Ана шу янгича мактаблар ҳақида аҳолимизга кенг маълумот бериш, бундай оила мактаблари иш самарасини тарғибот қилиш мақсадида марказий нашрлар, етакчи электрон, теле-радио каналларнинг бир гуруҳ журналистлари ҳамда таниқли блогерлар учун Навоий, Бухоро вилоятларига пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчиларни Навоий шаҳри аэропортида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамда Навоий шаҳар ҳокимлиги вакиллари кутиб олишди. Сўнг ОАВ ходимлари “Ёшлар маркази”даги “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” билан танишишди.
Мазкур мактабларда турмуш қуриш учун ФҲДЁга ариза берган ёшлар – бўлажак келин ва куёвлар ўқитилади. Ўқиш соатлари 3 кунда 18 соатлик дарслардан иборат бўлиб, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга оилавий ҳаёт психологияси, оила бюджети ва иқтисоди, диний ва аҳлоқий тарбия, репродуктив саломатлик, оилада ҳуқуқий муносабатлар, муомала маданияти каби фанлардан сабоқ берилади. Бундан ташқари йигит ва қизлар алоҳида гуруҳга бўлиниб, интим муносабатлар, репродуктив ҳаёт дарслари олиб борилади. Уларда бўлғуси келин-куёвга ҳатто ота-оналар ҳам айтиб бера олмайдиган оила сир-асрорлари бўйича тушунчалар берилади. Ёшлар малакали психологлар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар ва тиббиёт ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишади. Мутахассислар ва оила инновацион мактаби илк битирувчиларининг таъкидлашича оила ришталарини мустаҳкамлашда, турмуш қурган жуфтликлар ҳаётида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларга одилона ечим топишида бундай ўқув машғулотларининг аҳамияти катт
Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» лойиҳаси доирасида «Оила» маркази ва Инха университети ходимлари ҳамкорлигида яратилган «Ўсмир қизларни мустақил ҳаётга, турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган «Оила сабоқлари» деб номланган мобил илова ишга туширилган. Унда ёш келин-куёвлар учун оилавий ҳаётда керак бўладиган маслаҳатлар ўрин олган. Бу иловани «плей маркетдан» юклаб олиб бемалол фойдаланиш мумкин.
Шунингдек ёшларга «Мустаҳкам оилага йўлланма» номли энциклопедик ён дафтарча ҳам тақдим этилади. Уларда буюк алломаларимиз, таниқли ижодкорларимизнинг оилапарварлик, фарзандлик, келин-куёвлик, қайнона-қайноталикнинг муқаддас бурчларини англатишга, оилавий мустаҳкам ришталарни боғлашга ва ёшларимизнинг диний-ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи ибратли сўзлари, ривоят ва ҳикоятлар жамланган.
Инновацион мактаблар лойиҳаси илк бор 2018 йилнинг август ойида пилот лойиҳа сифатида Паркент тумани ФҲДЁ қошида ташкил қилинган бўлиб, бундай таълим амалиётда яхши натижалар беради, деган хулосага келинди.
Мана бир неча ой бўлдики бундай ўқув жараёни барча ҳудудларда жорий этилган. Жумладан Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳам шундай мактаблар иш олиб бормоқда. Уларда ўқиётган бўлажак келин-куёвлар бошида 3 кунлик ўқишга ўз вақтини қизғангани, кейинчалик машғулот жараёнларида уларда қизиқиш уйғонгани ва мутахассислардан ўзлари билмаган кўп маълумотларга эга бўлишганини, ўқишга қатнашганидан афсус қилмаслигини таъкидлашди. Ёш келин-куёвлар ва уларнинг ота-оналари инновацион мактабни ташкил этган Оила маркази ва ўқитган устозларига миннатдорчилик билдиришди. Ёшларнинг кўпчилиги айниқса психологлар, ҳуқуқшунослар олиб борган тренинглар, дин ва оила мавзусидаги ҳамда аҳлоқ-одоб, бола тарбиясига бағишланган дарслар жуда қизиқарли ўтганини айтди.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳфуза Ҳамроева ўз тақдимотида журналистларни лойиҳанинг мазмун-моҳияти, ундан кўзда тутилган мақсадлар, олиб борилган пилот амалиётларнинг самараси ҳақида сўзлаб берди.
Маълумот учун: Ҳозирда республиканинг вилоят ва туман марказларида 137 та инновацион мактаб фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фаолиятига 400дан зиёд мутахасислар жалб этилиб, ҳозирга қадар 18 мингга яқин жуфтлик ёки қарийб 36 минг нафар бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди. Таълим олган жуфтликлар орасида низолар ва ажрашиш ҳолатлари жуда кам кузатилди.
Журналист ва блогерлар Навоий вилоятидаги инновацион мактаблар битирувчиларига сертификат топшириш маросимида иштирок этишди. Пресс-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Бухоро вилоятидаги инновацион оила мактабларидаги ўқитиш жараёни билан танишиш учун жўнаб кетишди. У ердаги янгиликлар, ёшларни оилага тайёрлашнинг янгича ечимлари, уларнинг бориши ва самараси, лойиҳанинг аҳамияти борасидаги фикр-мулоҳазалар, таклифлар билан навбатдаги мақоладамизда таништирамиз.
Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Навоий