11-13 июль кунлари Марғилон шаҳрида “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Фестивалда Италия, Германия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Россия, Ҳиндистон, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Япония, Эрон, Польша, Мўғулистон, Дания каби 20 га яқин давлат ҳамда юртимизнинг барча ҳудудларидан келган санъат усталари, фольклор жамоалари, бадиий ансамбллар иштирок этди. Биринчи маротаба ўтказилаётган фестиваль мамлакатимизда номоддий маданий меросимизни асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш, турли халқлар фольклор санъатини ўрганиш ишларига ўз ҳиссасини қўшди.
Дарҳақиқат инсоният яратган бебаҳо маданият дурдоналари ҳар бир халқнинг номоддий мероси, шу жумладан фольклор санъатида ўз аксини топган. Турли халқларнинг миллий ўзлигини, тили, ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи бахшичилик санъати ҳам умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида дунё аҳли учун қадрлидир.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида 5 та – Марғилон шаҳрида “Чодир жамол”, Қўқон шаҳрида “Қўқон ёр-ёри”, Қўштепа туманида “Кабутар”, Сўх туманида “Сўх чашмаси”, Фурқат туманида “Шодлик” ва Қувасой шаҳрида “Қўш чинор” фольклор-этнографик ансамбллари, шунинг¬дек, 41 та ҳаваскор фольклор гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳнинг бир-бирига ўхшамаган, бетакрор репертуари мавжуд. Уларнинг мусиқий ижрочилигида ялла, лапар, айтишув, ўлан, ёр-ёр, аллалар алоҳида ўринга эга.
Маълумки, халқ оғзаки ижоди намуналарини кенг тарғиб этишда халқ дасталарининг аҳамияти катта. Турли танлов ва фестиваллар халқ орасидан чиққан истеъдодларни, ажойиб фольклор жамоаларини излаб топиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб келмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда халқимиз маънавий меросини ўрганиш, эзгу анъана ва қадриятларимизни давом эттиришга катта эътибор қаратилмоқда. Зотан, ўзининг мазмуни, тарбиявий аҳамияти билан ажралиб турувчи фольклор санъати халқимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши, руҳий эстетик олами, ички кечинмалари, орзу-мақсадларини содда ва юксак бадиий ифода эта олган азалий қадриятдир.
Фарғона водийси, айниқса Марғилон азалдан ҳунармандчилик тараққий топган, қўл меҳнатига асосланган тўқимачилик ҳамда кулолчилик маҳсулотларини етказиб берувчи марказ саналади. Бу ерга халқ ҳунармандчилиги намуналарини томоша қилиш, яқинларига совға-саломлар олиш учун ҳар йили минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Марғилонлик ҳунармандлар атлас, адрас, беқасам каби миллий матоларимизнинг хилма хил турлари ишлаб чиқаришмоқда. Шу маънода бу ҳудуд ота-боболаримиз касбини давом эттириб келаётган моҳир ҳунармандлар маскани, анъана ва миллий қадриятлар бешиги ҳисобланади. Марғилон кейинги йилларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган халқаро “Атлас байрами”га ҳам мезбонлик қилиб келмоқда. Бу фестиваль миллий ҳунармандчилигимизни кенг тарғиб этувчи ўзига хос маҳорат майдонига айланган. Албатта, «Буюк ипак йўли» халқаро фольклор фестивали ҳам келгусида санъатга ошуфта дилларни бирлаштирувчи, дунё халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамловчи бир ажиб шодиёнага айланади.