“Ўзбекистонда муносиб меҳнатни илгари суриш: инсонга йўналтирилган ёндашув” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбир меҳнат тамойилларини такомиллаштириш жараёнларида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш янги таклиф ва ғояларни ишлаб чиқишга қаратилди.
Ушбу халқаро тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Коллер, БМТ, ЕТТБ, Европа иттифоқи ва қатор халқаро ташкилотлардан 100 га яқин мутахассислар ва экспертлар, хорижий ваколатхона раҳбарлари, шунингдек Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, меҳнат муносабатларидаги сезиларли ўзгаришлар, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
– Мана неча йилдирки, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатмоқда. Ўзбекистон 2017-2021-йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича стратегияни амалга ошириш доирасида салмоқли натижаларга эришди, – деди Танзила Набаева. – 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилишга қаратилган 300 га яқин қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш соҳасида аниқ натижаларга эришилди.
2021 йилнинг сентябр ойида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича янги мамлакат дастури қабул қилинди. Мазкур дастурнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришда янги босқич бўлиб, ўзаро ишончли мулоқотни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратди.
Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этишда Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган, мажбурий меҳнатга қарши кураш ва меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинг қилинади. Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдернинг таъкидлашича, мамлакатимиздаги муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги дастур БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасидаги ҳамкорлик дастурига тўлиқ мос келади. Ўзбекистон бу дастурни қабул қилган биринчи мамлакат ҳисобланади.
Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси, Молия вазирлиги ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакилларининг фикрлари эшитилди.
Манзура БЕКЖОНОВА