Электрон манзилимизга келган хатда бир аёл ўсмир ўғлида пайдо бўлаётган номақбул хатти-ҳаркатлар, ҳулқидаги айрим тушунарсиз ҳолатлар ҳақида куйиниб ёзибди, мутахассислардан маслаҳат сўрабди. Унинг хатида айтилишича, ўғли номаълум таъсирлар оқибатида ҳаддан зиёд динга берилиб кетган, ҳозирда «отам спиртли ичимлик ичади, онам касал бўлганида чўчқа ёғи еган» деб, ота-онаси билан бир дастурхон атрофида ўтиришни хоҳламаётган экан, ҳатто пиёласи, овқат ейдиган идиш-товоғини ажратиб қўйибди. Отаси масжидга бормаётгани ва онаси ҳижоб киймагани учун уларга бўлган нафратини ошкора намоён қиларкан. Мактуб эгасининг илтимосига биноан унинг саволларига бир қатор мутахассислардан жавоб олдик. Энг яхши жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Беҳзоджон РЎЗАЛИЕВ, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси араб тили ўқитувчиси, диншунос:
Ислом дини ота-онани ҳурмат қилишни энг юқори чўққига олиб чиққан диндир. Бунга биргина далил сифатида “Анкобут” сурасининг саккизинчи оятидаги “Оллоҳ Таоло номидан инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”, дейилган фикрни келтириш кифоя. Бунинг маъноси шуки, инсон мусулмон бўладими ёки бошқа дин вакили бўладими, унинг бурчи — ота-онанинг хизматини қилиш.
Дин яна буюрадики, ота-она ким бўлишидан қатъий назар, фарзанд унга итоат қилиши, ҳурматини жойига қўйиши лозим. Фақатгина харомга, ширкка, гуноҳ ишларга буюрса унга кўнмаслиги, бўйсунмаслиги керак. Аждодимиз Ал Бухорий ҳадисларида ҳам ота-она мушрик (ғайридин ёки кофир) бўлса ҳам уларга фақат яхшилик қилиш кераклиги таъкидланади. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ота-она фарзандни чақалоқлигида қандай қараган, эҳтиёт қилган, “оқ ювиб, оқ тараган” бўлса, улар қариганда фарзанд ҳам шундай ғамхўрлик қилиши керак” дейилган.
Демак ота-онага хизмат қилиш биринчи томондан ҳар бир инсоннинг мусулмонлик вазифаси бўлса, иккинчи томондан чин фарзандлик бурчи ҳисобланади. Агар фарзанд бу ишни қилмаса Оллоҳнинг олдида гуноҳкор ҳисобланади. Бу ерда энг муҳим нарса мусулмон фарзанднинг яхши муомаласи билан Исломнинг гўзаллигини кўрсатиб беришга асосланади.
“Ота-она динга болани мажбурлаб киргизиши мумкинми?” деган савол туғилади баъзан. Мусулмон отанинг фарзларидан бири шуки у фарзандига динни тушунтириши, қуръонни ўқиш бўйича тўғри йўл кўрсатиши керак. Буни ўз ибрати билан, гўзал тарбия билан амалга ошириши керак. Боласига ҳалол нимаю харом нималигини ўргатиши зарур. Шунда фарзанди комилликка эришади, нотўғри йўлга кириб кетмайди.
Аммо мажбуран, калтаклаб, бирон ишга мажбурлаб бўлмайди. Бу борада халқимизда “Бўйнидан боғланган ит овга ярамас” деган мақол бор. Дин инсоннинг бахт-саодати учун юборилган. У инсонларни илм-маърифатга бошлайди. Фарзандларга барча дунёвий илмлар билан бирга уйғу ҳолда диний фарзларни ўргатиш керак. Дунёвий илмларга қизиқиши бор болаларни зўрлаб динга ўргатиш ҳам мумкин эмас. Дунёвий илмлар ривожланишга, жамият тинчлиги ва фаровонлигига тўсиқ бўладиган дин фанатизмдир.
Ўткир ИСЛОМОВ, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси академик лицейи маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:
—Албатта ёшлар тарбияси, фарзанднинг ота-она билан ўзаро муомаласи халқимизнинг оғриқли нуқталаридан бирига айланиб бормоқда. Бу борада биз педагоглар ва мураббийлар огоҳ турмоғимиз керак. Ҳар қандай оилада ҳар қандай вазият ўз-ўзидан келиб чиқмайди. Таъкидлашни истардимки оила — хавф гуруҳига кирувчи пост. Унга ким томонидан қанақа ҳужум, қандай зарба келади, оила қачон қандай ҳолатга тушиб қолади, буни олдиндан билиб бўлмайди. Бунда аввало ота-оналар ўзаро муносабатларда эҳтиёт бўлиши, хушёр бўлиши зарур.
Болада қачон ота-онага нисбатан нафрат, шубҳа ва гумонлар пайдо бўлади? Улар болага ўз ҳатти-ҳаракатлари билан ўрнак кўрсата олмаса! Катталар боланинг кўзи олдида идеал даражага етиша олмаса, турли номаъқул ишлардан ўзини тия олмаса, албатта, ҳурмати йўқолади. Бу муаммоли оила фарзандларини ўз йўриғига солишни истаган кимсалар учун айниқса қўл келади.
Шавкат Ражабов, психиатр:
—Ҳақиқатан ҳам фанатизм — бу психиатрияга оид касаллик. Унинг сиёсий, ғоявий, илмий, диний фанатизм, спорт фанатизми, санъат фанатизми каби турлари мавжуд. Бу ерда диний фанатизм ҳақида сўз кетар экан, тушунарли бўлиши учун бу борада кенгроқ тўхталиб ўтиш лозим.
Дин ва эътиқод масаласи фанатизм ривожи учун энг қулай йўналишлардан бири бўлиб, дин ниқоб остида оммани бошқаришнинг энг самарали усули ҳисобланади. Буни билган айрим кимсалар ўз ғаразли ниятларини рўёбга чиқариш, буйруғига сўзсиз амал қилувчи зомбилар сафини кенгайтириш мақсадида фойдаланишади. Домига илинганларни худонинг қаҳри, охират қийноқлари билан қўрқитиб, турли нопок ишларга ундашади. Ҳаётда бундай оқимларнинг лидерлари аслида диндан тамоман йироқ кимсалар эканлиги исботланган.
Диний фанатизм ҳам психоз каби мияни бемаъни ўй-хаёллар, ақидалар чулғаб олиши билан боғлиқ. Фанатизмни касаллик деб аташимизнинг сабаби у ҳақиқатдан ҳам психологик усуллар ёрдамида жиддий даволашни талаб қилувчи руҳий оғишиш, меъёрдан чекланишдир. Олимларнинг таъкидлашича фанатиклар қонида тестостерон миқдори кўпайиб кетади. Шунинг учун улар агрессияга (жангарилик), уруш-жанжалга, тартиббузарлик ва жиноятчиликка мойил бўлишади. Бу эса аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бунга оддий мисол қилиб футбол мусобақалари пайтидаги тўполонларни, дунёда содир бўлаётган террорчилик ҳаракатларини келтириш мумкин. Кўриб турганингиздек фанатизм жуда хавфли касаллик. Шунинг учун оиладаги ёшларга, севимли фарзандларимизга, дўстларимизга янада эътиборлироқ бўлайлик. Уларда ижобий ҳиссиётлар пайдо бўлиши учун ҳаракат қилайлик. Шунда улар турли руҳий бузилишлардан йироқ бўлишади.
Фанатизм исканжасидан қутулиш учун аввало танқидий нуқтаи назарни шакллантириш (депрограммирование) керак. Чунки ҳар қандай фанатизм, ақидапарастлик руҳий-эмоционал, баъзан кимёвий (гиёҳванд моддалар таъсири) усуллар ёрдамида организмга таъсир кўрсатиш оқибатидир. Демак фанатизмдан бундай ташқи таъсирларга тобеликни йўқотиш ёрдамида халос бўлиш мумкин. Яъни бемор ҳаётини янгича ташкиллаштириш, омадли, ўз турмуш позицияси билан ўрнак кўрсата оладиган дўстлар даврасига жалб этиш, худди гиёҳвандликка мубтало бўлган шахсларни ҳаётга мослаштирганда қўлланиладиган чора тадбирлар ва руҳий муолажалардан фойдаланиш талаб этилади. Бунда беморга яқин кишиларининг хайрихоҳлиги, ёрдами ва маслаҳати жуда муҳим. Акс ҳолда етарли эътибордан четда қолган фанатик ҳам эски “биродарлари” даврасига қайтиши ҳеч гап эмас.
Руҳий хаста одам ўз фикрида турғун туриб олади. Атрофдагиларни фикри умуман қизиқтирмайди. Руҳий каслликнинг турли кўринишлари мавжуд бўлиб, ҳар бир касалликнинг ўзига хос симптомлари, яъни белгилари бўлади. Фанатизм қопқони бу нима, кимларда ва қандай руҳий носоғлом кишиларда учрайди деган саволга тўлиқ жавоб бериш жуда мушкул вазифа. Сабаби ҳамма руҳий беморлар фанатизм қопқонига тушмайди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, баъзи руҳий касалликларда жумладан, психопатия белгилари бор инсонлар ёки иродавий бушлиги бўлган шахсларди учраши мумкин. Мисол учун, охирги пайтларда компьютер ўйинларига ҳаддан ташқари боғланиб қолиб, бутун вужуди билан ўйинга берилиб кетиш ҳолатларини нафақат ёшлар орасида, балки ката ёшли кишиларда хам учратиш мумкин. Шу ўринда айтиб утиш керакки, бу руҳий касаллик эмас, балки руҳий оғишишга мойиллик, қатъиятсиз кишилар айнан фанатизмга кўпроқ дучор бўлади. Бу ҳолат атрофдагиларга, ота-оналарга унчалик сезилмайди, натижада ёмон ниятли кишилар уларнинг онгини бошқаради. Касалликни даволашда муолажалар рецидивларнинг (қайта ҳуруж) олдини олишга қаратилади. Бунинг учун беморни тинчлантириш, бўлган ишларда унинг айби йўқлигини тушунтириш лозим. Қолаверса ижодий қирралари, бирон фанга, касб ёки ҳунар йўналишига қизиқишини рўёбга чиқариш, ўзи қизиққан машғулотлар билан бандлигини таъминлаш уни соғлом ҳаётга қайтариши мумкин. Бундай вазиятда кишилар психиатр мутахассисига мурожаат қилиши, керакли тавсияларни олиши ва лозим бўлса дори-дармон воситалари билан даволанишлари шарт.
Манзура БЕКЧАНОВА тайёрлади.