Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати бу ҳақда хабар берди. Хабарда айтилишича, яқинда Туркиянинг Анқара шаҳрида “Muhammed Yusuf secmeler” номли туркча таржима сайланма китобининг тақдимоти ўтказилган.
TURKSOY Бош котибияти томонидан чоп этилган ушбу китоб тақдимотида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев, TURKSOY Бош котиби Душен Касеинов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, туркиядаги нуфузли университетларнинг профессорлари, олимлари, шоирнинг рафиқаси Назира Саломова ва бошқалар сўзга чиқиб, шоирнинг ижоди, икки халқ адабиётидаги муштараклик, таржима жараёнларидаги ўзи хосликлар ҳақида тўхталиб ўтган.
Китоб доцент Режайи Кизилтунч, таржимонлар Хамза Ўзтуркчи, Эмина Бакар, Хусайн Окбаш ҳамда профессор Маъруфжон Йўлдошевлар томонидан таржима этилган бўлиб, унда шоирнинг гўзал шеърлари, достонлари ўрин олган.
– Бу катта лойиҳа Ўзбекистон санъат ва маданият институти томонидан TURKSOY Бош котибиятига тақдим этилган эди, – дейди таржимон Маъруфжон Йўлдошев. – Муҳаммад Юсуф шеъриятининг ўзига хос томонлари, мисраларидаги халқчиллик, бадиий юксаклик туркча ўгирмаларда ҳам ўз тийнатини йўқотмади. Бу борада турк таржимон дўстларимизнинг меҳнатини қадрлайман.
Шоирнинг шеърлари янграган, меҳмонларга китоблар тақдим этилган мазкур тақдимот шу кунларда тоборо мустаҳкамланиб бораётган ўзбек ва турк халқларининг адабий дўстлигини янада яқинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.