Республикамизда энг кенг тарқалган касалликлардан бири гижжа касалликлари ҳисобланади.
Ҳар йили 200 мингдан ортиқ беморлар лаборатория йўли билан аниқланади. Шулардан 90 фоизини болалар ташкил қилади. Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларни ичак гельминтозлари (асосан энтеробиоз, гименолепидоз, аскаридоз, трихоцефалёз) билан зарарланиш кўрсаткичи 97-99 фоизни ташкил этади.
Гельминтозлар одамнинг амалда ҳамма органлари ва тўқималарини зарарлаши мумкин. Лекин кўп ҳолларда ичак, ўпка ва жигар тўқималарини зарарлантиради. Гельминтлар организмда сенсибилизация қўзғатиб, кейин аллергик реакцияларни ривожлантиради, киши органлари ва тўқималарини механик шикастлантиради ва уларнинг фаолиятини бузади. Улар озиқ-овқат моддалари, витаминлар ва минерал моддаларнинг сўрилишини ёмонлаштиради, камқонликни ривожланишига сабаб бўлади, юқумли касалликларнинг кечишини оғирлаштиради ва уларга қарши эмлашнинг самарадорлигини пасайтиради.
Гижжалар болаларнинг жисмоний ривожланишини сусайтиради, иш қобилияти ва ақлий фаолиятига таъсир қилиши исботланган.
Гельминтозлар билан касалланиш даражасини юқорилигини асосий сабаби аҳолининг тиббий маданиятини етарли эмаслиги, ижтимоий-маиший шароитларини (тоза ичимлик суви билан таъминланиши, санитария талабига жавоб берадиган ҳожатхоналар) талаб даражасида эмаслиги ҳисобланади.
Гижжа касалликларининг олдини олишнинг асосий йўли бу даврий равишда гижжаларга қарши препаратлари билан даволаш ишларини олиб бориш. Бу тадбир ўз навбатида болалар ўртасида касалланишни камайишига олиб келади. Дегельминтизация тадбирлари инсон саломатлигини мустаҳкамлайди ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилайди.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) болалар соғлигини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат моддаларини организмда сўрилишини яхшилаш мақсадида оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказилишини таклиф этади. Болаларни гижжа касаллиги билан зарарланиш даражаси 20 фоиздан юқори бўлган уюшган жамоаларда барча болаларни 100 фоиз бир марта, 50 фоиздан юқори бўлганда эса 2 марта дегельминтизация қилиниши лозимлиги ЖССТ томонидан таклиф этилган. ЖССТ томонидан оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказиш учун гижжаларга қарши дори воситалари билан таъминлаб келмоқда.
Инна ТЁ,
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати инфекцион ва паразитар касалликлар бўлими бош мутахассиси