Қадимий Бухоро улуғ алломалар ва муқаддас қадамжолар юрти. Шулардан бири ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳи бўлиб, у ер ҳамиша зиёратчилар билан гавжум бўлади. Мен ҳам ислом оламидаги машҳур нақшбандия тариқати асосчиси, улуғ пирларимиздан бири бўлган юртдошимиз қадамжоларини тавоф этиш мақсадида у ерга йўл олдим. Муборак жумъа куни бўлгани учунми бу ерда зиёратчилар жуда кўп эди. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган ҳар хил миллат кишиларининг буюк алломамизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, қадамжони зиёрат қилаётганларини кўриб, қалбим шундай мўътабар алломаларимиз бўлганлигидан фахр ва ифтихорга тўлди.
Зиёратгоҳ ҳам йилдан йилга ободонлашиб, янада пурвиқор бўлиб бораётганлиги кишининг кўзини қувонтиради. Қуръон ўқилиб, ҳазрат Баҳовуддин ва у кишининг волидалари, авлод- аждодлари руҳонатларига бағишлангандан сўнг зиёратчилар айвон шоҳсупасига яхши ниятларда келтирилган бўғирсоқлардан тановул қилиб, атрофдаги мевазор боғларни томоша қиладилар.
Шуниси ҳайратланарлики бу ердаги файз-бараканинг ҳаддан зиёдалигига киши қойил қолади. Тинмай хайр-эҳсон оқими давом этади. Бу тинимсиз оқим келаётган зиёратчиларнинг барчасига етади. У ердан қайтаётган барча зиёратчиларнинг қўлида бўғирсоқ кўрасиз. Кимдир эзгу ният қилиб, келтиради. Кимдир яхши ниятларимга етай, деб олиб, ихлос билан тановул қилади.
Ўша куни мен кириб бораётганимда йўл бўйи сомса еб қайтаётган зиёратчиларни кўрдим. Айвон тагида, қуръон тиловат қилиб турган мулла ўтирган сўрида икки тоғора бўғирсоқ ва яшикда қат-қат сомса бор эди.
-Бу сомсаларни олиб қўй, – деб буюрди мулла ёш йигитга Қуръон тиловат қилиб бўлгач. – Тушликда иш-
чилар ейишади.
Сомса келтирган аёл ҳам ҳали шу ерда экан. Шартта орқасига ўгирилиб деди. – Нега олиб қўй, деяпсиз?! Мен зиёратчилар учун атайлаб пишириб келганман. Қўйинг, ҳаммасини ейишсин.
Мулла хижолат бўлиб қолди. Мен ҳам қизиқ ҳолатга тушдим. Айб кимдан ўтди? Эҳсон қилиб келган жувон хайр қиляптими, унга сомсасини ким егани барибир эмасми? Кўпчилик ичида муллани изза қилиши яхши бўлмади. Ахир изойи мўмин ҳаром, дейишади-ку. Хайр-эҳсон қилаётиб, кимнингдир кўнглини ўша таомга интиқ қилиш ҳам тўғри эмас.
Домла ҳам хато ўтди, у ҳамманинг олдида бу гапни айтмаслиги керак эди. Чунки Оллоҳ ҳар бир банданинг ризқини ўзи беради. Ҳали тушгача анча бор эди. Эҳтимол Яратган унинг тушлиги учун бундан ҳам яхшироқ таомларни эҳсон этар… Ахир бутун оламдаги жонзоднинг ризқини ўзи етказиб туради-ку. Наҳотки шундай улуғ даргоҳда ўтирган домла бу гапни билмаса…
Хуллас зиёратгоҳдан ана шундай ўйлар билан қайтдим. Бу эҳтимол кимларнинг назарида майда гап бўлиб туюлиши мумкин. Аммо менимча хайр-эҳсон қиладиган одам ҳамманинг кўнглини қувонтириши керак. Муқаддас қадамжоларда ўтирган домлалар ҳам атрофларидаги минглаб зиёратчилар олдида ҳақиқий мўмин-мусулмон қандай бўлиши кераклигини шахсий ибрат қилиб кўрсатиб, ўз обрў–иззатларини сақлай билишлари лозим деб ўйлайман.
Маҳбуба ХОЛОВА