Инсон ҳамиша жамият билан ҳамнафас яшайди. Жамият аъзоларидан асло олдинга ҳам чиқиб кетолмайди, ортда ҳам қолиб кетмайди. Фақат маълум вақтлардагина ўзаро табақаланиш, бу бой, бу камбағал деган ақидагина инсонлар ўртасидаги мувозанатни бузиб юборади. Натижада жамият аъзолари учун муҳим саналган қоонунлар чегарасини бузиш ҳолатлари учраб туради.
Бугунги кунда жамиятимиз орасида ривожланиб, тараққиётга салбий таъсир кўрсатаётган омиллардин бири бу – коррупция, порахўрлик. Унинг илдизлари шу даражада чуқурлашиб кетганки, бу иллатни бирданига йўқ қилишнинг иложи бироз мушкул эканини кўриб турибмиз. Таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов айтганидек инсонларни меҳнатига яраша тақдирлаш лозим. Акс ҳолда улар берилган моддий раҳбатга яраша иш қиладилар.
Коррупциянинг асосий илдизлари таълимдан бошланаётгани сир эмас. Биринчидан илк бор мактабгача таълим, ёки мактаб таълимига кириб келаётган ўқувчиинг яхшироқ даргоҳда таҳсил олишини истаган ота-она жой тўлиб қолгани, ўрин етарли эмаслиги сингари баҳоналарга дуч келади. Натижада, фарзандининг яхши таҳсил олиши учун таълим муассасаси раҳбарининг кўнглини топишга ҳаракат қилади. Кейинчалик, таълим даргоҳида айрим қўштирноқ ичидаги “устоз”ларнинг боланинг ижтимоий келиб чиқиши нуқтаи назаридан ажратиши, турли байрамларда қилинажак совғаларнинг савияси ва қимматига қараб қилинаётган муносабат боланинг таълим жараёнига қизиқишини сусайтиради. Ҳаёт синовлари давомида бу каби тўсиқларга учраган бола қийинчиликларни енгишдан кўра, “бериб” ишини тузатишга, кейинроқ “олиб” тўғрилашга ўрганади.
Иккинчидан, турли давлат ташкилотлари ходимларининг қилаётган ишларига олаётган маошлари етарли емас. Сабаби, қилинажак юмушлардан ташқари сарф-харажатлар, ташкилотда маошдан йиғилаётган турли “йиғим”лар ходимнинг маблағ топишнинг бошқа усулларини ўйлаб топишга ундайди. Маблағ топишнинг бошқа усуллари: олди-сотди, интернет магазин, уйда оилавий тадбиркорлик ва ҳ.к. Аммо бу каби ҳалол ишларни ҳамма ҳам қилаверади дегани эмас. Айримлар бирор ишни битказиб беришга, болани таълим муассасасига жойлаш, каттароқ жаримани ҳал қилиш, ўқишга киритиш, ишга жойлаш, шифохонада беморга тузукроқ қараш… ва ҳоказолар воситасида осон даромад топишга ўтиб олади. Эҳ-ҳе, буларни санайверсак, саноғи кўринмайди. Аммо, булар бугунги кунда сиз ва менинг атрофимда рўй бераётган реал воқеликнинг мингдан бири.
Бир куни бир аёл билан суҳбатлашиб қолдим. Оддий тикувчи, турмуш ўртоғининг вафотидан кейин иложсизликдан тикувчилик корхонасига ишга кирган. Гап шундаки, эри вафот этгач, қайнонаси уни ҳовлидан чиқариб юборибди. Ота уйда акасининг оиласи, ёт келин билан ўтириш ноқулайлик туғдириб, туман ҳокимлигига оилавий шароитини тушунтириб, арзон уй-жой олиш учун ариза ташлабди. Аммо айрим учарлар, аввалига унга уйнинг ҳужжатларини тўғрилаб беришга ваъда беришган. Дастлабки тўлов, кредит шартномаси ва бошқаларни тўлдирганидан сўнг, “шапка”сини беррмагани учун осонгина унга тегадиган уй, бошқага ўтиб кетган. Ҳам ачинарли, ҳам ҳайратланарли ҳолат…
Илк бор ўқишни тамомлаб, иш қидириб юрган олий маълумотли кадрларнинг ишга киришида ҳам шу муаммо кўндаланг келиши мумкин. Нечта «қоғоз» экан, икки ё учта, ойлиги кўпроқ бўлса 4-5 та ва ундан ҳам кўпроқ…
Аммо бугунги кунда биз бу нарсани тўғри қабул қлишга ҳам кўникдик.
Ўқишни тамомлаганимдан сўнг, ишга кириш муаммоси мени ҳам узоқ қийнади. Қайси эшикка борсам, қайси ташкилот раҳбарига учрашсам ҳам: «Бизда кадр тиқилиб ётибди. Иш йўқ», – деган гапни эшитдим. Шунда бир танишим: «Мен гаплашиб бераман, “салом-алик”ини қиласиз», – деди. Рози бўлдим.
Раҳбар мен билан суҳбатлашиб, чунонам шартлар қўйдики, ҳозир пулим йўқлиги учун биринчи маошдан беришим мумкинлигини гап орасида қистириб кетди. Ишлаш иштиёқи кучли бўлгани учунми, ноилож рози бўлдим. Икки кун ишга борганимдан кейин, узоқ бир манзилда яшайдиган қадрдоним билан суҳбатлашиб қолдик. Гап орасида бўлган воқеани сўзлаб бердим.
Аввалига ишонмади, сўнг, жаҳли чиққанини очиқ айтиб: «Инсоннинг савияси пул билан ўлчанадиган жамоада ишламанг, агар ёрдам керак бўлса бераман», – деди. Кўп иккиландим, бир ҳафта ишлагач, қайтиб бормай қўя қолдим. Шунда мушоҳада қилдим, таълим тизимига ишга кираётган ҳар бир соат учун йил бошида директорга фалон пул бераётган, тиббиёт коллежини тамомлаб, ойда иккита ё учта навбатчиликни олиш учун бош врачга пистон пул бераётган кадрлардан нимани кутиш мумкин.
Пул бермаган, ҳақиқатни юзига айтиб, ўз ҳуқуқини талаб қилган кадрларга эса ё “иғвогар” сифатида тамға босилади, ёки ишдан бир баҳона топиб сиқиб чиқарилади. Унақа мутахассислар кўчада мардикорлик, ёки бозорда савдо қилиб юрганини, ё бўлмаса чет элларда ишлаб бегона юрт ривожига ҳисса қўшаётганини кўрамиз.
Доно халқимизда ажойиб бир ибора бор. “Кеча ҳақиқат қидирган эдим, бугун иш қидиряпман…»
Чиндан ҳам бугунги исоҳотлар, янгиланишлар жараёнида аввало жамиятдаги коррупцияни йўқотиш, унинг илдизларига болта уриш керак. Ана шундагина белгилаган вазифа ва кўзлаган мақсадларимизга босқичма-босқич эришишимиз мумкин.
Хуршида НИШОНОВА, Наманган шаҳридаги 43-мактаб ўқитувчиси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли