Эмланган болага касаллик юқмайдими?

Эмланмаган одамга касаллик юқса клиник жараён жуда оғир ўтади. Қизамиқ ва бошқа юқумли касалликлар оғир кечганда ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, ўткир юқумли касалликлар ўлимга сабаб бўлувчи омиллардан ҳисобланади. Бундай касалликларга қарши курашишнинг энг самарали йўли эмлаш ҳисобланади.

Кўпгина давлатларда эмлаш пуллик ёки бепул амалга оширилади. Ўзбекистон эса касалликларни доимий бепул эмлаш режасига киритган давлатлардан биридир. Яъни бизда режа асосида бепул амалга оширилувчи эмлаш турлари бошқа кўпгина давлатларда пулликдир.

Аҳолини эмлаш қамрови ва ёмон асоратларнинг камлиги бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида 1-ўринда туради.

Мутахассислар фикрича, эмлаш орқали касалликни юқтириш хавфини камайтириш ёки касаллик кечишини енгиллатишга эришиш мумкин. Лекин шунга қарамай, қишлоқларда ва ҳатто шаҳардаги баъзи оилаларда эмлашни зарарли, деб билувчи қарашлар мавжуд.

Эмлашдан сўнг бола талвасага тушиб қолиши мумкинми? Эмлаш айни касалликни қўзғатишга сабаб бўладими? Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вакциналар сифатсизми? Хусусий эмлаш марказлари яхшими ёки маҳаллий поликлиникалар?

Мазкур саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ўринбосари Дилором Турсунова жавоб берди.

ЭМЛАНГАН ИНСОН ЯНА КАСАЛЛИККА ЧАЛИНИШИ МУМКИНМИ?

– Ҳар бир инсоннинг иммунитет таранглиги турлича бўлиб, тажрибаларга кўра 50 нафар эмланган кишидан 4 нафарида иммунитет ҳосил бўлмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун эмланган тақдирда ҳам, баъзи одамларда касалланиш кузатилади. Аҳолида эса кўпинча, эмлаш натижа бермади, деган қарашлар пайдо бўлади. Демак бу қарашлар асосли эмас. Вакцина (эмлаш) иммунитетни кучайтиради ва асло пасайтирмайди. Эмланган тақдирда юқуми касаллик одамда енгилроқ ўтиб, реанимация ҳолатигача етиб бормайди.

ХОРИЖГА ЧИҚИШДАН АВВАЛ ЭМЛАНИШ ЗАРУРМИ?

– Турли мамлакатларда юқумли касалликларнинг бизда кузатилмайдиган турлари мавжуд. Мисол учун, “сариқ талваса” юқумли касаллиги субтропик иқлимли давлатларда бор, бизда эса учрамайди. Шунинг учун Малайзия ёки Жанубий Америка давлатларига саёҳатга кетувчиларга эмланиш тавсия этилади.

АҲОЛИ ЭМЛАНМАСА…

– 2011 йилда Ўзбекистонда қизамиқ – гул ўткир юқумли касаллигига қарши аҳолининг эмланиши маълум сабабларга кўра кечиккан. Оқибатда мамлакатда ушбу касалликка чалинганлар сони одатий меъёрдагидан ортиб кетган. Сўнг тезкор чоралар кўриб, эмланиш ташкиллаштирилган. Одатда, 33 миллион аҳолиси бор давлат учун бир йил ичида 600 минг нафарга яқин қизамиққа чалинган беморлар қайд этилиши меъёр ҳисобланади.

ҚАЧОН ЭМЛАШ ЖИДДИЙ АСОРАТГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН?

– Эмлашни махсус лицензияга эга бўлган ҳамшира амалга ошириши лозим ва ота-оналарга вакциналаш жараёнини назорат қилиш тавсия этилади. Вакцина тўғри сақланиши, муддати ўтмаган бўлиши керак.

ХУСУСИЙ ВАКЦИНАЦИЯ МАРКАЗЛАРИ ЯХШИМИ ЁКИ МАҲАЛЛИЙ ПОЛИКЛИНИКАЛАР?

– Хусусий вакцинация марказлари ва маҳаллий поликлиникалар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария эпидемиология назорати марказлари томонидан назоратга олинган бўлиб, фақатгина тегишли лицензияга эга бўлган ҳамшира ҳамда хусусий марказлар эмлашни амалга оширадилар. Уларнинг ҳар иккисига ҳам ишониш мумкин. Лекин хусусий вакцинация марказларида эмлашдан кейинги жараённи назорат қилиб борувчи патронаж хизмати мавжуд эмас. Оилавий поликлиникаларда эса эмланган бола патронаж ҳамширалари томонидан кузатиб борилади.

ҲИНДИСТОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН ВАКЦИНАЛАР СИФАТСИЗМИ?

– Дунё бўйича 13 та компания вакцина ишлаб чиқаради. Улар ичида Ҳиндистондаги компания энг йирик ва тажрибали ҳисобланади ва у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиғидан ўтган.

Япония, Россия, Италия, Германия давлатларидаги ишлаб чиқарувчилар жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиғидан ўтмаган. Шундай экан, халқ орасида тарқалган Ҳиндистоннинг вакциналари сифатсиз, деган тушунча асосли эмас.

АЛЛЕРГИЯДА ЭМЛАНМАЙДИМИ?

– Аллергияли болаларни эмлаш мумкин эмас, деган тушунча умуман нотўғри. Аллергия эмлашни тақиқловчи касаллик саналмайди.

ҚИЗАМИҚҚА ҚАРШИ ЭМЛАНМАСА НИМА БЎЛАДИ?

Айрим ота-оналар қизамиққа қарши вакцинани олиш шартми, деб савол беради. Тўғри ҳозирда қизамиқ ва бошқа касалликлар юқса ҳам енгил кечяпти. Чунки эмлаш қамрови катта бўлгани сабабли «жамоавий иммунитет» деган тушунча пайдо бўлган. Яъни атрофдагилар эмланган, аммо улар ичида битта-яримта эмланмаган бўлса уларга ҳам касаллик юқмаслиги мумкин. Лекин эмланмаган одам касаллик ўчоғига тушиб қолса ва қизамиқ юқса, унда клиник жараён жуда оғир ўтади. Қизамиқ оғир кечганда ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

ЭМЛАШДАН КЕЙИН ИСИТМА ЧИҚСА…

Иммунизация қилинган болада озроқ иситма чиқиши, эмланган жойда бироз оғриқ, шиш бўлиши табиий ҳол. Яна биринчи куни бола эмишдан воз кечиши ҳам мумкин. Аммо бу ҳолат ўтиб кетади. 38 дан паст бўлса иложи борича укол ва дори билан иситмани туширмаслик керак. Акс ҳолда мустаҳкам иммунитет сақланиб қолмайди. Лекин ҳар бир бола организми индивидуал бўлиб, айримларда 39-40 даража иссиқлик чиққанда ҳам шок кузатилмаслиги мумкин. Баъзи болаларда 37,5 да ҳам талваса тутиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳар бир оилада ҳарорат ўлчаш учун термометр бўлиши, болани эмлатгандан кейин тез-тез иситмасини ўлчаб туриш лозим. Агар кўтариладиган бўлса патронаж шифокори ёки ҳамширасига телефон қилиш талаб этилади.

НИМА УЧУН АЙТИЛГАН КУНИ БОРИШ ШАРТ?

Ҳозирда вакциналар очилгандан кейин 1 ойгача муддати сақланадиган қилиб ишлаб чиқарилмоқда. Аммо юртимизда иложи борича уни очган куни ёки кўпи билан 10 кун ичида эмлашга ҳаракат қилинади. Чунки айрим жойларда чироқ ўчиб, совиткичлар ишламай қолиши мумкин. Шу боис вакцина очиладиган куни флакон нечта болага етса шунча бола эмлаш учун поликлиникага таклиф қилинади.

Ҳозирда бизда вакциналар маиший совиткичларда сақланмоқда. Кейинги йилдан Ўзбекистонга халқаро стандартларга мос вакцина сақланадиган совиткичлар олиб келинади ва замонавий совуқлик тизимини кафолатлайдиган омборхоналар барпо этилади. Бунинг учун ЮНИСЕФ маблағ ажратган. Демак фарзандлар саломатлиги ва эмлаш асоратлари кузатилмаслиги учун айтилган куни ва айтилган соатда эмлашга олиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Анора СОДИҚОВА, Шаҳризода ОТАБОЕВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: