27 июлда «Sevimli» телеканали медиахоллида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” номли янги китоб-альбомлар тақдимотига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда кейинги бир ярим йил ичида кўп томли тўпламларни нашрга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Бу китобларда қадимги хонликлар, амирликлар давридан буён сақланиб келаётган ҳамда доно аждодларимиз бизга қолдирган бебаҳо дурдоналар, қимматли манбалар ўрин олган.
Учрашувда юртимизда фаолият юритаётган бир қатор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, Ўзбекистон республикаси Фанлар академиясининг илмий ходимлари иштирок этди. Лойиҳадада бевосита иштирок этаётган тадқиқотчи олимлар нодир қлёзмаларни китоб ҳолига келтириш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Эдвард РТВЕЛАДЗЕ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси раҳбари:
– Ижодий жамоамиз бир қатор музейлар ходимлари билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш давомида кенг қамровли ишларни бажаришди. Хусусан, лойиҳада режалаштирилган 8 та китоб-альбом чоп этилди. Улар жуда чиройли, ранг-баранг, афсуски кам нусхада бўлгани учун уларни кўп сонли ўқувчилар қўлига етказиб бериш имконияти йўқ.
Аммо биз бошқа тўпламларни ҳам нашрга тайёрлаяпмиз. Бу ҳақда кейинроқ маълум қиламиз. Асосийси илк натижаларимиз кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон тарихи музейи ва Самарқанд тарих ва маданият музейи ходимлари бу жараёнда жуда яхши амалиёт олиб боришди. Абу Райхон Беруний номидаги шарқшунослик институти, Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси диққатга сазовор ишларни бажаришди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ 5 та томлик қалингина китоб жамланмаси нашр қилинди.
Бу лойиҳада Санъатшунослик институти Кушон империяси тўғрисидаги муҳим аҳамиятга молик бўлимни тайёрлаб бериши керак эди. Унинг муҳимлиги шундаки, бу томда институтнинг Ўзбекистон ҳудудларидаги музей жамланмаси эълон қилинади. Кушон давлати ҳақидаги материаллар олдин ҳам эълон қилинган аммо бундай кенг қамровли тўплам ҳолида, Термиз шаҳри қазишмалари материаллари билан бойитилган ҳолда ҳали нашр қилинмаган. Аввалги мақолалар Галина Пугаченкова китобларида ва музейларда кенг омма эътиборига ҳавола қилинган. Аммо “Кушон олтинлари” ва “Далварзин хазинаси” жамланмалари у манбаларга киритилмаган.
Биз бу хазиналарни ҳамкасбим Баҳодир Турғунов билан Тошкентга олиб келдик. 1980 йилларнинг охири ва 1990 йиллар бошида улар Романовлар саройида намойиш этилган. Ўшанда ушбу хазинанинг барча ашёлари учун “олтин хона” номли экспозияция ташкил қилинган эди. Кейин бу буюмлар Марказий банкнинг махсус камерасида сақланди. 1980 йилнинг охиридан бошлаб бу коллекция ҳеч қаерда намойиш этилмади. Бугунги кунда давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан ушбу хазина – 50 дан ортиқ тилла буюмлар Ўзбекистон бадиий санъат галереясида намойиш этилиши кўзда тутилмоқда.
– Эдвард Васильевич, сиз яна бошқа бир қатор ишларни бажарамиз дедингиз. Улар қандай ишлар?
– Бу лойиҳамизнинг энг жиддий қисми… Ўқиш, таҳрир қилиш, хато ва камчиликларни топиш ва тўғрилаш. Мен бу манбаларни илмий муҳаррир сифатида ўқиб беряпман. Техник муҳаррир, адабий муҳаррир ва корректорларнинг ҳам иши кам эмас. Ҳар битта том ўзига хос қизиқ манбаларни ўз ичига олган. Бироқ менинг назаримда энг эътиборлиси Кушон ва Ўрта асрлар замонасига оид материаллардир. Мен кўп йиллар бу лойиҳа устида ишладим. Унинг ғояси Фирдавс Абдулҳоликовга тегишли. У мени илмий раҳбар сифатида бирга ишлашга таклиф қилди. Шу аснода биз бутун гуруҳимиз билан ушбу лойиҳани ҳаётга жорий қилишга бор кучимиз ва билимизни бағишлаяпмиз. Китоб-альбомлар – бизнинг фарзандларимиз. Лойиҳа янада кенгайиб, ўсиб боряпти, янги мавзулар, китоблар, музейлар, жамланмалар пайдо бўляпти. Ўзбекистоннинг маданий мероси жуда беқиёс, у бутун дунёга тарқалган, Гаваяда, Аргентинада, Канада ва бошқа жойларда ҳам бор.
Санжар ҒУЛОМОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг тадқиқотлар ва тарихий ҳужжатларни нашр қилиш бўлими бошлиғи:
— Бу лойиҳа кенг жамоатчиликни ёзма ёдгорликларимиз билан иложи борича кенгроқ таништиришни мақсад қилган. Бу қўлёзмаларнинг энг катта қисми (26 минг томлик) Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Биз аввал буларни бир яхлит китоб ҳолида нашр қилмоқчи эдик. Кейин эса 5 та китобга ажратишни маъқул топдик.
Биринчи томга 5 мингдан ортиқ номдаги Х асрга оид тарихий ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий асарлар жамланди. Иккинчи китобга табиий ва аниқ фанларга оид манбалар киритилди. Зеро бизнинг коллекция барча фанларни физика, кимё, математика, тиббиёт… фармакологиядан тортиб минерологиягача ўз ичига олади. Бу китобларда ҳатто ов борасидаги билимларни ҳам ўқиш мумкин. Учинчи том – бадиий адабиёт. Унинг биринчи бўлими – шеърият, 2-бўлими – наср, учинчи қисми антологияга бағишланган. Тўртинчи китобда Исломга, фалсафага, Шарқ фалсафаси ва сўфизмга оид манбалар жамланган. Бешинчи китоб миниатюра ва каллиграфияга оид асарларни ўз ичига олади. Унда Алишер Навоийнинг бевосита иштирокида яратилган каллиграфия дурдоналари мавжуд.
Биз бу бешта китобни нашрга тайёрлаб қўйдик. Улар жамланма ҳолида чоп этилади август ойида тақдимоти ўтказилади.
– Бу китобларни мактабларга ҳам тарқатиш кўзда тутиляптими?
– Тўғри, ёшлар ҳам бу бебаҳо дурдоналар билан танишиши керак. Маълум бўлишича бу альбомлар жуда қиммат туради, аммо китоблар келгуси авлод фойдасига хизмат қилиши учун шу масаланинг ечимини ҳам ўйлаб кўриш зарур.
Дилором ЮСУПОВА, Шарқшунослик институти илмий ходими:
– Мазкур нашрлар бизнинг институтимизда сақланаётган қўлёзмалар фондининг ўзига хос рекламаси бўлади. Экспонатлар ичида жуда қадимийлари ҳам бор. Масалан, улар орасидан X асрдан тортиб XX асргача бўлган даврларга оид араб, форс, туркий тиллардаги қўлёзмаларни топиш мумкин. Улар турли муаллифлар қаламига мансуб бўлиб, хилмахил мавзуларни ўз ичига олган. Кўпи таниқли алломаларга тегишли бўлса, айримлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Мисол учун XVI-XIX асрларда Марказий Осиёда яшаб ўтган тарихий-географик асарлар муаллифлари, уларнинг орасида айниқса хоразмлик, бухоролик, хуросонлик муаллифлар кўпчиликни ташкил қилади.
Ҳозирги кунда президентимиз олимлар олдига Ўзбекистоннинг буюк тарихини акс эттириш вазифасини қўйган. Бунинг учун X-XX асрларга оид араб ва форс тилларидаги барча манбаларни ўрганиб чиқиш лозим.
Биз ёш авлодни бунга тайёрлашимиз, олий ўқув юртлари ўқитувчилари олдига жиддий вазифаларни қўйишимиз зарур. Талабаларнинг онгли, кенг салоҳиятли бўлиши учун ҳар томонлама мукаммал мактаб пойдевори бўлиши керак. Бу пойдевор нафақат мактаб дастури доирасида, балки бирмунча кенгроқ қамровда олиниши лозим. Мактаб ўқувчилари орасидан олий ўқув юртига иқтидорлилари саралаб олиниши даркор. Аниқ ва гуманитар соҳалар ўқитувчилари ҳам талабаларга сифатли билим бериш учун турли тадқиқотларга ўзини бағишлаши, ўз билимларини бойитиши талаб этилади.
Янги китоб-альбомлар тақдимоти Ўзбекистон маданий меросини асраш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III конгресси доирасида ўтказилади.
Ольга ФОЗИЛОВА, М. БЕКЖОНОВА