Вакцина – юқумли касалликлардан ишончли ҳимоя

Жорий йилдан бошлаб барча ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди.

1796 йилнинг май ойида, нафақат тиббиётда балки барча биологик фанлар йўналишида оламшумул жараён кашф этилди. Инглиз тиббиёт ходими Эдуард Женнер врачлар комиссиясига ўзини таништириб, уларга 8 ёшлик болани кўрсатди ва унинг қўл териси остига сигир қора чечаги касаллигига чалинган аёл қўлларидан олинган суюқликдан юборди. Бир неча кундан кейин боланинг қўлида унча катта бўлмаган яра пайдо бўлди, ҳарорати ошди ва танаси қалтирай бошлади. Бир қанча вақт ўтиб, яра қуриб тушди ва қўлда унча катта бўлмаган чандиқ пайдо бўлди. Бола бутунлай тузалиб кетди.

Бир ойдан кейин Женнер янада хавфни юзага келтириди. У болани териси тагига табиий қора чечак ҳисобланган, қўрқинчли касаллик йирингидан юборди. Бундай ҳолатда инсон оғир касалликдан ўлиши лозим эди. Боланинг териси бир қанча пуфакчилар билан ўралди, аммо омон қолди. Женнернинг буюк кашфиёти болани касалликка чалинишига йўл қўймади. Женнер шундай йўл тутди-ки, бу турдаги қандай касаллик тарқалмасин унинг мижозига таъсир қилмаслиги аниқ эди. Буюк кашфиётчининг ишончи оқланди. Бола касалланмади. Юқумли касаликларни ўзига яқинлаштирмаслик бўйича юзага келган бундай ҳолат “иммунитет” (инглиз тилидан юқтирмаслик) дея ном олди.

Сигир чечаги каби табиий қўзғатувчи, ҳаттоки табиий қора чечак ўша вақтда ҳаттоки маълум эмас эди, бундан ташқари, Женнер томонидан таклиф этилган қора чечакка қарши эмланиш услуби вакцинация (лотин тилидан олинган бўлиб, vaccus-сигир) дея ном олди ва жуда тез тарқалиб кетди. Шундай қилиб, Лондонда 1800 йилда 16 минг аҳоли, 1801 йилда эса 60 минг аҳоли вакцинация қилинди.

Бу вакцинация тарихига оид маълумот эди.

***

Бугун профилактика юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишини олдини олишдан огоҳ этувчи энг самарали чора-тадбирлардан ҳисобланади. Махсус профилактика (вакцинация)- бу аҳоли ўзига профилактик эмланиш йўли билан у ёки бу инфекцияга нисбатан қаршилик кўрсатиш ҳисобланади. Охирги 40 йилда профилактик эмланиш қизамиқ, дифтерия, кўк йўтал, полиомиелит, эпидемик паротит, “В” вирус гипатети, қизилча, туберкулёз, грипп, эпидемик паротит ва қоқшол каби юқумли касалликлар билан курашишда муҳим аҳамият касб этди.

Эмлашнинг афзалликлари

Вакцинация — болаларни юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи энг яхши восита ҳисобланади. Айрим ҳолларда эса ота-оналарнинг вакцинациядан кейинги асорати орқали келиб чиққан нотўғри қарашлари учраб туради. Бу тиббий билимнинг саёзлиги натижасидир.   Шифокорларнинг таъкидлашича, янги туғилган болаларда иммунитет тизими ривожланган бўлади  ва у гўдакларни туғилган вақтидан бошлаб атрофини ўраб турган ва шахсан иммунитет шарофати билан кучи ета оладиган  бактериялардан  ҳимоя қилади. Лекин ҳаммасидан эмас. Эмланишнинг фойдали жиҳати,  табиий иммунитетимизнинг қаршилик қилишга кучи етмайдиган касалликларга қарши самарали ҳимояни ишлаб чиқаришда кўмаклашади. Болалар ҳаётининг биринчи икки йилида оладиган эмлашлари улар соғлигининг кафолатидир. Эмлаш иммунитет тизимини  кучсизлантирмайди, аксинча, оширади.

