Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташаббуси билан мамлакатимизнинг 100 нафарга яқин ёш олимлари Беларусь Республикасида илмий амалиёт ўтамоқдалар. Улар орасида 30 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проекторлари, илмий-тадқиқот муассасаларининг директор ўринбосарлари ҳам бор.
Амалиётчиларнинг 29 нафари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларидан танлов асосида саралаб олинган ёш олимлар бўлиб, улар Беларусь Миллий Фанлар академиясининг 16 та нуфузли илмий-тадқиқот институтларининг илғор лабораторияларида аниқ, табиий ва гуманитар фан соҳалари бўйича ўзларининг илмий тажрибаларини оширмоқдалар. Бу ёш олимлар орасида фан докторлари, фан номзодлари, илмий ходимлар ва таянч докторантлар ҳам бор.
ЎзР ФА Биоорганик кимё институтидан келган 5 нафар ёш олим Беларусь Миллий Фанлар академияси Биоорганик кимё институтининг Оқсил инженерияси, Тадқиқотнинг физик-кимёвий усуллари, Молекуляр диагностика ва биотехнология, Токсикология лабораторияларида кимё, биология ва фармакологиянинг замонавий усулларини ўзлаштирмоқдалар.
Маълумки, оқсилларнинг биологик ва кимёвий ўзига хосликлари орқали ҳозирги кунда янги авлод дори воситаларини яратиш бутун дунё олимлари эътиборини жалб қилиб келаётган йўналишлардандир. Оқсил ва пептид табиатли дори препаратларининг самарадорлиги, кичик дозаларда эффектив таъсирга эгалиги ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсири камлиги ҳисобга олинса, оқсил табиатли биофаол органик бирикмалардан фармацевтик ишлаб чиқаришда ва тиббиётда дори воситалари ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Юртимизда бу соҳани ривожлантириш учун оқсил табиатли биологик фаол бирикмаларнинг тузилиши ва физик-кимёвий хоссаларини замонавий усуллар орқали чуқур тадқиқ қилиш, протеомика усулларини батафсил ўрганиш талаб этилади.
Биоорганик кимё институти ёш олимлари Беларусь миллий Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтидаги стажировка давомида ушбу масалаларнинг амалий ечимини топишга астойдил бел боғлаганлар. Улар Ўзбекистон Республикасининг илм-фани ривожига ва қолаверса, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун бор билим ва маҳоратларини ишга соладилар.
Санжар ШЕРИМБЕТОВ, ЎзР ФА Биоорганик кимё институти етакчи илмий ходими, биология фанлари доктори
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли