Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилиш муаммолари” мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Унда пойтахт ва вилоят ҳудудлари яшил майдонларининг янгиланиш жараёни кетаётгани, дарахтларни ноқонуний кесиш ҳали ҳам кузатилаётгани ва бугун бу борада назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Журналистлар Қорақалпоғистон Республикаси Муйноқ туманининг Судочье кўли ҳудудидаги қуриган қамишзорларда ёнғин келиб чиқиши билан боғлиқ маълумотларга кенгроқ тўхталишни сўрашди.
“Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги Судочье кўлининг умумий ҳажми 50 минг гектарни ташкил этади, — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси инспекция бошлиғи Ўлмас Собиров. — Ёнғин натижасида шу ҳудудда жами 278 гектар қамишзор ёнган”.
Бу ҳолатни ўша ерда бўлиб турган сайёҳ хабар қилгани тасдиқланди. Мутахассисларнинг маълум қилишича ёнғин ноқулай об-ҳаво, чақмоқ чақиши натижасида пайдо бўлганлиги тахмин қилинмоқда. Ёнғин Мўйноқ шаҳридан 90-100 км узоқликда, Қўнғирот туманига яқин ҳудудда содир бўлган. Офатдан 50 км радиусда аҳоли пунктлари мавжуд эмаслиги боис, одамлар талафот кўрмаган, фуқаролар мол-мулкига ҳам зиён етмаган.
“Оловнинг келиб чиқиши ва майдонга ёйилиши ҳақида аниқ хулосалар бор, — деди Ўлмас Собиров. — Ёнғин чақмоқдан чиққан, бошқа факт йўқ. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, кўл ичида жуда катта радиусга эга қамишзор ёняпти, қандай омил сабабли олов чиқиши мумкин? У ёққа оёқ қўёлмайсиз, қайиқ билан боролмайсиз. Қамишзорга фақат вертолёт қўниши мумкин. Биров четдан туриб, камондан оловли ўқ отмагандир?! Хуллас, сабаб — чақмоқ. Қамиш учидаги момиқ пўпанаклар жуда тез ёнади, биласизлар, учқун чиққандан сўнг шамол таъсирида олов бирданига ёйилиб кетган”.
Маълумотларга кўра Судочье кўлида 240 дан ортиқ турдаги қушлар қаторида фламинго ҳам макон қурган. Умуман Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон қизил китобига киритилган 40 турдаги қушнинг 30 тури, «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг қизил рўйхати»га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.
Мутахассислар СЧудочье кўлидаги ёнғиндан аҳоли ва чорва моллари зарар кўрмаганини таъкидлашмоқда. Лекин экологик жиҳатдан муаммоли ҳудудда ўсиб турган қамишзорларга, у ердаги табиий хилма-хилликка қанча зарар етганлигини ҳисоблашдими? Ахир бу ерда мураккаб экологик муҳитда жон сақлаб қолган ҳайвонлар, хашаротлар, қушлар уялари бўлган. Хўш уларга қанча зарар етди? Бу ёнғиннинг ҳудуд табиатига қандай салбий таъсирлари кутилмоқда? Куйган тупроқ қатлами, у ердаги ўсимликлар олами тикланиши учун қанча вақт керак бўлади? Бунинг учун қандай зарур чоралар кўрилиши керак? Бу саволларга ҳам қачондир жавоб топилиб қолар, аммо биз ҳозирча ёнғин қандай содир бўлганини тахмин қилиш билан оворамиз…
Гидрометеорологларнинг таъкидлашича ўша кўл атрофида, чақмоқдан ҳам олов чиқиши мумкин, лекин
Судочье кўлида метеорология станцияси йўқ. Шу сабабли фақат Мўйноқда ёмғир, момақалдироқ бўлиши ҳақида прогноз берилган. 4 июлда момақалдироқ бўлган, лекин ёнғин чақмоқдан бўлганми ёки бошқа нарсадан, бу ҳам маълум эмас.
Балки жазирама туфайли қуриб турган қамишзорда бошқа сабаб билан ёнғин чиққандир…
Бу ҳудуд давлат қўриқхонаси тасарруфига киради. Яқиндагина кўлга Фламинголар келгани ҳақидаги хушхабарни эшитган эдик. Қўриқхона мутасаддилари содир бўлган ёнғиннинг сабаби ва талофатларини аниқлаб, келгусида бу ҳолат такрорланмаслиги учун керакли чора-тадбирларни амалга оширишига умид қилиб қоламиз.