Албатта бошқа дори-дармонлардек вакцинанинг ҳам ўзига хос қўшимча таъсирлари мавжуд. Аммо эмланмаган бола юқумли касалликларни юқтиргандан кўра, эмланиш асоратидан жабр кўрган боланинг ҳолати хавфсизроқ ҳисобланади.

Ўзбекистонда юқумли касалликларнинг бир қанча турларига қарши бепул эмланади. Аҳолини эмлаш қамрови ва ёмон асоратларнинг камлиги бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида 1-ўринда туради.

— Эмлашдан кейинги ножўя таъсирлар эмлаш натижасида эмас, организмдаги мавжуд бошқа касалликлар туфайли кузатилади,  — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ўринбосари Дилором Турсунова. — Профилактик эмлаш учун болаларни танлаб олишда, биринчи навбатда, эмланаётган боланинг умумий аҳволи, ота-оналарини сўроқлаш, олдинги эмлашларда таъсирланишлар бўлганми, йўқми ҳаммасини ҳисобга олиш лозим. Эмлашни махсус лицензияга эга бўлган ҳамшира амалга ошириши, ота-оналар эса  вакциналаш жараёнини назорат қилиши керак.  Вакцина тўғри сақланиши, муддати ўтмаган бўлиши шарт. Қолаверса, бола шифокор назоратидан ўтган, унда бошқа касалликлар кузатилмаган ҳолда эмлашга рухсат этилади.

Эмлашдан кейинги 24 соат ичида, боланинг вакцина қуйилган жойида қизариш, шишиш, оғриш пайдо бўлиши мумкин. Юқори тана ҳарорати, ўнғайсизлик холати, ўзини ёмон сезиш, иштаҳанинг пасайиши,  беҳаловат уйқу, йиғлоқилик, инжиқлик  холатлари истисно қилинмаган. Бундай таъсирланишларнинг давомийлиги  уч кундан ошмайди. Шу жараёнда юқумли касалликка нисбатан иммунитет шаклланади.

Вакцина қай ҳолатда сақланади, деган савол туғилиши табиий.

— Иммунопрофилактикада совуқлик занжири деган тизим бор, — дейди  Дилором Турсунова. — Вакцина ишлаб чиқарилган муассасадан то вакцинани қабул қилувчи шахсгача бўлган оралиқда совуқлик тартибига риоя этади. Уни ташиш, сақлаш, ҳудудий бўлимларга етказишгача бўладими бу жараёнга алоҳида эътибор қаратилиб, совуқлик занжири асосида ишланади. Биздаги электр энергиясининг узилишларини ҳисобга олиб, олаётган совиткичларимиз чироқ ўчганидан кейин ҳам 24 соат керакли ҳолатни таъминлаб туради. Ҳатто ўзига керакли энергияни сақлаб олади ва узилишлар жараёнида шуни сарфлайди. Кейинги йилдан Ўзбекистонга халқаро стандартларга мос вакцина сақланадиган совиткичлар олиб келинади ва замонавий совуқлик тизимини кафолатлайдиган омборхоналар барпо этилади. Бунинг учун ЮНИСЕФ маблағ ажратган.

Таъкидлаш жоизки, дунё бўйича 13 та компания вакцина ишлаб чиқаради, улар ичида Ҳиндистондаги компания энг йирик ва тажрибали ҳисобланади. У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиғидан ўтган. Шу боис, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вакциналарга ишончсизлик асоссиз.

Жорий йилдан бошлаб барча ўсмир қизларни папиллома вирусига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш йўлга қўйилади. Эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди.

Иммунизация вакцина ёрдамида бартараф этилиши мумкин бўлган касалликлардан болаларни ҳимоялайди. Турли нохуш касалликларнинг инсон ҳаётига хавф солишини олдини олади.

  Рисолат МАДИЕВА, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: