Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида 2-10 ёшдаги болаларнинг соғлигини яхшилаш ҳамда республикада ўрта таълим муассасаларидаги болалар ўртасида ичак гельминтози билан касалланишни камайтириш мақсадида жорий йилнинг 19-24 апрель кунлари 2-10 ёшдаги болаларга ҳамда зарарланиши юқори бўлган мактабларда 15 ёшгача бўлган мактаб ўқувчиларга Альбендозол 400 мг, 2-10 ёшдаги болаларга Мебендазол 500 мг дори воситасини тарқатиш орқали оммавий дегельминтизациянинг 1-турини ўтказиш режалаштирилган. Дегельминтизациянинг 2-турини эса 2021 йилнинг куз ойларида ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Оммавий дегельминтизация тадбирлари ЖССТ, «AmeriCares» Халқаро ташкилоти орқали “Соғлом авлод учун” Халқаро нодавлат хайрия жамғармаси ҳомийлигида ўтказилади. Оммавий дегельминтизация тадбирларига тиббиёт ходимлари билан бир қаторда умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларининг масъул ходимлари ҳам жалб этилади.
Дегельминтизация тадбирларини самарадорлиги аниқлаш мақсадида касалланиш даражаси юқори бўлган мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари танлов асосида тадбирни ўтказилишидан олдин ва кейин ўтказилади.
Олдинги йилларда ўтказилган дегельминтизация тадбирларини натижаси шуни кўрсатдики, даволаш ишлари ўтказилгандан сўнг болалар ўртасида касалланиш даражаси 3-4 мартага камайишига эришилди.
Оммавий дегельминтизация тадбирларини ўтказилиши гижжа касаллиги билан касалланиш даражаси, уни тарқалишини камайиши ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борилиши касалликни қайта юқишининг олдини олади.
Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказилиши болалар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда уларни жисмонан бақувват ва ақлан етук бўлиб ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Инна ТЁ,
Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати инфекцион ва паразитар касалликлар бўлими бош мутахассиси