Эксперт: Зулхумор ОРТИҚОВА, нарколог
Албатта, хушбўй тутун ва ўзгача дизайнга биринчи навбатда ёшлар эътибор қаратади. Шу тарзда кўплаб калян ва тамакини севувчилар электрон сигаретага ўтишяпти.
Ҳозирда бу турдаги чекиш воситалари ҳақида одамлар орасида икки хил нуқтаи назар ҳукмрон. Айримлар, уларни тамакидан кўра безарар деб ҳисобласа, бошқа бир тоифа кишилар саломатликка катта салбий таъсири мавжудлигини таъкидлайди.
Ишлаб чиқарувчилар уларни тамакидан фарқли равишда йўтал рефлексини чақирмайди, таъм ва ҳид билишни издан чиқармайди, тиш эмалини сарғайтирмайди ва оддий сигареталар каби ҳиди кийимга ўрнашиб қолмайди дея таърифлашади. Олимлар эса электрон сигареталар безараргина эмас, ҳаттоки ўта хавфли деган хулосага келишди.
Тадқиқотларда электрон сигареталар суюқлиги таркибидаги хушбўй моддалар юқори нафас йўлларининг аллергик касалликларини, шу жумладан, юрак-қон томир, ўпка касалликларини келтириб чиқариши маълум бўлди. Уларнинг таркибидаги бирикмалар эса саратон ривожланишига олиб келиши мумкин экан. Албатта, электрон сигареталар ҳам тамаки каби организмни тобеликка етаклайди. Шу билан бирга бундай воситалар нафас йўлларининг яллиғланишини кучайтиради ва иммунитет тизимининг вируслардан ҳимояланиш қобилиятини пасайтиради.
Танада нималар содир бўлади?
Электрон сигареталарни доимий тарзда чекувчиларда бош мия ва марказий асаб тизими фаолиятида кучли зўриқиш юз беради. Энг аввало хотира бузилади, фикрлаш, диққат кўникмалари тормозланади, кичик моторика издан чиқади, қўл бармоқлари қалтирайдиган бўлиб қолади. Назоратсиз ичга ютилган никотинли буғ оғиз қуришига олиб келади. Агар унинг дозаси оширилса, бош оғриғи, кўнгил айниши, меъёридан ортиқ сўлак ажралиши, ич кетиши, қоринда оғриқ ва умумий ҳолсизлик каби нохушликлар юзага келади.
Дунёдаги чекловлар
Бугунги кунда дунё мамлакатларида электрон сигаретлар тақиқланмоқда. Жумладан Буюк Британияда дунёдаги энг қатъий қоидалар мавжуд. Электрон сигарет маркетингининг деярли барча шакллари тақиқланган, маҳсулотдаги никотин миқдори чекланган ва фақат 18 ва ундан катта ёшдагилар уларни қонуний равишда сотиб олиши мумкин.
Хитойда ва бошқа ривожланган давлатларда ҳам электрон сигареталарга тақиқ қўйилган. Бунинг сабаби мазкур “замонавий эрмак”нинг ёшлар саломатлиги ва хулқига таҳдиди билан изоҳланади.
Воз кечса нима бўлади?
Электрон сигаретдан воз кечгандан кейин, ўпка ҳажми ҳамда қон айланиши меъёрий ҳолатга келади, нафас олиш ва кислород танқислиги енгиллашади. Шу билан бирга организм аста-секин никотин ва бошқа зарарли моддалардан тозаланади, иммунитет ва куч-қувват тикланади.
«Жиннилик»
Ноттингем университетининг фахрий профессори, ҳукуматнинг чекишни ташлаш ҳақидаги ҳисоботи бўйича маслаҳатчилик қилган профессор Жон Бриттон шундай дейди: «Вейпингни хавфсиз деб айта олмаймиз, бу хавфлар йиғиндиси. Агар сиз бирор шаклда никотинни қабул қилмаётган бўлсангиз, электрон сигаретни чекишни бошлаш жинниликдир».
Профессор Бриттон яқин 40-50 йил ичида электрон сигарета оқибатида аҳоли орасида ўпка саратони, сурункали бронхит ва бошқа жиддий ўпка касалликлари кўпайиши мумкин дея фикр билдирди.
Вайпинг оқибатидаги янги касаллик
Сўнгги тиббиёт янгиликларида айтилишича электрон сигареталардан фойдаланиш натижасида дунёда “ЭВАЛИ” деб аталувчи янги касаллик пайдо бўлган. Бу атама «электрон сигарет вайпинг маҳсулотидан фойдаланиш билан боғлиқ ўпка шикастланиши» деган маънони англатади.
АҚШда уч мингга яқин одам ушбу хавфли ва оғир касалликдан азият чеккан ва улардан 68 нафари вафот этган. Хасталикка чалинган юзлаб одамлар умрбод ногирон бўлиб қолишлари мумкин.
ЭВАЛИ нинг хавфи, ушбу касалликни ташхислаш қийинлигидадир, чунки бугунги кунда ташхисни тасдиқлаш ёки рад этишга ишончли ёрдам берадиган бирон бир махсус тадқиқот йўқ.
Касалликнинг асосий белгилари
- Иситма, титроқ ва вазн йўқотиш. Ушбу аломатлар беморларнинг 85% да учрайди.
- нафас қисилиши, кўкрак оғриғи, йўтал — беморларнинг 95% да учрайди.
- Ошқозон-ичак тракти касалликларининг намоён бўлиши (қусиш, диарея, қорин оғриғи) беморларнинг 77% да учрайди.
- Тахикардия (тез юрак уриши) беморларнинг ярмидан кўпида учрайди — 55%.
- Гипокция.
- Қонда оқ қон ҳужайраларининг кўпайиши.
Шифокорлар бу касалликнинг ўткир икки томонлама пневмония билан ўхшашлигини таъкидлайдилар.
Оддий сигаретдан фарқи
Одатдаги сигаретларнинг асоси қоғозга ўралган эзилган тамаки баргларидир. Сигаретани чекиш жараёнида тамакининг ўзи ҳам, ўрами ҳам ёқилади. Шунинг учун, одам аслида тутундан нафас олади, яъни тутунни ютади. Электрон сигареталар учун «ёқилғи» – буғланувчи махсус суюқлик. Буғни «мазали» қилиш учун суюқликка турли хил моддалар, ифор ва таъмлар қўшилади. Уларнинг таркиби қатъий тартибга солинмайди. Никотин таъсири оддий ва электрон сигаретдан кейин тахминан бир хил бўлади ва никотинга қарамлик ҳам бир хилда шаклланади. Шу маънода электрон сигареталар одатдаги сигаретлардан кўра безарар эмас.
Яширин хавфи нимада?
Электрон сигарет (вапинг) суюқлиги таркибида никотинга қўшимча равишда буғланиш жараёнини таъминловчи мойлар ҳам мавжуд. Бу моддалар оқибатида ўпкага ёғ томчилари тушиши жиддий муаммоларга олиб келади. Бу ёғлар бронхларни ёпиб қўяди, кислороднинг ўпкага киришига тўсқинлик қилади. Натижада яллиғланиш жараёни авж олиши ва ўпкада суюқлик тўпланиши мумкин, бу эса «липоид пневмония» деб аталадиган касалликнинг ривожланишига олиб келади. Бу ўлимга олиб келадиган касаллик саналади.
Бу хавфли касалликларнинг олдини олиш чораси эса электрон сигареталар ишлаб чиқарилишини қатъиян тақиқлашдир.
Фарангиз АТАБАЕВА