Узоқ йиллар давомида қўмсашга касаллик сифатида қаралган. Дастлабки тадқиқотларда олимлар қўмсаш фақат катта ёшдаги кишиларга хос бўлиши, улар онгида кўпроқ болалик, ёшлик хотиралари, бўлиб ўтган қувончли воқелар билан боғлиқ ҳиссиётлар уйғотишини таъкидлашган.
Инсондаги қўмсаш ҳиссиёти илк бор Гомернинг «Одиссея» эпопеясида тилга олинган бўлиб, бу сўз 1688 йилда швейцариялик шифокор Иоганн Хофер томонидан термин сифатида муомалага киритилган. Ностальги́я сўзи грек тилида “қўмсаш”, “соғиниш” деган маъноларни англатади.
Психознинг бир турими?
Ностальгияга 19-20 асрларга келиб психознинг бир тури сифатида қарала бошлади. Чунки бу ҳолат руҳий тушкунлик — меланхолия, шунингдек, репрессив-компульсив асаб зўриқишлари билан кечиши исботланди. Буюк британиялик Константин Седикидес раҳбарлигидаги бир гуруҳ психологлар ўз тадқиқотларида дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси бу касалликка учраши мумкинлиги ва ўтмишни қўмсаш болаларда ҳам 7 яшарлигиданоқ бошланиши аниқлашди. Масалан, ёзги таътил кунлари, янги йил тантаналари, туғилган кундаги совғалар…
Мутахассисларнинг қайд қилишича, қўмсаш хуружлари кўпчиликда ҳафтада бир марта, айримларда икки кунда бир марта қайталаниши мумкин. Бу ички дарднинг авж олишига инсон ҳаётидаги нохуш воқеалар, ёлғизлик, омадсизлик сабаб бўлади. Мазкур ҳолатни бошидан ўтказиб кўрганларнинг таъкидлашича, ўтган кечинмаларни эслаш уларга руҳий хотиржамликни изга солишда ёрдам берар экан.
Ўз ватанидан ёки туғилган қишлоғидан йироқда соғинч туйғусини ҳис қилаётган инсонга қандай ёрдам бериши мумкин? Бу ҳолатдаги одамларга ҳиссиётлари ва мақсадлари бир хил бўлган инсонлар даврасида бўлиш, болалик хотиралари билан боғлиқ масканларга, музейларга бориш, муқаддас қадамжоларга ташриф буюриб, ўтганлар руҳига тиловат қилиш каби тадбирлар яқиндан ёрдам беради.
Қўмсаш кайфиятни кўтаради
Таъкидлаш керакки, қўмсаш нафақат хуш кайфият бағишлайди, балки ўтмиш хотираларини эслаш ва бу лаҳзаларни бир умрга қайтариб бўлмаслигини ҳис қилиш билан кайфиятни ҳам тушириши мумкин. Аммо кўпчилик ҳолларда ностальгия ижобий ҳиссиётларга сабаб бўлиши аниқланган. Чунки хотирлаш орқали инсон ўтмишдаги энг бахтли ва қувончли кунларини эслайди. Бундай хотиралар унга мавжуд муаммоларни бир лаҳза унутиб, айрим ҳолларда ўзида куч топиб қийин вазиятлардан, ҳатто стрессдан чиқиб кетишига ёрдам бериши мумкин.
Нидерландиялик шифокор Вингерхойтс тадқиқотларига қараганда, инсон ёшлигидаги севимли мусиқаларини тинглаган пайтида қалбида илиқлик пайдо бўлиб, тана ҳарорати ҳам симоб устуни бўйича бир неча мм ортади. Шу билан бирга кайфияти кўтарилиб, ўзини бардам-тетик ҳис қила бошлайди.
Ҳозирги вақтда чет эллик олимлар қўмсашнинг зараридан кўра фойдаси кўплигини айтиб, ўз беморларига ҳафтасига 2-3 марта унга изн беришни тавсия қилмоқда.
Дарҳақиқат, болалик соғинчи, ёшликни қўмсаш, навқиронлик чоғидаги севимли куйларни тинглаб ўй-хаёлларга берилиш, эски фотосуратларни томоша қилиш инсонга бир олам ҳаяжон, завқ бағишлайди. Ахир бу хотираларда ҳаётдан ўтиб кетган яқинларимиз ёди бор. Улар билан бир неча ўн йиллар аввал бир дастурхон атрофида ўтириб байрамлар, туғилган кунларни нишонлаганмиз, бахтли кунларимизни баҳам кўрганмиз. Бундай эҳтиросли ҳолатни ўзимизда синаб кўришимиз учун кўп нарса талаб этилмайди. Фикрни бир нуқтага жамлаб хаёлга берилиш кифоя. Истагимиз, ҳар бир инсон умри давомида одамлар учун фойда келтирадиган эзгу ишлар қилишга улгурсин, ҳаёти унутилмас бахтли воқеаларга бой бўлсин. Ана шунда биз босиб ўтган умр йўллари юрак сиқилганда эслаш учун қувончли хотираларни туҳфа этади.
Шаҳризода АТАБАЕВА тайёрлади.