Кўз тегиши ҳақида халқ орасида жуда кўп қарама-қарши фикрлар мавжуд. Айрим ҳудудларда буни «кўзикиш» дейишади. Ёш болаларни, бахтли оилаларни, чиройли жониворларни, истеълодни, кўз тегишидан асрашади. «Кўз тегмасин» деб иримига туфлаб қўйишади. Хўш, кўз-суқ бор нарсами? Мазкур мавзу доирасида ўз вақтида Ибн Сино ҳам тадқиқот олиб борган. Бу борада халқ табобати билимдони, тажрибали провизор доришунрс Мирзамир Мирзашариповнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Дарҳақиқат, кўз тегиши бор гап. Ҳаётда кам бўлса-да, учраб туради. Хўш, сиз нима дейсиз? деган савол каминага ҳам туртки бўлиб, мулоҳаза юритишга ундади: аввало, мисол келтирамиз. Кунлардан бир куни велосипедда ишдан қайтаётиб, шаҳар деҳқон бозори йўлагидан пиёда – велосипедни етаклаб келаётсам, бир нотаниш киши эгарга назар ташладики, “велосипед эгари бошқача экан”, дея йўлида давом этди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан эгар пружинаси чирт узилдия?! Ҳайрон қолдим. Темирга кўз тегиб синибди-да, деб ўзимга-ўзим тасалли бердим…
Яна бир мисол: бир куни дам олиш куни ҳовлида ишлаётсам қўшни: сизни фалончи ака чақиряпти, тезда уни бир илож қилиб, қайтариб юборинг, дея айтиб қолди. Нега деганимда у кишини “кўзи бор” помидор кўчатларимга қараб қўйганига помидор кўчатлари қуриб қолган эди. У кишини мен яхши билар эдим. Унда кучли нур таъсир этиш хусусияти бор эди. Аҳён-аҳёнда у киши шу нур билан баъзи хасталикларни даволар эди.
Демак, кўз нури ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кучига эга экан. Кўз текканда оғиздан кўпик оқади, юрак тез ура бошлайди, икки курак ораси санчиб оғрийди. Тутқаноқ бошланиши мумкин. Бундан ташқари, кўз теккан кишининг иши юришмайди ёки бирор шикаст топади. Жаноби Расулуллоҳ “кўз тегмоғи ҳақиқатан бор нарсадир”, деганлар. Бир қариянинг уйида ёш жувонни кўриб, унинг юзидаги қорамтир доғларга қараб, унга кўз текканини айтиб, дам солиб даволашни буюрганлар.
Қадимда бир инсоннинг иккинчи инсонга узоқ масофадан ёмон таъсири борлигини ҳисобга олиб, (айниқса, аёллар танаси эркаклар кўзларидан чиқадиган нурларнинг таъсиридан сақланиши учун) улар чачвон тутиб юрар эдилар.
Замонавий тиббиётда илму-ғайб ўқитилмаганидан инсонга кўз тегиши, сеҳрланиши, уларнинг дуо ўқиб даволаниши каби нарсалар амалда ишлатилмайди.
Россия фанлар академиясининг ернинг физик ҳолатини ўрганадиган лабораториясида аниқлашларича, ҳар бир инсон ўзида 120 ватт миқдорида қувват чиқаради. Инсон танасидан ажралаётган барча қувватнинг 30 фоизи кўз орқали ажралар экан. Бу қувват инсонннинг кўзга кўринмас ҳимоя қобиғини ёриб ўтади.
Кўздан чиқаётган нур бошқа бировга, кучли таъсир қилади. Бу ҳодиса кўз тегиши деб юритилади. Буни ҳайвонот оламида яққол кузатиш мумкин: бойқуш (бойўғли) кечаси тепадан учиб бораётиб, ерда юрган сичқон, каламушларни фалаж қилиб, осонгина қўлга туширади. Мушукнинг кўзи тушган ҳамона сичқон типирчилаб, боши гангиб, қочолмасдан тураверади. Мушук кейин уни ушлаб олади. Чинқироқ илон ўлжасини бир неча метр масофадан ўз нигоҳи билан фалажлаб, осонгина ем қилади.
Халқ орасида, “қўли енгил” деб, обрў-эътиборга сазовор бўлган машҳур жарроҳ ўзига кўз текканини ва алал-оқибат қўли шикаст топганини сўзлаб берган эди.
Табобатда бунданда кўп оқибатлар кўрсатилган.
Шаҳризода тайёрлади.