасига бой. Бу модда хавфли касалликка олиб келувчи эркин радикалларни “ювиб” чиқаради. Таркибидаги сульфорафан онкологик касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради. Ундаги бета-каротин – кўз ўтирлигига, токоферол эса табиий антиоксидант сифатида, тери ҳолатига жавобгар. Хром қонда қанд миқдорини назорат қилса, омега кислоталари чаноқ ичи босими меъёрида бўлишини таъминлайди. Фосфор хотира ва диққатни яхшилайди, мис ва темир қондаги эритроцитлар учун жавоб беради. Тўрт мучангиз соғ бўлиши учун шифокорлар кунига 70 гр брокколи истеъмол қилишни тавсия қилади.

ГУЛКАРАМ

Гулкарам парҳезшунослар ва ошпазларнинг севимли маҳсулоти. Унинг таркибида ўсимлик оқсили мўл бўлиб, бизнинг организмимиз учун қурилиш материали дейиш мумкин. Гулкарам модда алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Унда В, С гуруҳи витаминлари, калий, магний, натрий, фосфор ва кўплаб бошқа фойдали моддалар кўп, ҳеч қандай ёғ тўпланишига сабаб бўлмайдиган кам калорияли, парҳезбоп маҳсулотдир. Ундаги сульфорафан номли антиоксидант онкологик хасталикларнинг олдини олишга ёрдам беради. Гулкарам таркибида клетчатка кўп бўлгани учун ҳазм тизимини қўллаб-қувватлайди. У ҳеч қандай аллергияга сабаб бўлмайди. Уни қайнатиб, қовуриб, газ печида пишириб ва маринадланган ҳолатда истеъмол қилиш мумкин. Ҳатто пиширилмасдан салатлар таркибига қўшилса ҳам барча масаллиқлар билан келишиб кетаверади.

БРЮССЕЛЬ КАРАМИ

Карамнинг мазкур тури XVII асрда Бельгияда пайдо бўлган ва мамлакат пойтахти шарафига шундай номланган. Бу митти карам тури ям-яшил ранги билан ажралиб туради. Унинг ҳам таркибида ҳам барча дармондорилар етарли. Брюссель карамида ҳам бошқа карамларда каби Е витамини кўп бўлиб, организмни ёшартиради, танадаги ортиқча тузларни йўқ қилиш хусусиятига эга. Брюссель карамидаги рибофлавин танада углевод ва ёғ алмашинувини назорат қилишга кўмаклашади. Витамин К ва темир моддаси қон яратиш тизими учун муҳим. Унда худди брокколидаги каби ўсимлик оқсили сероб. Аммо бироз ачимтир таъмга эга бўлгани учун брюссель карамини ҳамма ҳам ёқтирмайди. Муаммони ҳал қилишга лимон ёрдам беради. Яъни таом тайёрлаш жараёнида озроқ лимон шарбати ёки қалампир, занжабил зарчава, райҳон каби зираворлардан қўшилса, тахир таъмдан асар ҳам қолмайди.

РОМАНЕСКО КАРАМИ

Бу карам тузилишидан гўё космосдан тушган мавжудотларга ўхшайди – чиройли, бурама гажакдор баргли, худди гулдастанинг ўзи! Мазаси ҳам хуштаъм, ёқимли. Қайнатилган ва димланган ҳолатда янада ширин бўлади. Курка, товуқ ва балиқли таомларга гарнир сифатида ишлатилса, жуда мувофиқ келади. Унинг таркибида ҳам озиқ моддалар, витамин ва минераллар жуда кўп, калорияси эса жуда оз. Шунинг учун ортиқча вазндан азият чекувчиларга парҳез таркибига қўшишга асқатади. Моддалар алмашинувини яхшилайди, аллергияга сабаб бўлмайди, таркибидаги антиоксидант ва бошқа моддалар сабаб кўплаб касалликларнинг олдини олиш ва даволашга хизмат қилади.

САВОЙ КАРАМИ

Савой карами оддий оқбош карамдан ғижим, бужмайган барглари билан фарқ қилади. Унинг ватани Италия бўлиб, Савойя графлиги шарафига шу ном билан аталган. Савой карамида фойдали моддаларга бойлигидан ташқари яна бир қатор ижобий хусусиятлар мавжуд. Ундаги глутатин, ёки глицин, асаб тизими фаолиятини яхшилайди, стрессларга қарши курашишга ёрдам беради, уйқусизликдан қутқариб, тўлақонли уйқуни таъминлайди. Тиамин эса ҳужайраларни қартайишдан сақлайди. Ундаги аминокислоталар кекса инсонларда мушак массасини қайта тиклашга кўмаклашади. Таркибидаги нутриентлар даражаси ва бошқа кўрсаткичларига кўра савой крами оқбош карамга қараганда фойдалироқ.

ПЕКИН КАРАМИ

Пекин карами узунчоқ шаклга эга бўлиб, тузилиши салат баргига ўхшаб кетади. У кўплаб аминокислоталар, калий ва магнийга бой. Кўпинча салат ва тузламалар учун ишлатилади. Унинг ўзини ва тузланган шаклда истеъмол қилганлар, умуман барча карамларни севиб истеъмол қилган инсонлар деярли саратонга учрамайдилар.

Пекин карамида биотин моддаси мавжуд бўлиб, глюкоза алмашинувида қатнашади, оқсилли тамоларни ҳазм қилишга кўмаклашади. Ундаги лактуцин метаболизмни яхшилайди, организмнинг аллергик реакцияларга чидамлилигини оширади. Пекин карами ҳам асаб тизимига ижобий таъсир қилади, депрессия ва стресс хавфини камайтиради.

Манбаларда айтилишича, хитойликлар қадимда Буюк Хитой деворини қурган қулларга бақувват бўлиши учун тузланган карамни кўпроқ беришган. Фақат овқат тайёрлаганда пекин карамини кўп пишириб юбормаслик ва қовурганда кўп ёғ солмаслик тавсия этилади.

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: