Эксперт: Собир ҲАМИДОВ, шифокор ва табиб
Сув
Танани ювиш ва ичаклардаги моддаларни ҳазм қилиш ва юргизиш учун сув керак. Ҳар куни 2,5-3 литр миқдорида сув ичиш керак. Шу билан бирга қаттиқ, қовурилган таомларни камайтириб, сабзавотли шўрвалар, бўтқалар истеъмолини кўпайтириш яхши самара беради. Пешоб ранги тўқ бўлса, бу организмда суюқлик етарли эмаслигидан далолат беради.
Ҳаракат
Ҳаракат – асаб ва мушак тизимини мувозанатлашнинг энг яхши усулларидан бири. Қабзиятда енгил ҳаркат мушаклар тонусини ошириб, кичик тос соҳасидаги аъзоларнинг фаоллигини таъминлайди. Шу билан бирга юриш стресс гармонлари даражасини пасайтиради, ичакларнинг қисқаришини фаоллаштиради ва уларга ўз вазифасини бажаришга ёрдам беради. Шунинг учун ҳар куни 5000-10000 қадам юриш тавсия этилади.
Клетчатка
Сабзавот ва мевалар пўстлоғида, турли донлар, буғдой кепаги, жўхори, гуруч каби маҳсулотларда дағал клетчатка мавжуд. Улар ичаклар тозаланиши, ичак “чўнтакларида” ахлат тошларини олиб чиқиш учун керак. Клетчаткалар сувни шимиб олиб, ичакдаги нарсалар ҳажмини 4-6 марта катталаштиради ва айни вақтда уларни юмшатади. Бу эса перистальтикани кучайтиради ва овқат сўрилишини тезлаштиради. Эрийдиган клетчаткалар олма, сабзи, сули ёрмаси ва асосан, дуккаклиларда кўп бўлади. Улар ичак фаолиятини яхшилайди, чириш жараёни ва газ ҳосил бўлишини секинлаштиради. Бу маҳсулотларни ҳам етарлича истеъмол қилиш лозим.
Ёғ
Ёғ истеъмол қилганда, сафро ажралиши кўпаяди. Парчаланган ёғлар ва сафро кислоталари ичак массаси юришини яхшилайди.
Сут-қатиқ маҳсулотлари
Ичакдаги бактериялар – витамин ва минералларни ишлаб чиқаради, иммунитет тизимини мувозанатлайди, овқат ҳазм қилиш ферментларининг секрециясини тартибга солади. Нотўғри овқатланиш, стресс ҳамда антибиотикларни тартибсиз қабул қилиш оқибатида организмда патоген бактериялар сони кўпаяди. Соғлом микрофлорани тиклаш учун ҳар куни пробиотиклар қабул қилиш керак. Улар сут маҳсулотлари – кефир, қатиқ, пишлоқда мавжуд.
Чайнаш
Овқат ҳазм қилиш мураккаб жараён бўлиб, унга кўплаб омиллар таъсир қилади. Чайнаш пайтида ажратилган сўлак ошқозонга тушади ва ошқозон ширасини ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Овқат ўн икки бармоқ ичакка ўтганда ҳолатга қараб ошқозон ости бези керакли ва етарли ферментларни ишлаб чиқаради. Яхши чайналмасдан ютилган овқат бу жараённи бузади. Ичак микрофлораси, ферментлар секрецияси ва ичак перестальтикаси ютилган луқмага боғлиқ. Овқатни шошмасдан яхшилаб чайнаб ютиш керак. Қолаверса, жағ тишлари йўқ бўлса, уларни тиклаш мақсадга мувофиқ.
Халқона амаллар
Маккаи сано ўсимлигининг қуритилган барглари (бозорда бор)ни сувда қайнатасиз, қайнатмани илиқ ҳолда қабул қиласиз. Ибн Сино амалиётида самарали қўллаган бу восита жуда тез фойда беради.
Бир нечта олхўрини стаканга солиб, қайноқ сувда ивитасиз. Эрталаб шу сувни ичасиз ва юмшаган меваларни ейсиз.
Шивит ва зира уруғини 1 стакан қайноқ сувда дамлайсиз, бироз тиндирасиз. Кун давомида ½ стакандан овқатдан олдин қабул қиласиз. Бундай тиндирмани агар аллергия бўлмаса 1 ош қошиқ миқдорида чақалоқларга ҳам бериш мумкин.
Бир ош қошиқ ўсимлик мойига лимон шарбатини қўшиб оч қоринга ичасиз.
Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади