Куни кеча тест синовларининг илк кунида республикадаги 66 та бинода тест синовлари олиб борилди.
Тест синовларида икки сменада жами 71 минг 340 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган эди, шундан, 68 минг 736 нафари тест синовларига кирди. 2 минг 538 нафар абитуриент тест синовларига келмади.
Тест синовлари тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли 13 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида, 53 нафари бинода қоидани бузганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.
Тест синовларини ўтказишга таълим муассасаларидан 2 минг 622 нафар гуруҳ назоратчилари жалб этилиши белгиланган. Аммо уларнинг 46 нафари жараёнда иштирок этмади. Тест материаллари Тошкент шаҳрида 1-смена тугаши билан соат 11:30 дан бошлаб, Давлат фельдъегерлик хизмати томонидан махфийлиги ва дахлсизлигини таъминлаган ҳолда Давлат тест марказига 2-смена якунлангандан сўнг соат 18:30 дан кейин қайтарилиши бошланган. Етиб келган тест материаллари бўйича Давлат тест маркази томонидан дарҳол компьютер ёрдамида қайта ишлаш жараёни бошланди.
Тест жараёнларида тегишли хизматлар томонидан белгиланган тартибда жамоат ва ёнғин хавфсизлиги, тест материалларининг махфийлиги ва дахлсизлиги, бинолар фаолият тизимининг узлуксиз ишлаши, тиббий хизмат ва иншоотларни қўриқлаш тўлиқ таъминланяпти.
29 июль куни бўлиб ўтган тест синовларида 35 минг 670 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган эди. маълумотларга кўра, 945 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади, тартиб қоидаларни бузганлиги сабабли 6 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида тест синовларидан четлаштирилди.
Маълум қилишларича, тест синовларининг биринчи кунида имтиҳонга келмаган энг кўп абитуриент Тошкент шаҳрида кузатилди. Бу юқори кўрсаткич пойтахтда олий таълим муассасасининг кўплиги билан изоҳланмоқда.
Кейинги ўринларда Самарқанд вилоятида 310 нафар абитуриент, Фарғона вилоятида 241 нафар талабгор синовларга келмаган. Бинода тест жараёнидан четлатилганлар орасида ҳам Тошкент шаҳри “етакчилик” қилмоқда.
– Тестга келмаётганларнинг сабаби ҳар хил бўлиши мумкин, – дейди ДТМ бошқарма бошлиғи Барно Ражабов. – Ўйлашимизча, иккита сабаб билан абитуриентлар синовда иштирок этмаяпти. Биринчиси, ўзи умуман ўқишга хоҳиши йўқлиги сабаб келмаслиги, иккинчиси кечикиб келиши кузатиляпти. Лекин тестда қатнашмаган абитуриентлар қайта имтиҳон топширади, деган гапга ўрин йўқ. Бу қонун ҳужжатларида ҳам белгиланмаган. Келмаганларнинг нима учун келмагани ҳам ўрганилмайди.
Барно Усмон қизи.