АЖОЙИБОТЛАР ЯРИМ ОРОЛИГА САЁҲАТ

 “Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” дея халқимиз жуда тўғри таърифлаган. Дарҳақиқат, инсон сайру саёҳат баҳонасида кўрмаганини кўриб, билмаганини билади, қолаверса, иқлим алмаштириш ҳам инсон кайфиятига, саломатлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди.   

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда Хитой халқ хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамияти ташаббуси билан бир гуруҳ журналистларнинг Хитойга сафари ташкил этилди. Ушбу саёҳатдан бир дунё қизиқарли таассуротлар билан қайтдик.

“Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” дея халқимиз жуда тўғри таърифлаган. Дарҳақиқат, инсон сайру саёҳат баҳонасида кўрмаганини кўриб, билмаганини билади, қолаверса, иқлим алмаштириш ҳам инсон кайфиятига, саломатлигига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Биласизми, бирон бир мамлакатга илк бор қадам қўйган инсонда сирли ажойиботлар дунёсига тушиб қолгандек тасаввур пайдо бўлар экан. Кейин у оддийгина минора ва қалъаларни биринчи кўрган сайёҳ ҳайратини тушуна бошлайди. Атрофни кенгроқ кузатиб, ўзи учун нотаниш бўлган нарсаларни чуқурроқ англашга, қизиқарли хотираларни ва уларнинг даракчиларини ўзи билан олиб кетишга иштиёқ сезади.

Келинг, яхшиси саёҳат давомида фотокамера оъективига муҳрлаган кадрларимизни эътиборингизга ҳавола қилиб, уларга қисқача изоҳ бериб ўтамиз.

                              АҲОЛИ ҲАМ КЎП, МАШИНА ҲАМ КЎП

Биласизми, Хитойда йўлларда кўп қаватли кўприклар барпо этилган бўлса ҳам тез-тез тирбандликлар бўлиб туради. Бу муаммонинг олдини олиш учун автомобиль эгаларига бир қатор чекловлар жорий этилган. Масалан, автомобилни дуч келган одам сотиб ололмайди. Яъни машина харид қилишга рухсат олиш учун ҳам ҳар бир фуқаро навбатда туриши керак. Бу имкониятни йиллаб кутаётган фуқаролар бор.

Бундан ташқари, йўлларда автомобиллар кўпайиб кетмаслиги учун битта тартиб ўйлаб топишган. Яъни охири жуфт рақамли машиналар ҳафтада икки кун (масалан, душанба ва чоршанба, охири тоқ рақамли автолар сешанба ва пайшанба) кўчага чиқиши тақиқланади. Буни автомобиль ҳайдаш интизоми дейилади.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, хитойликлар тезликни оширмайдилар, шунинг учун йўл-автотранспорт ходисалари кам кузатилади. Тирбандлик дақиқалари чўзилиб кетса ҳам ҳайдовчиларнинг ғижиниб сигнал чалгани ёки сўкингани эшитилмайди.

Энг аҳамиятлиси Хитойда электромобиллар аҳоли орасида кенг оммалашган. Уларни атиги 500-600 АҚШ долларига харид қилса бўлар экан. Электромопед ва электромотолар эса ундан ҳам арзон. Тадбиркорларимиз уларни юртимизга ҳам олиб келишса бўлар экан. Айниқса кунига нечта тадбирга бориб келувчи биз каби журналистлар учун қулай бўларди. Бу ҳазил, албатта, аммо бир тасаввур қилиб кўринг, кечқурун заряд олдириб, эртаси куни ишга миниб кетаверасиз. Бензин ҳам, ортиқча сарф-харажат ҳам талаб қилмайди. Орзуга айб йўқ-а, нима дедингиз?!

                                        ФОРТЕПЬЯНОЛАР МУЗЕЙИ

Эшитганмисиз, Хитойнинг Гюлянгю оролида ажойиб бир музей бор. У ерда XIX-XX асрларда Европада ишланган, кўплаб кибор хонимлар ва жанобларнинг нозик қўллари теккан антиквар фортепьяноларни кўриш мумкин. Музей ходимининг айтишича, гир атрофи сувлар билан ўралган бу оролда турли мамлакатлардан олиб келинган, ўзи қўпол, ноласи нафис чолғу асбобларининг сони 600 га яқин экан. Уларнинг ҳар бири ягона нусхада, уларнинг жозибали нақшинкор безаклари бир-бирини такрорламайди. Бу фортепьяноларнинг ўзидан ҳам тарихи қизиқ, яъни ҳар бирининг ўзига хос тарихи бор. Мисол учун, улардан бирини олиб келишаётганда нимадир бўлиб, ўртасидан синиб қолибди. Сўнг хитойлик усталар уни ямаб, антиқа учбурчак фортепьяно ҳолига келтиришибди.

Яна биттаси қўлингизни клавишларга теккизишингиз билан ўз-ўзидан мусиқа чала бошлайди. У бундан бир ярим аср олдин фортепьяно чала билмайдиган, аммо буни жуда ҳам орзу қиладиган зодагонлар учун яратилган экан.

Юртимизда ҳам бундай ноёб фортепьянолар кўп бўлса керак. Масалан, Ўзбекистон бастакорлар ва композиторлари уюшмасида улардан бир нечтасини кўрганман. Лекин юзлаб бир-биридан гўзал фортепьянолар бир жойга йиғилса кўзингиз қувнаб кетар экан! Биргина шу умри азиз чолғу асбобларини кўриш учун ҳам Хитойга саёҳатга боришга арзийди.

                        ДАРАХТЛАРНИ ҲАМ ДАВОЛАШАДИ

Ким нима деса десин, аммо ҳали бизнинг бошқалардан ўрганишимиз керак бўлган нарсалар жуда кўп. Нимани дейсизми? Масалан, жонли табиатнинг оғриғини, ноласини ҳис қилишни. Биласизми, хитойликлар заиф дарахтларнинг хатто қуришига йўл қўйишмас экан. Тўғри-да одамларни, касал жониворларни даволаб соғлом ҳаётга қайтариш мумкин. Нега унда қуриётган дарахтларни асраб қолиш мумкин эмас?! Дарахтлар ҳам жонли табиатнинг бир бўлаги ахир! Улар камайиб кетаверса иқлимга, табиат хилма-хиллигига путур етиши мумкин. Чин юртидаги дўстларимиз эса кекса дарахтларнинг қуришига ҳам изн беришмас экан. Кимдир шикаст етказмаслиги учун дарахтларни ёғоч панжара билан ўраб қўйишаркан. Намлиги кўп тупроқда ёки шамолда ағанаб кетмаслиги учун тиргак бериб, суяшар экан. Қурилиш қилишса, у агар осмонўпар 30-40 қаватли бино бўлса ҳам, шу ҳудудда бор-йўғи 3-4 метр нарида ўсган дарахтни ҳам кесишмас экан. Хатто дарахтларнинг қуриган шохларини чопиб ташламай, илдизидан озуқа бериб, қайта тирилтиришар экан.

Бир боғда 300-500 йиллик кекса дарахтларни кўрдик. Баҳайбат боабаб, кипарис дарахтлари ҳамон яшнаб ям-яшил бўлиб турибди. Биз эса… дарахт қуриса ўтин бўлади, деб хурсанд бўламиз ёки қуримасидан кесиб, мебель қиламиз. Эҳҳе, қанча азим чинорлар кесилиб кетди…

Хитойга сафаримиз чоғида мени ҳайратга солган яна бир нарса шуки, бу халқ вакиллари ер йўқ жойда дарахт экиб, сув йўқ жойда гўзал нилуфаргулларни ўстирмоқда. Бир ҳовлига кирсак, каттакон дарахт кичик тувакда “савлат тўкиб” турибди. Яна бир тувакка экилган нилуфаргул каттароқ сув тўла хум ичига жойлаштирилган. Улар махсус парвариш қилинмоқда. Бу жонли табиатга юксак эътибор ва меҳр намунаси эмасми?

                                       ГУРУЧДАН БУНЁД ЭТИЛГАН ТОҒЛАР

Хитойликлар учун гўзаллик яратишда ҳеч қандай муаммо тўсиқ бўлолмайди. Уларнинг маҳоратига қойил қолмасдан илож йўқ. Хатто текисликда тоғ бунёд қилишнинг ҳам уддасидан чиқишади. Пекин шаҳридаги баланд сунъий қоялар гуруч ва цемент қоришмасидан бунёд этилган экан.

Хитойлик ҳамкасбларимизга берган ўзбек халқи миллий ҳунармандчилик буюмлари жуда ёқди. Айниқса қалампир нусха дўппилар хорижлик дўстларимизга бирам ярашдики! Бизни олиб юрган автобус ҳайдовчиси совға қилган дўппимизни ҳурмат юзасидан то манзилга етгунча ечмади. Ўзиям бизнинг қишлоқ одамларидай танти, хушчақчақ одам экан. Автобусда хона гулларини ўстираркан. Ажойиботлар ярим оролида бунга хайрон қолмаса ҳам бўлади…

Биз ҳам дўстларимизни Ўзбекистонга таклиф қилдик. Ажойиб қадимий шаҳарларимизни, юзи нурли одамларимизни кўриб, бир-биридан ширин таомларимизни еб улар ҳам ўзларини эртакка тушиб қолгандай ҳис қилишади, бунга шубҳа йўқ!

 Манзура БЕКЧАНОВА, Пекин-Тошкент

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: