Уруш… кўчаларда ўқдай учган сўз. Бу қандайин даҳшатли сўзки ҳанузгача номини тилга олганимизда баданимиз жимирлаб кетади. Қанчадан-қанча бегуноҳ юртдошларимизнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши хотираларда ҳанузгача муҳрланиб қолган. Устоз шоиримиз Ахтамқули бир шеърида:
Бобом йиғлаб-йиғлаб кузатди,
Икки ўғлин топмади роҳат.
Абдураҳмон, Сулаймон бўлиб,
Жангдан қайтди бир жуфт қарохат…
дея ёзади. Ҳа, уруш миллионлаб хонадонларга мотам ёғдиргани рост. Қанчадан қанча болалар ота-онасиз қолди. Муштипар мунис аёллар бева қолдилар, не-не алпқомат йигитларимиз жонларини жабборга беришди. Устоз шоиримиз Абдулла Орипов:
Йигитлар мактубин битганда қондан,
Келинлар фироқдан чекканда оҳу.
Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,
Ўн етти ёшида бева қолди у…
каби маҳзун сатрлар бежиз битилмаган. Жангдан қўлсиз оёқсиз, кўзи ожиз қайтганлар сони қанча эди.
Меҳнат ва машаққатнинг рохати
Хотира муқаддас, уни қадрлаш шарафли бурч. Менинг бобом Сулаймон Бобоев Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги мактабларнинг бирида ўқитувчи бўлган. У айни навқирон йигитлик чоғида 1942 йил Иккинчи жаҳон урушига жўнайди. Урушнинг энг оғир дамларини бошидан кечириб, душман ўқига учиб, юрт тупроғи учун қурбон бўлган.
Унинг таббаррук хоки ёт юртларга қолиб кетганди. Бу ҳақда Қиммат бувимга келган қора хат, унинг исму жонини қалтиратганди. Отам ёшлигидан етим бўлиб қолади. У киши бир умр ота меҳрига зор бўлиб ўтди. Отасизлик азобида оғир ва машшақатли кунларни бошидан кечирди. Ёш бўлишига қарамасдан фронт орқасидан тинимсиз меҳнат қилди. Колхозлаштириш даврида омочни қўшга қўшиб ер ҳайдади. Пахта экиб, кечаю кундуз далалар бағрида елиб югурди. У киши оғир меҳнатда суяги қотган фронторти мехнат фахрийси эди. Отам ўша аянчли кунларни эслаганида албатта кўзларида ёш оларди. Раҳматли отам билан суҳбатлашганимда, «Уруш йилларидаги очарчиликдан қозонимиз қайнамасди. Онам раҳматлик қорнимизни тўйдириш учун елиб югурар, бир бурда нон топган кунимиз уйимизда байрам бўларди. Кўпчилик болаларнинг очликдан силласи қуриб, жон берганларини кўрганмиз». дея эсларди.
Урушнинг оғир ва машшақатли кунларини бошидан кечирган отам ёшларга бирдай насиҳат қилар эди. – Болаларим, биз кўрган азоб — уқубатларни, сизлар асло кўрманглар. Илоҳо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Отамнинг ўксик дуоларини кўп бора эшитганман…
Мустақиллик шарофати туфайли иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишда ҳисса қўшган уруш қатнашчилари, фронт орти меҳнат фахрийларига ҳурмат кўрсатиш, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлашдек, хайрли ишларни амалга ошириш анъанага айланди. Отам ҳам “Ғалабанинг 70 йиллиги” ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. Бу эса юртимизда инсон қадри, тинчлик тушунчалари ўз ўрнини топганидан далолат беради. Отамнинг юзларидан нур ёғилиб турарди, меҳнат қилиб тиниб-тинчимас эдилар. Улар ўзининг ҳалол меҳнати ва камтарлиги , ширинсўзлиги, доно раҳбарлиги билан эл-юрт меҳрини қозонганди. Отам оддий чўпонликдан академик даражасигача кўтарилди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор” , Ўзбекистон академиясининг фахрий академиги эдилар. Ҳалол меҳнат қилган инсон элда эъзозланади ва қадрланади.
Истиқлол туфайли хотира ва қадрлаш деган олийжаноб тушунча асл моҳиятини топди. Мана 76 йилдирки, 9 – май хотира ва қадрлаш куни этиб нишонланади.
Бугун марҳум отамнинг суратига боқар эканман, унинг кўксидаги медалларини кўриб, улар менга гўёки масрур жаранглаб, тинчлик куйини чалаётгандек туйилди. Тинчлик-улуғ неъмат эканлигини англаб қалбимда яна бир бор шукроналик ҳиссини туйдим. Биз ёшлар аждодлар хотирасини чирқиратган ўша мавҳум кунларни унутмаслигимиз, дориломон кунларда тинч фаровон ҳаёт қадрига етиб, умримиз зийнати бўлган қадриятларимизни қадрлаб яшамоғимиз даркор.
Умида СУЛАЙМОНОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Ҳарбий журналистика йуналиши 2- босқич талабаси.