Замона ривожлангани сари саломатлик учун зарарли омиллар ҳам авж олмоқда. Энг ёмони иммунитет ташқи ва ички «душманлар»дан тўлиқ ҳимояланмаган. Қуйида иммунитетга зиён етказувчи омилларни санаб ўтамиз. Уларни эслаб қолинг ва эҳтиёт бўлинг!
Вирус ва инфекциялар
Касаллик ҳужумга ўтганда бизнинг ички ҳимоямиз бўлган иммунитет унга бор кучи билан қарши чиқади. Лекин кутилмаганда кетма-кет юқумли патоген омиллар ҳамла қилаверса иммун тизими ҳолдан тойиб қолиши мумкин. Албатта, Инфекциялар қуршовида қолган ҳимоя тизими узоқ қаршилик қилолмайди. Шунинг учун барча вирусли ва инфекцион хасталиклардан сақланинг.
Жисмоний зўриқишлар
Жисмоний машғулотларнинг фойдаси борасида гап бўлиши мумкин эмас. Лекин меъёр ҳақида унутмаслик лозим. Ҳар доим тана имкониятлари билан ҳисоблашиш керак. Оғир меҳнат, ортиқча жисмоний зўриқиш иммун тўқималарини “чарчатиб” қўйиши мумкин.
Сифатсиз овқатланиш
Ҳаддан ташқари тўйиб овқатланиш, фаст-фудларга мойил бўлиш ёки очлик парҳезларига ружу қўйиш ҳам зарарли. Организм мунтазам равишда озиқ-моддаларга эҳтиёж сезса, ҳимоя тўқималарининг фаолияти издан чиқади. Овқат ҳазм қилиш, сийдик ҳайдаш, нафас олиш органларини қоплаган шиллиқ қаватларда жойлашган иммун тўқималари биринчи навбатда зарар кўради. Шунинг учун ҳам таомнома фойдали озуқалар, витамин ва микроэлементлар билан бой бўлиши лозим.
Стресслар
Сурункали равишда стрессларга дучор бўлиш организмда стресс гормонлари ҳисобланган глюкокортикостероидларнинг ортиб кетишига олиб келади. Бундай ҳолатда иммун тизими ҳам заифлашади. Стресс исканжасида иммунитет ўз вазифасини тўлиқ бажара олмай қолади. Бунда зиқлик, диққатсизлик, асабийлик, сурункали чарчоқ тинимсиз азият бера бошлайди. Натижада одам турли касалликларга тез чалинади. Стресс ва депрессия иммунитетни нобуд қилиб, энг хавфли саратон касалликларига ҳам йўл очиши мумкин. Тўғри, умуман стресссиз яшашнинг имкони йўқ. Бироқ асаббузарликлардан сақланишнинг имкони бор. Бу имкон – тоза ҳаво, тўғри овқатланиш ва спорт билан дўстлашишдир.
Зарарли одатлар
Ичкиликка ва кашандаликка берилган кимсаларнинг иммун тизими бир неча йилда адойи тамом бўлади. Шунинг учун ҳам уларда жиддий касалликлар тез ривожланади ва сўнгги босқичларда аниқланади.
Дорилар
Нотўғри танланган ва мутахассис кўрсатмасисиз қабул қилинган дори воситалари иммунитет фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун дори сотиб олишда ўзбошимчалик қилиш ёхуд дуч келган “ақлли” танишларнинг гапига кириш ярамайди.
Ортиқча қилограммлар
Семизликнинг саломатликка зарари ҳақида қанча кўп гапирсак ҳам чарчамаймиз. Негаки бу иллат –саломатликнинг асл душмани. Ортиқча килограммлар нафақат ташқи кўринишингизга путур етказади, балки бор аъзо ва тизимларингизни издан чиқаради. Чунки ёғ тўқималарида яллиғланиш жараёнини қўзғатувчи адипокин моддалари кўп миқдорда ишлаб чиқарилади.
Аллергенлар
Аллергия — иммун тизимида бузилишлар рўй бераётганининг энг бирламчи ва ёрқин мисолидир. Содда қилиб айтганда, соғлом организм аллергенлар билан жимгина, аллергияга мойиллар эса “шовқинли” тарзда курашади. Аллергенларга биринчи навбатда иммун тўқималари энг заиф бўлган аъзо жавоб қайтаради. Шу сабабдан бутун тана иммунитетини кўтариш билан чекланиб қолмасдан, ҳудудий иммунитетни чиниқтириш ҳам жуда муҳим. Бунда турли аъоларда қон айланишини яхшиловчи машқлар, контраст душ ва массаж кабилар ёрдам беради.
Гулшан тайёрлади.