КИМЛАР УЗОҚ ЯШАЙДИ?

Кексалик — бу ёш улғайиши эмас, бу азиятлар кўпайишидир. Аммо бизни азиятлар қаритмайди, бизни уларга саводсизларча қилган муносабатимиз қаритади. Албатта, тўрт мучаси соғлом, иқтисодий томондан таъминланган, обрў-эътиборли, ҳурматли бўлиш жуда яхши. Аммо руҳан бехавотир ва бахтли бўлиш ҳаммасидан муҳимроқ.

Кексалик — бу ёш улғайиши эмас, бу азиятлар кўпайишидир. Аммо бизни азиятлар қаритмайди, бизни уларга саводсизларча қилган муносабатимиз қаритади. Албатта, тўрт мучаси соғлом, иқтисодий томондан таъминланган, обрў-эътиборли, ҳурматли бўлиш жуда яхши. Аммо руҳан бехавотир ва бахтли бўлиш ҳаммасидан муҳимроқ. Бахтли одамнинг қалби кексайганда ҳам ёш бўлиб қолаверади. Биласизми, ғамгинлик одамни заиф қилади, вақтидан аввал қаритади. Оптимистик руҳ эса кишига куч-қувват бағишлайди, доимо ёш бўлиб юришга ундайди, ёшликда ушалмаган орзуларнинг амалга ошишида қўллаб-қувватлайди.

Эрта қаришга яна қандай қилиб чап бериш мумкин? Франциялик шифокорлар бу саволга қуйидагича жавоб беришади:  бунинг учун ҳар доим фойдали меҳнат қилиш, саховатли, меҳр-мурувватли ишлар билан банд бўлиш керак. Ҳолдан тойгунча меҳнат қилманг, аммо дангасалик ва еб ётарчиликка ҳам таслим бўлманг. Унутманг, кексаликдаги фойдали меҳнат нафақат ҳаётдаги хафагарчилик ва мушкулликлардан чалғитади, балки кўплаб касалликлардан йироқлаштиради. Бирон иш билан машғул одамлар мудхиш ўй-хаёлларга берилувчан бўлмайдилар ва ўзларини ёлғиз сезмайдилар.

Узоқ умр ирсиятга боғлиқми?

Олимлар узоқ яшашнинг асосий сабабини кўпинча ирсият билан боғлашади. Ота-боболари узоқ яшаганлар бу имкониятни мерос қилиб олар экан. Яъни улар қандайдир ирсий касалликка эмас, узоқ умр кўришга мойил бўлишади. Бошқача қилиб айтганда, кимки ота-боболари, она-момоларидан турли касалликларни мерос қилиб олмаган бўлса, шу киши узоқ яшайди.

Узоқ умр сири, биз ўзимиздаги жисмоний кучларимизни, истеъдодимиз, қобилиятларимиз ва руҳий кайфиятимизни нимага сарфлашимизга ҳам боғлиқ. Майлига, бизга берилган бу инъомлар ёшимиз улғайиши билан бироз заифлашиши мумкин, бироқ улар керакли йўналишга фойдали амалларга сарфланиши керак. Акс ҳолда бизнинг иқтидоримиз ва имкониятларимиз “занглаб”, ўтмаслашиб қолади.

Дарҳақиқат, агар биз ҳар куни бирон нимани ўрганишга ҳаракат қилмасак, ақлимиз ҳам хиралашиб бораверади. Шу каби бизнинг мушакларимиз ҳам ҳар куни керагича зўриқишга учрамаса, улар мўртлашади, аввалги кучини йўқотади.

Семизлик ва озғинлик

Эрта қаришнинг асосий сабабларидан бири – ортиқча вазн. Семизлик — очофатлик, овқат ейишга ҳаддан ташқари кўп ружу қўйиш. Эсингизда бўлсин, ширин таомларни севиб истеъмол қилувчилар ва ўзларини керак пайтда тўхтатишни билмайдиганлар роҳатли, аммо инқирозга етакловчи бу машғулот билан узоқ шуғуллана олмайдилар. Улар қандли диабет, гипертония ёки бошқа касалликка учрайдилар ва ниҳоят парҳез тутишга мажбур бўлишади. Бу борада файласуфларнинг «Кимники миясида бўшлиқ кўп бўлса, шу одамнинг ошқозони ҳар доим керагидан ортиқ тўла бўлади”, «Доимий равишда ошқозон тўла бўлиши қабрга етаклайди»… деган ҳикматли гаплари ҳам мавжуд. Ҳақиқат шуки биз севиб истеъмол қиладиган ҳамма ширин озиқлар ҳам фойдали эмас. Айниқса улар органик ёғларда қовурилган ёки таркибида “оқ рангли ажал” — шакар бўлса. Бу икки омил умримизга эрта нуқта қўювчи омиллар ҳисобланади.

Агарда биз ўз организмимизга керак бўлмаган маҳсулотларни истеъмол қилаверсак, доимий тарзда ифлосланган ҳаводан нафас олсак, миямиздан турли мудҳиш ўй-хаёлларни қувиб чиқара олмасак, етарли даражада тиниқиб ухламасак соғлом бўлиш ҳақидаги орзуларимиз саробга айланади.

Биласизми нима учун 80-90 дан ошган кексалар озғин бўлишади? Одам қариганда шунақа озиб кетадими ёки озғин кишилар узоқ яшаб, аср остонасига етиб борадими? Бу саволларга кўпчилик шифокорлар: “Озғин одамлар узоқ яшайди” деб жавоб беради. Мантиқан ўйлаб қарасак ҳам шундай. Буни ўзингиз таҳлил қилиб кўринг. Масалан, меъёридан ортиқ вазнли кишилар юрак-қонтомир, овқат ҳазм қилиш, таянч-ҳаракат аъзолари муаммолари, шу жумладан инсуль, инфаркт, бўғимлар оғриши кабиларга кўп чалинади. “Қон босимим баланд”, “жигаримни ёғ босибди”, “ўтим яхши ишламаяпти” деб юрган танишларингиз аксарияти семиз кишиларми? Демак, адашмабмиз. Озғинлик касаллик эмас, аммо семизлик касаллик. Қаришни, узоқ яшашни истасангиз озинг. Озғин бўлсангиз кўп сиқилманг.

Ўта озиб кетиш, организмда зарур моддаларнинг камайиши ҳам турли хасталикларга олиб келади. Бунинг олдини олиш учун қувватни тикловчи маҳсулотлардан кўп-кўп истеъмол қилиб туринг! Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қувватни тиклаш борасида тавсиялар

  • Аввало, ўз турмуш тарзингизни бир назардан ўтказиб, иложи бўлса, бироз ислоҳ қилинг: соғлом овқатланинг, спорт билан шуғулланинг.
  • Қайнатилган ёки димланган товуқ, ғоз гўшти, турли бўтқалар ҳамда ёнғоқ еб, асалли чой ичиб туриш керак.
  • Ниҳоятда озиб кетиш ҳолларида ҳар куни майиз, ёнғоқ, пишлоқ ва ҳафтада бир марта балиқ еб туриш тавсия этилади.
  • Танага қувват бериш, унинг чидамлилигини ошириш учун наъматак (шиповник) дамламасидан ичиб юринг. Бунинг учун ярим литрли термосга бир ош қошиқ наъматак меваларидан солиб, устига қайнаб турган сув қуйиб, бир кечага дамлаб, эрталаб сузиб олинади. Кунига дамламадан уч маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин ярим пиёладан ичилади.
  • Асал озғин ва заиф кексаларнинг умумий аҳволини яхшилаб, қондаги гемоглобин миқдорини оширади. Ибн Сино: “Агар навқирон бўлиб қолишни истасанг, албатта асал е!” деган. Чунки асал таркибида қариётган танага ижобий таъсир кўрсатувчи гул чанги бор.
  • Тузланган карам суви ошқозон ва умумий танага қувват берувчи восита сифатида қўлланилади.
  • Ловия қувватлантирувчи, бўшаштирувчи, тозаловчи, ич сурувчи ва ел ҳайдовчи воситадир. Қабзиятда ловия унидан тайёрланган атала кунига 150-200 граммдан тавсия қилинади.
  • Сабзи кам истеъмол қиладиган ёки умуман истеъмол қилмайдиган одамларда қариш жараёни тезроқ рўй беради. Уларнинг танаси тез қуриб, ажин босади, дағаллашади, сочлар ўз таровати ва рангини йўқотади, кўз хиралашади. Тишлар ҳам тез касалланиб, тўкилиб кетади.

Умр турғунликни ёмон кўради. Ўз саломатлигимизга тўғри келадиган кундалик фаолликни сақлаш бизга зерикиб қолмаслигимиз учунгина керак эмас, бу бизнинг ҳаётий заруратимиздир.

   Яшаш — бу ҳаракат, меҳнат қилиш, яратиш, севиш, ўқиш, интилиш ва умид қилишдир.

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: